Янгиликлар

Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги экин навлари Ўзбекистонда синовдан ўтказилади

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассиси Акмал Нуриддинов, Геномика ва биоинформатика маркази директори Забардаст Бўриев ва “Nath Bio-Genes CA” ўзбек-ҳинд қўшма корхонаси ходимлари Ш.Мирзаев, Р.Лалдан иборат делегация Ҳиндистонда хизмат сафарида бўлди.
Хизмат сафари давомида Ҳиндистоннинг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги, озиқ-овқат саноати, геномика ва биотехнология, фармацевтика, Интернет технология (IT) йўналишларида фаолият юритаётган илмий-тадқиқот муассасалари, йирик компания ва корпорациялар фаолияти билан танишилди ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Делегация “Nath Group” корпорацияси қошидаги “Nath Bio-Genes India Ltd.» уруғчилик компаниясининг Аурангабад шаҳридаги филиали фаолияти, уруғчилик ва биотехнология бўйича илмий изланишлари ва эришган ютуқлари билан яқиндан танишди. Компания пахта, шоли, макка, жўхори, сорго, тариқ ва сабзавот уруғчилигини ташкил этиш, уларни саралаш ва қадоқлаш ҳамда улар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш билан шуғулланади. Шунингдек, корхонада ўсимликлар учун озуқа моддалари ва биокимёвий воситалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Компания тасарруфида 40 гектардан ошиқ илмий-тадқиқот учун мўлжалланган ер майдони мавжуд бўлиб унда асосан пахта, маккажўхори, сорго, тариқ ўсимликлари бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади, сабзавот ва бошқа экинларнинг янги навлари дала синовларидан ўтказилади. Шунингдек, гулчиликни ташкил этиш мақсадида майдоннинг бир қисмига ёпиқ майдон ташкил этилиб, гулларнинг ҳудуд иқлимида ўсмайдиган навларини етиштириш ҳам йўлга қўйилган.

Мазкур илмий-тадқиқот майдонининг асосий қисмида пахтанинг янги навларини яратиш ва уни синовини ташкил этиш йўлга қўйилган. Жумладан, пахтанинг эрта пишар (120 кун), кечки (160 кун), баланд ва паст бўйлик, чангланмайдиган, ҳашоратларга чидамли нав ва гибридлари яратилган. Шунингдек, биотехнология орқали пахтанинг ГМО нави (Bt cotton) ҳам яратилган бўлиб, ундан асосан гибридлари олиш учун қўлланилиб келинади.

Компания тасарруфида геномика ва биотехнология бўйича кичик лаборатория мавжуд бўлиб, унда асосан пахта ва шолининг fusion генини қўшиш орқали ГМО (Bacillus thuringiensis – Bt) навларини яратиш устида илмий ишлар олиб борилади.

Музокаралар натижасида “Nath Bio-Genes India Ltd.» уруғчилик компанияси 2022 йил экин мавсумида Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган пахта, шоли, сорго, тариқ (Pearl millet), маккажўхори ўсимликларининг нав гибридларини Самарқанд вилояти Пахтачи туманида синовдан ўтказишига келишилди. Ўз навбатида, 2022 йилдан бошлаб шоли, сорго, тариқ (Pearl millet), маккажўхори ва сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон илмий-тадқиқот институт ва марказлар билан ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди. Хусусан, пахтачилик ва ген инженерияси бўйича Геномика ва биоинформатика маркази билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади.

Шунингдек, корхона тасарруфидаги ўқув хоналари ва ётоқхонадан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги мутахассис ва олимларини ўқитиш, малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил қилишда фойдаланиш ҳамда таклифга мувофиқ корхона мутахассислари томонидан Ўзбекистон ҳудудида семинар-тренинглар ташкил этиш бўйича тайёрлиги маълум қилинди.