Янгиликлар

Узумчилик кластери - миллий қадриятларимиз тикланишидан то катта самарадорлик инновацияларигача бўлган тарихий қадам

Узумчилик халқимизнинг қадимий анъанаси сифатида жуда қадимдан бери яшаб келади. Тарихий манбаларда бу борада кўплаб маълумотлар бор. Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино асарларида унинг шифобахш хусусиятлари ҳақида сўз борса, Хитойнинг милоддан аввалги II-I асрларга мансуб «Шижи» солномасида ҳудудларимизда яшаган аждодларимиз узумчилик билан шуғулланиши, ҳар бир хонадонда узум етиштирилиши, унинг шарбати ва шинниси турли ҳажмдаги хумларда қишга сақлаб қўйилиши ҳақида қизиқарли ҳикоя қилинади.

Давлатимиз раҳбарининг узумчиликка бағишланган йиғилишдаги “Аввало бир масалани тушуниб олишмиз керак. Узумчилик бу – халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи ҳисобланади, қолаверса, урф-одатларимиз билан бевосита боғланиб кетган” деган сўзлари шундай олис даврларга бориб тақалади.

Юртимизда бу мўъжиза меванинг хусусиятларини билмайдиган кишининг ўзи йўқ. У бадиий ва халқ оғзаки ижодимиздан ҳам мустаҳкам ўрин олган.

Илм-фан тараққий этган бугунги кунимизга келиб дунёда замонавий узумчилик ва виночилик саноати ҳам мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Президентимиз келтириб ўтган маълумотларга ва соҳа ривожи борасида берган кўрсатмаларига диққат қилсак, ушбу соҳани замонавийлаштириш ва инновацияларни жорий қилишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бугун қўлланилаётган узум навларидан то уларни парваришлаш, йиғиштириб олиш ва қайта ишлаш технологияларигача тубдан янгилаш бир тараф, соҳа равнақи борасида муносабат ва тушунчаларимизни қайта кўриб чиқиш яна бир тараф бўлса, тармоқни бугунги кун талабларига мос ҳолда янги босқичга кўтариш муҳим зарурат бўлиб қолмоқда.

Дарҳақиқат, дунёда мавжуд ҳосилдор ва тезпишар узум навлари селекцияси ишлари шиддат билан олиб борилмоқда. Дунё узумшунослик фани генетика ва селекция фанлари билан ҳамкорликда бу ажойиб неъматнинг турли иқлимларга мослаштирилган, касалликларга чидамли ўнлаб янги навларини тақдим қилган.

Масалага илм-фан нуқтаи назаридан қарасак, бутун дунё узумшунослик реестридан ўрин олган навларнинг барчаси худди инсон «бармоқ излари» каби ўзининг генлар тўпламларига эгаки, унга таяниб ҳар бир навнинг “ДНК баркодлаш«да ёки уларнинг “генетик паспорт"ларини яратишда фойдаланилмоқда. Деярли барча таниқли навларнинг ДНК баркодлари яратилган бўлиб, дунё маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказиш тизими мавжуд. Шу сабабли бизнинг миллий бойлигимиз бўлган маҳаллий ва қадимий ток навларимизнинг ҳамда хориждан келтирилаётган навларнинг иқлимга мослиги, олдимизга қўйган мақсадларимизга қай даражада жавоб бериши билан бирга, ҳар бир ток турининг интеллектуал мулк деб ҳисобланишига ҳам эътибор қаратиш ҳамда ўз вақтида улардан фойдаланиш тартибларини инобатга олиш зарур бўлади. Бу ўз-навбатида нафақат ўзимизни навларимизни ҳимоя қилишда, балки хорижий навлардан боғ-роғ яратиб жаҳон бозорига тортиқ қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан узумчилик соҳасини ривожлантириш ва илмий асосда ташкил этиш бўйича эришилган натижаларга қуйидагиларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Геномика ва Биоинформатика марказида илк бор 150 дан ортиқ Ўрта Осиё узум коллекцияси молекуляр ДНК-маркерлар ёрдамида уларнинг генетик паспортлари яратилиб, Европа Комиссиясининг 1994 йил 20 июнда қабул қилинган амалдаги GENRES 081 стандарти бўйича Ўрта Осиё узум навларининг маълумотлар базаси шакллантирилган. Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра ҳозирда кенг экилиб парваришланаётган узумнинг 135 дан ортиқ маҳаллий навларининг генетик паспортлари яратилмоқда. Германиялик ҳамкорлар билан бирга узум геномининг генетик хариталари яратилиб, касалликка чидамлилик генларига генетик бириккан молекуляр маркерлар аниқланди. Бу маркерлар асосида, биринчи марта узум селекциясини 2-баробарга тезлаштирадиган маркерларга асосланган селекция платформаси яратилиб амалиётда кенг қўлланилмоқда.

