Янгиликлар

Докторантура бўйича 20 долзарб саволга жавоб  

1. Бир таянч докторант ўз йўналишидан бошқа йўналишга «перевод» қилиши мумкинми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарорига мувофиқ стажёр-тадқиқотчи ва изланувчиларни бир илмий ёки таълим ташкилотидан бошқасига кўчиришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, таянч докторантурага кириш имтиҳонларидаги саволлар бир ихтисослик бошқа ихтисосликка тўғри келмаганлиги сабабли кўчириш мумкин эмас.

2. Мустақил тадқиқотчи бўлган изланувчи таянч докторантурага ўқишга топшириши мумкинми?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустақил изланувчиликка расмийлаштирилган шахс таянч докторантурага ҳужжат топшириши мумкинлиги ва мумкинмаслиги тўғрисида нормалар берилмаган. Шу муносабат билан, ҳужжат топширишда мустақил изланувчиликка расмийлаштирилган илмий ёки таълим ташкилотларининг рухсатига асосан топшириш мақсадга мувофиқ.

3. Докторантура қабулида шаффофлик таъминланмаган. Бу йилги имтиҳонлар қай шаклда бўлади?

Бу йилги имтиҳонлар онлайн ўтказилмайди, доимгидек анъанавий тарзда бўлиб ўтади. Жорий йилдан қабул комиссияси докторантурага кириш имтиҳонлари ва суҳбат жараёнларини видео кузатув остида (онлайн трансляция) ўтказиш чораларини кўрилади. Таянч докторантурага кириш имтиҳонлари бўйича топшириладиган биринчи фан (мутахассислик ёки чет тили) умумий балининг 50 фоизидан кам балл тўплаган талабгорлар кейинги босқичга ўтказилмайди. Бу билан кириш имтиҳонлари ва суҳбат жараёнлари шаффофлиги таъминланиши, шунингдек, салоҳиятли талабгорлар сараланиши белгиланмоқда.

4. Стажёр-тадқиқотчиликда ўқийман. Илмий мақолаларим, илмий ишим анча олдинлаган. Энди шу йил докторантурага киришга менда имтиёз борми? 

Стажёр-тадқиқотчилик - ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда тегишли ихтисослик бўйича илмий ва илмий-ижодий изланишларни олиб бориш ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун изланувчини тайёрлаш шакли ҳисобланиб, ушбу шаклда ўқиган шахсга ҳеч қандай имтиёз берилмайди.

5. Мустақил тадқиқотчи сифатида ҳужжат топширмоқчиман. Илмий раҳбарни номзоднинг ўзи топиши керакми? Университетнинг ўзи бириктирмайдими?

Кўпинча мустақил изланувчиликка топшираётган шахс ўз илмий раҳбари ва диссертация мавзуси билан тайёр ҳолда ҳужжат топширади. Қабул комиссияси томонидан суҳбат жараёнида диссертация мавзуси юзасидан саволлар бўлиши мумкин. Талабгорнинг сўровига мувофиқ илмий раҳбар илмий ёки таълим ташкилотидан ҳам бириктирилиши мумкин.

6. Илмий тадқиқотчиларнинг муаммоларини ўрганиш борасида, улар дуч келаётган тўсиқлар борасида нима ишлар қилинмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий ва инновацион фаолиятни бошқариш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 27 августдаги 545-сон қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари қабул қилиниши муносабати билан базавий лавозим маошлари ўзгарган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг илмий ва раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошлари миқдорларини ўзгартириш тўғрисидаги қўшма қарори ишлаб чиқишлари бекор қилиниб, базавий лавозим маошлари ўзгарганда тўғридан-тўғри «Давлат бюджет маблағлари ҳисобига давлат илмий дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий ва раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошлари миқдорлари» ўзгариши белгиланди.

Бу билан, стажёр-тадқиқотчилар, таянч докторантлар ва докторантларнинг ўзгарган миқдордаги стипендиялари ҳамда уларнинг илмий раҳбар/консультантларига меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ тўсиқлар олиб ташланди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълимдан кейинги таълим тўғрисида низомга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, фан доктори ҳамда илмий унвони бўлган фан номзоди ёки фалсафа докторларининг бир вақтнинг ўзида кўпроқ изланувчиларга илмий раҳбар ва консультант бўлиш имкониятлари белгиланди.

