Янгиликлар

Кутилмаган янгиликлар кўп Қашқадарёда

Президентимизнинг 2021 йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан республикамизнинг 13 та тумани, жумладан, Қашқадарё вилоятидаги Нишон туманини инновацион ҳудудга айлантириш белгиланган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар дастури ва янги инновацион лойиҳаларни ўзида мужассам этган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

– Бу борада Нишон тумани ҳокимлиги билан узвий ҳамкорликда иш олиб боряпмиз, – дейди Инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавлонов. – Жумладан, Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан Қашқадарё вилоятида 2017–2021 йилларда илм-фан ва инновацияга умумий қиймати 16,4 млрд. сўм 31 та лойиҳа молиялаштирилишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳозирнинг ўзида “Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” томонидан 3,3 млрд. сўм маблағ ажратилгани туфайли ташаббускор тадбиркорлар томонидан амалий ишлар бошлаб юборилди. Натижада келгусида қишлоқ хўжалигида 9, саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида 4 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.


ЯНТОҚДАН ЧОРВА ОЗУҚАСИ

Янтоқ – аслида чўл ҳудудлари ўсимлиги саналади. Унга сувнинг кераги йўқ. Қурғоқчиликда янтоқ чўпонларнинг жонига ора киради. Қўй-эчкилар уни йил бўйи истеъмол қилади. Тажрибали чорвадорларнинг айтишича, янтоқдан тайёрланган уннинг озуқа бирлиги арпадан икки баравар кучли экан. Лекин негадир кейинги пайтларда қизиқиш камайди. Ҳолбуки, чорва озуқаси тайёрлашда янтоқ текин хомашё ҳисобланади.

Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, “Янтоқ ва қамишдан фойдаланиб, гидропоника усулида тайёрланадиган маҳсулот асосида чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик хўжаликлари учун инновацион ем ишлаб чиқариш лойиҳаси” жуда долзарблигига шубҳа йўқ.

Айни пайтда чорвадорлар қишдан қандай чиқиш ҳақида бош қотиришаётгани ҳеч кимга сир эмас. Боиси, битта беда сенаж 30 минг сўм, сомон сенаж йигирма минг сўмга чиқди.

Молнинг бир кунлик озуқаси ҳақида гап кетяпти, ахир. Ана шундай қийин паллада янтоқ озуқаси чўпонларнинг мушкулини осонлаштиради. Нафақат Нишон туманида, балки воҳанинг деярли барча ҳудудларида витаминга бой, тўйимли озуқа хомашёси бўлган янтоқнинг 60-70 фоизи озуқага йўналтирилмасдан далада қолиб кетяпти-да. Демак, янтоқни қайта ишлаб, гранула шаклида ем тайёрлаш орқали қўшимча қиймат занжирининг яратилиши вилоятнинг инновацион иқтисодий салоҳияти ошишига хизмат қилади. Лойиҳа ташаббускори “Шахинабону хазина баракаси” масъулияти чекланган жамияти раиси Рамидулла Астоновнинг айтишича, улар бир йилга етадиган хомашёни захира қилиб қўйишибди. Икки ҳафта ичида ускуна келтирилиб, ем ишлаб чиқариш бошлаб юборилади.

 

ЧИГИРТКАДАН ... УН ЧИҚАДИМИ?

Ажабланманг, вилоятда фаолият олиб бораётган таниқли тадбиркор Музаффар Ҳамзаев “Merry – Cricket” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарадиган чигиртка уни учун дубайлик ишбилармонлар билан шартнома тузиб улгурди. У тез кунларда 1 миллиард 484 миллион сўм эвазига хориждан замонавий ускуналар келтиради. Жиҳозларни ўрнатиш учун эса мажмуа сотиб олди.

Зарарли чигирткалар йил сайин кўпайиб, қишлоқ хўжалик экинларига жиддий талафот етказмоқда. Биргина жорий йилда Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Нишон, Миришкор, Чироқчи, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари ҳудудида 16 584 гектар майдонга бу зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов берилган. Келгуси йилда улар вилоятнинг 130 минг гектар майдонига тарқалиш хавфи мавжудлиги сабабли кимёвий воситалар, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, иш ҳақи ва ажратмалар, сафар харажатлари, эҳтиёт қисмлар ва ишлов харажатларига 10 млрд. 400 минг сўм маблағ талаб этиларкан.

Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, мазкур лойиҳанинг амалиётга татбиғи икки тарафлама фойда келтириши аниқ.

Тадбиркор чигиртка тутадиган ускуналарни келтириб, аҳолига тарқатиб, тутилган чигирткаларни харид қилишни режалаштиряпти. Чигиртка балосидан азият чекаётган, ҳар йили қилган харажати ва меҳнатига куйиб қолаётган дала меҳнаткаши бундай ускунада зараркунандаларни тутиб, даромад топишни завқу шавқ ила бажариши турган гап.


“КАПТАРЛИ” ГИЛАМИ ХОРИЖГА

Нишон туманидаги “Каптарли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган хотин-қизлар гиламчиликни яхши ўзлаштиришган. Аммо гиламдўзлар тайёр маҳсулотни сотишга қийналишяпти. Хорижга чиқаришга қишлоқ аёлларининг қўли калталик қилади. Шу боис чет эллик инвестор Жума Забиуллоҳнинг таклифи уларга маъқул келди.

Энди маҳаллий хотин-қизлар афғон гиламларини тўқишни ўрганадиган бўлишди. Дастлаб ўнта оилага тегишли мутахассислар янгича усулда тўқиш сирларини ўргатишади. Кейинчалик ушбу лойиҳа билан маҳалладаги барча хонадонлар драйвер асосида қамраб олинади. Гилам тўқувчилар сони ортгач, махсус гуруҳлар тузилади ва улар воҳадаги бошқа туманлардаги қишлоқларда яшайдиган опа-сингилларига гиламчилик сирларидан сабоқ берадилар. Маҳсулот сақлайдиган омбор, замонавий офислар битказиб қўйилган. Тайёр маҳсулотларни Европа ва араб давлатларига экспорт қилишни тадбиркор ўз зиммасига олди.

Айтиш мумкинки, ушбу лойиҳа ишсизликдан қийналаётган юзлаб нишонлик хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаши билан ҳам аҳамиятлидир.



“ХОНАДОНБАЙ” УСУЛИДА ҚУЁНЧИЛИК

“Қуёнчилик кластерида етиштирилган гўштдан кенг ассортиментдаги экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси” доирасида “Lucky - Rabbits” МЧЖ томонидан зотли қуёнларни инновацион технологиялар асосида ҳудудий иқлим шароитига генетик мослаштириш ва аҳолининг кам таъминланган қисмида “хонадонбай” усулида кўпайтириш мақсадида замонавий селекция яратилади. Тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож, “темир”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарларига киритилган фуқаролар истиқомат қилаётган 40 та хонадоннинг ҳар бирига 40 тадан қуён тарқатилади.

Шунингдек, “Аквапоника ускуналарини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш, балиқ гўшти ва чиқиндиларини қайта ишлаш асосида балиқ уни, оқсили, филе ва “ОMEGA-3” ёғи ишлаб чиқариш лойиҳаси”, “Қуёш фотоэлектр панелларидан фойдаланиб, хона ҳароратини барқарорлаштиришга қаратилган лойиҳа” ҳам туман иқтисодий салоҳиятини оширишга замин яратади. Хусусан, “AFGAN AGROGROUP” МЧЖ томонидан соя етиштириш ва соя ёғи ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида сармоядорлар томонидан 10,4 млрд.сўм инвестиция маблағлари жалб этилиб, 50 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланади. Келгусида вилоятнинг бошқа туманларини ҳам босқичма-босқич инновацион ҳудудларга айлантириш режалаштирилмоқда.

Олимлар томонидан нефть ва газ, қишлоқ хўжалиги ва саноат йўналишларида ўттиздан ортиқ ишланмалар яратилиб, амалиётга босқичма-босқич татбиқ этилиши мўлжалланганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Ушбу лойиҳалар воҳа аҳолисининг бандлиги ва фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Зеро, Янги Ўзбекистонни барпо этишдан асл муддао ҳам одамларни рози қилиш, маъмурлигини таъминлашдир.

 

Сайфулла ИКРОМОВ, 
“ХХI asr” мухбири