Маълумки, узум навнинг соғлом вируслардан ҳоли ҳамда навни ўзидек (клонланган) кўп сонли янги кўчатларини фақат замонавий «ин-витро» (яъни пробиркаларда) усулида олиш мумкин. Бунда ҳар бир узум нави учун ўзига хос «ин-витро» озуқа муҳити (минераллар ва витаминлар комбинацияси) тузиб чиқилиши талаб қилинади. Бир навнинг озуқа муҳити иккинчисига тўғри келавермайди ёки кўчат шаклланиши самарали кечмайди. Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан узумнинг қатор маҳаллий ва қадимий навлари, жумладан истиқболли 8 та нави – «Шардоне», «Пино-гри», «Совинён», «Каберне», «Дюбре Де-Марсел», «Пуке», «Мальвазия красная», «Алфонс лавале» навларини «ин-витро» кўпайтириш усули жорий қилинди. Саноатбоп узум навларининг 8 та нави учун импорт ўрнини босувчи махсус сунъий озуқа муҳити тузиб чиқилди ва улар самарали равишда «ин-витро» усулида яратилди. Экспорт салоҳияти юқори бўлган маҳаллий хўраки узум навларининг уруғсиз аналогларини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бундай навга хос «ин-витро» озуқа муҳитлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг лабораторияларида ва қатор хусусий маҳаллий компанияларда ҳам яратиб келинмоқда. Асосий мақсад мамлакатимиздаги эскирган ва деярли ҳосил бермай қўйган токзорларни ўз навларини соғломлаштирган ҳолда янгилаб олиш ва натижада ҳосилдорликни тиклашдир.

Шу ўринда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 2 март санасида Навоий вилоятига қилган ташрифи чоғида Хатирчи тумани токзорларида етиштириб келинаётган узум навларини замонавий геном технологияларидан фойдаланиб генетик таҳлил қилиш ҳамда эскирган 3 минг гектар токзорларни янгилаш учун замин яратиш чораларини кўриш керакли тўғрисида топшириқ берган эди.

Шунга кўра, Хатирчи туманида узумчилик соҳаси ўрганилди. Деҳқон ва фермерлар билан суҳбатлашиб, ушбу соҳада уларни қийнаётган муаммоларни ўрганишга ҳаракат қилдилар. Маҳаллий узум навлари етиштирилаётган хонадонлар ва фермер хўжаликлари кўздан кечирилди. Натижада, ушбу ҳудудларда Амир Темур давридан буён етиштириб келинаётган энг қадимий «Оқ дум» ва оммалашган «Қизил дум» узум навларини «ин-витро» шароитида қайта тозаланиб, янги соғлом кўчатлар олишга киришилди. Генетик таҳлиллар ва молекуляр паспортлаш ишлари олиб борилди. Натижалар шуни кўрсатдики, «Оқ дум» навида «Қизил дум» навига нисбатан нав ёши юқорироқлиги кузатилди ва бу нав қадимдан сақланиб қолганлиги аниқланди. Қисқа муддатда, «Оқ дум» ва «Қизил дум» навлари учун янги озуқа муҳити яратилиб, махсус озуқа муҳитида ўстириш ва клонлаш (тўқимадан бир неча марта нусха кўчириш) ёрдамида ток ўсимликлари вирус ва бошқа инфекциялардан тозаланиб, соғломлаштирилди. Соғлом ўсимликлар махсус озуқада кўпайтирилди ва 2019 йилнинг апрель ойида Хатирчи туманига 1000 туп кўчат етказиб берилди ҳамда оналик кўчатзорлари ташкил қилинди. Аҳамиятли жиҳати – ушбу ўсимликлар Ўзбекистон шароитида замонавий «ин-витро» усулида олинган ва фермернинг бир гектарли даласига етиб борган илк оналик кўчатзори ҳисобланади. Ҳозирда илк кўчатлар мевага тўлиқ кирди ва юқори ҳосилдорликни намоён этмоқда. Эндиги вазифа эса, қаламчалаш усули билан бу оналик кўчатлардан бир неча юз минглаб кўчатлар тайёрлаб, экиш ва токзорларни янгилашдир.