7. Бу йил таянч докторантура шартнома асосида бўладими?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарорига мувофиқ, таянч докторантура ва докторантурага Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ва тўлов-контракт асосида ўқитишлари мумкинлиги белгиланган.

8. Ихтисослик бўйича квота аниқ қайси санада тақсимланади?

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг 2021 йил 21 сентябрдаги 258-сон буйруғига мувофиқ 2022 йил учун олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул квоталари илмий ва таълим ташкилотларининг ихтисосликлари кесимида тақсимланиб, манфаатдор вазирлик ва идораларга юборилди ва юқорида айтилганидек, вазирлик веб-саҳифасида эълон қилинди.

9. Докторантурага (таянч, мақсадли, докторантура) қандай ҳужжат керак бўлади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарорига мувофиқ стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, мустақил изланувчиликка ўқишга талабгорлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар

  • Ариза.
  • Қисқача биографик маълумот (объективка).
  • Меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси (ишлаётган талабгорлар учун).
  • Олий таълим муассасаси магистратураси дипломи ёки клиник ординатурани тугатганлиги (тиббиёт фанлари учун), олий маълумот (мутахасислик дастурлари бўйича) тўғрисида диплом нусхаси.
  • Нашр этилган илмий ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг нусхалари (камида 1 та мақола ва 2 та тезис).
  • Иш жойидан тавсифнома (Мустақил изланувчилар учун)
  • Паспорт нусхаси.
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлса)

Барча ҳужжатлар pdf шаклида тайёрланиб, Олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштирувчи Ягона электрон тизими (http://phd.mininnovation.uz) орқали рўйхатдан ўтган ҳолда юборилади.

10. Имтиҳон шакли ва имтиҳон кетма-кетлиги қандай бўлади ( олдин мутахассислик бўйича ёки чет тилиданми) ва имтиҳон қайси ташкилот томонидан ўтказилади?

Қабул имтиҳонларини ўтказиш ва имтиҳон шаклларини танлаш қабул қилувчи илмий ва таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

11. Бу йил квота кечикди. Шу сабабдан қабул жараёни узайтириладими?

Олий таълимдан кейинги таълим институтларига ҳужжатлари қабули жорий йилнинг 20 октябрига қадар узайтирилади.

12. Тошкент давлат транспорт университетига стажёр тадқиқотчиликка квота ажратилмаган экан. Стажёр тадқиқотчиликка қабул бошлангунча яна квота чиқиб қолиши мумкинми ё бўлди бошқа қўшилмайдими?

Мазкур университетдан стажёр-тадқиқотчиликка қабул квоталарига талаб келиб тушмаганлиги сабабли квота ажратилмади. Стажёр-тадқиқотчиликка бошқа квота ажратилмайди.

13. Илмий раҳбар йўқ бўлса топширишни иложи йўқми?

Олий таълимдан кейинги таълим илмий даража олиш билан боғлиқ бўлганлиги боис изланувчилар олдиндан илмий раҳбар ва диссертация мавзуларини аниқлаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.

14. Таянч докторантура учун ҳужжатлар қаерга топширилади?

Олий таълимдан кейинги таълим институтларининг барча шаклларига Ягона электрон тизими ((http://phd.mininnovation.uz) рўйхатдан ўтган ҳолда топширилади.

15. Таянч докторантурага инглиз тилидан имтиҳонни Давлат тест маркази оладими?

Йўқ. Таянч докторантурага имтиҳонлар ҳужжат топширган муассаса томонидан ўтказилади.

16. Магистратурани аъло баҳога якунлаганлар имтиҳонсиз қабул қилиниши тўғрисида гап бўлган эди. Амалда қўлланиладими?

Йўқ бундай тартиб белгиланмаган. Фақатгина Президент стипендианти соҳиблари имтиёзли равишда таянч докторантурага қабул қилинади.

Аммо бир неча талабгорларнинг стажёр-тадқиқотчиликка, таянч докторантурага ва докторантурага кириш имтиҳонлари ёки суҳбат натижалари бўйича улар томонидан тўпланган якуний баллари тенг бўлган тақдирда қуйидаги талабгорларга устунлик берилади:

а) стажёр-тадқиқотчилик ва таянч докторантурага (PhD):

  • магистратурани аъло баҳолар билан тамомлаганлар;
  • муаллифлик гувоҳномалари ва патентга эга бўлганлар;
  • журналларда, шу жумладан хорижий журналларда илмий мақолалар чоп этганлар;

б) докторантурага (DSc):

  • 5 йилдан ортиқ илмий-педагогик стажга эга бўлганлар;
  • муаллифлик гувоҳномалари ва патентга эга бўлганлар.

