Янгиликлар

Вазир ўринбосари Венгрия университети ректорини қабул қилди

2021 йил 11 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова Венгриянинг Обуда университети ректори Левенте Ковач билан учрашди.

Учрашув доирасида томонлар илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Венгриянинг «илмий парк»лар ташкил этиш тажрибаси ҳамда илм-фан, таълим ва саноатнинг интеграциялашув тизими ўзбек томонида катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга, Л.Ковач Инновацион ривожланиш вазирлиги вакилларини Университетга таклиф қилиб, ўзаро фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашиш борасида муҳокама ва тадбирлар ўтказишни таклиф қилди.

Обуда университети Венгриянинг энг йирик университетларидан бири бўлиб, ундан 13000 нафарга яқин талаба таҳсил олади. Университетни муваффақиятли якунлаган битирувчилар халқаро даражада тан олинадиган дипломлар оладилар. Университет ўқитувчиларининг 40 фоиздан кўпи илмий унвонга эга малакали педагоглардир.