Бу қадимий навларнинг бошқа ҳудудларга ҳам тарқатиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Наманган вилояти Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг чора-тадбирлар дастури доирасида Чуст туманидаги «Янги томорқа хизмати» фермер хўжалигининг 1 гектар ерига «ин-витро» усулида олинган «Оқ дум» ва «Қизил дум» навларининг оналик кўчатлари экилган. Тайёр бўлган оналик кўчатларни келгусида қаламча усулида кўчатлар кўпайтирилиб янги узумчилик боғларини ташкил этиш мақсад қилинган. Ҳозирги кунга қадар узумчилик фермер хўжалиги раҳбарлари учун семинар ташкил қилиниб, оналик кўчатларни етиштириш бўйича керакли тавсиялар берилди. Узум кўчати экиладиган майдонларда тупроқ таркибини ўрганиш бўйича лаборатория таҳлиллари ўтказилди. Узум кўчатлари парваришлаш бўйича зарур агротехник тадбирларини амалга оширилмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ҳам шундай «она» кўчатзор ташкил қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари Олтинсойда 5 минг гектар узумзорни янгилаш ҳақида топшириқ берганлар, бу борада кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президент айтганларидек, ҳар бир ҳудудга ўз хусусиятларидан келиб чиқиб ёндашилмоқда, мисол учун, Олтиариқда инновацион ҳудуд дастури доирасида тажриба сифатида 15 та хонадонга 3 сотихлик иссиқхона барпо қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда иссиқхоналар қуриб бериладиган оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларни томорқа ерлари иссиқхона барпо этишга тайёрланди ва давлат харидлар порталида эълон қилинган танлов орқали тижорат таклифлари қабул қилинмоқда.

Президентимиз мамлакат бўйича узумчиликка ихтисослашган 45 та ҳудудни белгилаб, уларнинг ҳар бирида йил якунигача камида 1 минг гектардан янги экспортбоп плантацияларни яратиш топшириғини бердилар. Бу борада, албатта, ушбу плантацияларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини йўлга қўйилиб, ҳар бир вилоятда узумчиликни ривожлантириш, кўчат билан таъминлаш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилиши борасида конструктив ечим таклиф қилинди.

Шу билан бирга, анъаналаримизга риоя қилган ҳолда Тошкент шаҳридаги бир қанча туманлар маҳаллаларида ҳам узумли хонадонлар яратилишига кўмаклашиш топшириғи берилди. Эсингизда бўлса, «Маҳаллада дув-дув гап» фильмида узум токлари остида, сўрида тўй маслаҳатини қилаётган хонадон эгалари образи бор. Унда Тошкент маҳаллаларидаги ўзбек хонадонларининг шиғил мевали узумзорларни кўрса бўлади. Асрий анъаналаримизни давом эттириш мақсадида катта боғларда, маҳаллаларда ва хонадонларда узум етиштирадиган кишилар учун ўқув қўлланма ишлаб чиқиш ва узумчилик яхши ривожланган Олтиариқда амалий кўргазма воситасида уларни ўқитиш топшириғи берилди. Бу борада узумни парваришлаш ўғитлаш, касалликларга қарши ишлов бериш, қуш ва ҳашаротлардан ҳимоялаш ва ҳосилни йиғиштириб олишдан то сақлашгача бўлган жараёнларни қамраб олган қўлланмалар яратиш, мавжудларини янада оммалаштириб янги маълумотлар билан бойитиш ишлари бошлаб юборилди.

Селекторда давлатимиз раҳбари томонидан вазирлигимиз олдига қисқа муддатларда Россия ва Чилидаги қатор илмий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва узумчиликдаги илғор технологияларни соҳага жорий қилиш бўйича топшириқ берилди. Россияда бу соҳада катта ютуқларга эришган маскан «Курчатов институти» миллий тадқиқотлар марказидир. Курчатов институти 1943 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда Миллий тадқиқот маркази сифатида ўз таркибига Россия ядро-физика комплексининг 10 та илмий ташкилоти киради. Институт қатор фундаментал ва амалий физик-кимё йўналишларини қамраб олиш билан бирга генетик технологияларни ривожлантиришга ҳам масъул илмий ташкилот ҳисобланади. Охирги икки йилда марказда узумнинг Россия қадим тарихидан маълум бўлган қадимий навлари геномлари тўлиқ ўқилди ва узумчилик кластери ривожланишида асосий иштирокчига айланди. Ҳозирги кунда 4 минг гектардан ортиқ майдонда узумчилик ва виночилик соҳасида генетик тадқиқотлар ўтказилмоқда.