17. Муддатдан олдин ҳимоя қилганда, қолган стипендиялар қайси ташкилот томонидан берилади, институтми ёки давлат бюджетиданми?

Фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган докторлик диссертациясини ўқиш муддати тамом бўлишидан олдин ҳимоя қилганларга, шунингдек уларнинг илмий раҳбарлари ва консультантларига муассаса раҳбарининг буйруғи билан ўқиш муддатининг қолган даври учун назарда тутилган тегишлича стипендиянинг ҳамда докторант билан олиб борилган иш учун тўловнинг жами миқдори ҳажмида тегишли диплом тақдим этилган кундан бошлаб кўпи билан 20 кун муддатда тўланади.

Бунда, мазкур бандда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида тегишли вазирлик ва идораларга ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, зарурат бўлганда асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида амалга оширилади.

Асосланган ҳужжатлар билан Молия вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигига кўриб чиқиш учун ўрнатилган тартибда мурожаат этилади.

18. Тошкент давлат аграр университетининг магистратура босқичини тамомламоқдаман, бизнинг университетда ўқув жараёни январдан январгача қилиб белгиланганлиги сабабли биз ҳалиям стажировка ўтамоқдамиз, табиийки қабул муддатида биз ҳали диплом олмаган бўламиз, шунда бизнинг тақдиримиз нима бўлади, биз бир йилу олти ой муддат вақтимизга куйиб қоламизми?

Таянч докторантурага ўқиш янги йилнинг 1 январидан бошланишини ҳисобга олиб истисно тариқасида ҳужжатларни юклаш бўлимида дипломни ўрнига вақтинчалик таълим муассасадан маълумотнома олиниб жойланиб турилиши мақсадга мувофиқ. Шу аснода қабул имтиҳонларида қатнашиш имкониятига эга бўлади. Дипломларни асли ёки кўчирмаси олингандан сўнг талабгор (изланувчи) ҳужжатларни таҳрирлаш орқали дипломни юклаб қўяди.

19. Аёлим Қорақалпоқ давлат университетида бу йил магистратура босқичини тугатди ва шу жойда вакант ўрин бўлганлиги учун, илмга қизиқиши яхши бўлганлиги учун кафедра бошлиғининг тавфсиясига асосан ўзи тугатган кафедрада ўқитувчи лавозимида ишлай бошлади. Энди таянч докторантурага топширай деса Қорақалпоқ давлат университетида инглиз тили бўйича жой йўқ деб айтишяпти. База йўқ эмиш лекин мақсадли қилса бўлади ку? Аёлимнинг илимий раҳбари Ўзбекистон жаҳон тиллари университетида профессорлар. Жаҳон тилларида 6 та доктаранти бўлганлиги учун аёлим Жаҳон тилларига топшира олмас экан.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарорида «Фан доктори бир вақтнинг ўзида тўрттадан кўп бўлмаган изланувчиларга илмий раҳбар ва консультант бўлиши мумкин. Сўнгги уч йилда изланувчилари ўз вақтида ҳимоя қилган илмий раҳбар ва илмий консультантларга илмий ёки таълим ташкилотларининг коллегиал органи хулосаси асосида олтитадан кўп бўлмаган изланувчилар бириктирилиши мумкинлиги келтириб ўтилган. Бу ҳолатда фақатгина бошқа илмий раҳбарга мурожаат этиш мақсадга мувофиқ.

20. Таянч доктарантура, доктарантура ва стажёр-тадқиқотчилик фарқи нимада?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори 2-иловасида қуйидагича таъриф берилган:

  • стажёр-тадқиқотчилик — ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда тегишли ихтисослик бўйича илмий ва илмий-ижодий изланишларни олиб бориш ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун изланувчини тайёрлаш шакли;
  • таянч докторантура — фалсафа доктори (Доcтор оф Пҳилосопҳй (PhD) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;
  • докторантура — фан доктори (Доcтор оф Сcиенcэ) (DSc) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;
  • мустақил изланувчилик — фалсафа доктори (Доcтор оф Пҳилосопҳй) (PhD) ёки фан доктори (Доcтор оф Сcиенcэ) (DSc) илмий даражаларига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли.