Янгиликлар

Олтинсой туманида «Ёшлар инновацион ишлаб чиқариш зонаси» ташкил этилмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Яшнобод» инновацион технопарки қошида Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида «Ёшлар инновацион ишлаб чиқариш зонаси» ташкил этилмоқда.

«Ёшлар инновацион ишлаб чиқариш зонаси» ёшларнинг инновацион ғояларини амалиётга жорий этиш, илмий ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби вазифаларни амалга оширади. Мазкур ишлаб чиқариш зонаси учун ҳозирда Олтинсой тумани Ипок маҳалласида жойлашган ҳокимият заҳирасидаги 1,2 гектар ер майдони ажратилди. Мазкур ҳудудда инновацион маҳсулотга эга бўлган ёш тадбиркорлар учун алоҳида ҳудуд ташкил қилинади, шунингдек, «Яшнобод» инновацион технопаркининг «Бизнес инкубатори» – инновацион ғояларни қўллаб–қувватлаш дастури амалга оширилади.

Ҳудудда интернетдан фойдаланиш борасидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Олтинсой тумани марказини Wi-Fi Hotspot дастури асосида бепул интернет билан таъминлаш юзасидан зарур инфратузилмалар яратиш кўзда тутилмоқда.

Олтинсой тумани «Ёшлар инновацион ишлаб чиқариш зонаси»да бир неча турдаги инновацион маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган. Хусусан, «Базальт минерали асосида юқори даражада тўлдирилган юқори ҳароратга чидамли ва механик мустаҳкам компаундларни ишлаб чиқариш», «Нефть – газ саноати корхоналари чиқинди олтингугурти асосида модификациялашган олтингугуртли бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш», «Нефть –газ саноати чиқиндиси бўлган олтингугурт асосида автомобиль йўллари йўл чизиқлари учун полисульфид полимер бўёқлар ишлаб чиқариш ”, «Маҳаллий ҳом ашёлар асосида сув ва минерал ресурсларни тежовчи, юқори бўкувчан ва биопарчаланувчи гидрогеллар ишлаб чиқариш», «Вилоятда чорвачиликда етиштириладиган дағал жунларни кимёвий ва механик қайта ишлаш орқали тўқимачилик саноати учун сифатли майин ип ишлаб чиқариш» каби лойиҳалар амалга оширилади.

Умуман олганда, илм-фан, бизнес ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро уйғунлашуви натижасида Олтинсой тумани ҳудудида ғоялар тайёр тижорий маҳсулотга айлантирилади. Бу, ўз навбатида, туман атрофидаги ҳудудларнинг ҳам инновацион ривожланишига хизмат қилади.