Вазирлик мутасаддилари ва олимлар иштирокида Курчатов институти олимлари билан видоконференцалоқа тарзида учрашув ташкил этилиб, амалий ҳамкорликлар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди. Бирламчи қадам сифатида, Курчатов институти билан биргаликда ўзаро ҳамкорлик битимини имзолашга келишилди.

Мазкур ҳамкорлик битими доирасида Геномика ва биоинформатика маркази, Микробиология институти, Илғор технологиялар маркази олимлари ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги мутахассисларидан иборат илмий гуруҳ шакллантирилиб, Курчатов институтига юборилади. Илмий гуруҳ томонидан жорий йил якунига қадар узумнинг 10 та маҳаллий ҳамда қадимий навлари (жумладан «Оқ дум» ва «Қизил дум» навлари) ҳамда виночиликда ва озиқ-овқат саноатида ишлатиладиган микроорганизмларнинг бир неча ноёб штаммлари танлаб олиниб, ўзбек олимлари иштирокида «Курчатов» институтидаги катта ҳажмли ДНК секвенаторларда тўлиқ геномларини ўқилади.

Аниқланган геном ахборотлари асосида узум селекцияси учун янги авлод геном технологияларини яратиш ҳамда унинг асосида узумнинг юқори маҳсулдор уруғсиз (данаксиз) навларини яратиш технологиялари ишлаб чиқилади. Ҳамкорлик доирасида ҳозирда мавжуд истиқболли Россия навларини Ўзбекистонга «ин-витро» шароитларда олиб келиб, кўпайтиришни йўлга қўйиш ҳамда «ин-витро» кўпайтириш технологияларини ўзлаштириш ва жорий қилиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Виночилик саноати учун муҳими, Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институтидаги микроорганизмларнинг саноат штаммлари геномлари «Курчатов» институтининг 2500 дан ортиқ штаммларига қиёсий ўрганилиб, институтидаги коллекцияда мавжуд бўлмаган янги штаммлар билан бойитиш ҳамда виночиликда ўзбек бренди сифатини ошириш учун янги штаммларни саноатга жорий қилиш ишлари йўлга қўйилади.

Халқаро ҳамкорликлар доирасида яна бир амалга оширадиган ишимиз –«Чили тажрибаси»ни йўлга қўйишдан иборат. Давлатимиз раҳбари бежиз Чили давлати тажрибасини ўрганиш ва у ердаги илмий-тадқиқот марказлар билан ҳамкорлик ўрнатиш топшириғини бермади. Сабаби, Чили узум ва виночилик кластерида қўшимча қиймат ярата олган энг илғор давлатлардан десак муболаға бўлмайди. Масалан, Чилининг Талька университетининг қишлоқ хўжалик фанлари факультети негизида узумчилик ва виночилик технологиялари маркази фаолият кўрсатади. Марказдаги 5 та лаборатория кичик ишлаб чиқарувчиларнинг анъаналарини сақлаб қолиш ва уларни рағбатлантириш ва виночиликда таннархни арзонлаштириш шу билан бирга қўшимча қиймат яратиш мақсадида маҳсулотларни сопол идишларда ишлаб чиқиш, сақлаш ва тарқатиш учун прототиплар яратилишини доимий қўллаб қувватлайди, бу йўналишда мунтазам изланишларни йўлга қўйган. Сунъий интеллект технологиялари ёрдамида турли ҳудудларда етиштирилаётган узумзорлар ҳосилдорлигини прогнозлайди ва узум навларининг генетик софлигини таъминлаш ишларини олиб боради.

Бундай ишларни юртимизда янада самарали ташкил этишнинг имкониятлари беқиёс. Илғор технологиялар ҳамда Геномика ва биоинформатика марказимиз навларнинг генетик софлигини таъминлаб берса, иккинчи инновация, яъни маҳсулотни сопол идишлар ишлаб чиқиш, сақлаш ва тарқатиш учун прототиплар яратиш лойиҳаси аслида юртимизда қадимдан мавжуд бўлган яна бир ҳунармандчилик анъанасига бориб тақалади. Ҳозир бутун дунёда мусаллас истеъмоли камайиб бормоқда. Ўзбекистонда атиги 2%ни ташкил этаётгани йиғилишда алоҳида қайд қилинди. Бунинг билвосита сабабларидан бири вино ишлаб чиқишда ва уни сақлашда металл контейнерлардан фойдаланишдадир. Маҳсулотга металл таъми уриб, сифатини бузилганини кўп эшитамиз. Сопол – табиий арзон маҳсулот, мамлакатимизда эса кўп асрлардан буён давом этиб келаётган, дунёга кўз-кўз қилишга арзигулик кулолчилик анъаналаримиз ва тажрибамиз бор. Шундай кичик корхоналарни ва ҳатто хонадон ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш учун юртимизда барча имкониятлар мавжуд. Бу ҳолда узумчилик билан бирга кулолчилик ҳам ривожланади, чунки республика бўйлаб ёйилган узум етиштирувчилар ўз-ўзидан ушбу маҳсулотнинг талабгорига ва харидорига айланади.

Яна бир қизиқ кузатув. АҚШда таҳсил олган пайтимда давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилган сайёҳликнинг биз учун янги бўлган бир турига – энотуризмга гувоҳ бўлганман. Мисол учун, Калифорнияда узум етиштириладиган плантацияларда шундай туризм ривожланган. Содда қилиб айтганда, узумзорга бориб, ҳавосидан баҳраманд бўлиб, тўғридан-тўғри етилиб турган узум бошидан, майизидан ёки мусалласидан татиб кўрса бўлади. Солинган мусалласлар айни шу узумзорда боқилган чорва терисидан қилинган мешларда сақланишига катта урғу бераётган узумзор эгаси билан суҳбатлашганман ва ташриф буюрувчиларда ўз маҳсулотига қизиқиш уйғотишига гувоҳ бўлганман. Бизда ҳам шундай энотуризмни йўлга қўйиш имкониятимиз бор, бу ўринда яна бир соҳа – чарм-саноат соҳасини ҳам узумчилик кластери билан уйғунлигини таъминлаш муҳимдир. Бундан ҳар икки соҳа манфаат кўради ва ривожланади. Мазкур йўналишдаги ишларнинг асосини яратиш ва кичик инновацион корхоналарни ташкил қилиш бўйича вазирлигимиз куни кеча виночилик саноати учун сопол ва чарм идишлар прототипларини яратиш ва ишлаб чиқарилишига йўналтирилган стартап лойиҳалари танловини эълон қилди. Натижада кластер тизими, яъни уч тармоқни – узумчилик ва виночилик, кулолчилик ҳамда чарм-саноатини бир-бирига боғлаш имконияти туғилади, ўзаро манфаатга асосланган қўшимча қиймат яратиш имконияти пайдо бўлади.

Бундай янгиликлар жорий қилиниши мамлакатда камбағалликни қисқартириш учун катта имкониятлар яратади. Хонадон узумчилиги эса унутилиб кетган асрий анъанамизни тиклаши билан бирга, хусусий тадбиркорликнинг янги шаклларига йўл очади. Франция, Испания каби мамлакатларда ана шундай хонадонларнинг ўз машҳур брендлари бор, улар маҳсулотларини бир қанча мамлакатларга экспорт қилишади. Эндиликда бундай имкониятлар юртимиз миришкорлари учун ҳам яратиб берилади.

Таъкидлаб ўтилганидек, келгуси икки йил ичида мамлакатдаги умумий токзорлар майдонини 150 минг гектарга етказиш, соҳага илм-фан ва инновацияларни жорий қилиш орқали ҳосилдорликни 2 баравар ошириш кўзда тутилмоқда. Узумнинг юқори ҳосилдор, совуққа чидамли ва данаксиз навларини яратиш бўйича Россия, Чили ва шу каби мамлакатларнинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйиш, узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш, мазкур соҳадаги кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, касалликларга чидамли, юқори ҳосилдор сертификатланган янги навларни жорий қилиш каби комплекс чора-тадбирлар натижасида қисқа муддатда юртимизда ушбу соҳа тубдан янгиланиб, юқори самарадор соҳага айланади ва табиийки, илм-фан ва узумчилик ҳамкорлиги натижасида мамлакатда узумчилик сир-асрорларини пухта эгаллаган мутахассис миришкорлар қатлами шаклланади.

 

Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири, академик