Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги 5 та ёшлар жамоасининг стартап лойиҳаси молиялаштирилди

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Ўзбекистондаги ЮНИСEФ ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган ImkonLab (UPSHIFT) - ижтимоий инновациялар ва ижтимоий тадбиркорлик учун кўникмаларни ривожлантириш дастури ўз ишини бошлади. Ушбу дастурни амалга ошириш натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус, Мўйноқ, Бўзатов, Қўнғирот туманлари ёшлари касбий маҳорат ва кўникмаларини стартап лойиҳаларда қўллаш имконига эга бўладилар.

Дастур доирасида ёшлар томонидан тақдим этилган энг яхши кичик ҳажмдаги стартап лойиҳалари ЮНИСEФ ташкилоти томонидан молиялаштирилади. Лойиҳани амалга ошириш тўғрисида Оролбўйи халқаро инновация марказ ва ЮНИСEФ ўртасида шартнома тузилди.

23 сентябрь куни биринчи саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган Бўзатов тумани ёшлар жамоалари ҳудудда деҳқончилик салоҳиятининг камайиши, табиий газ етишмаслиги боис дарахтлар кесилиши, ишсизлик муаммоси, уй шароитида ғишт ишлаб чиқариш технологияси, тоза ичимлик сувининг етишмаслиги каби ижтимоий масалаларнинг ечимларига доир оригинал ғояларини тақдим этдилар. Тақдимот натижаларига кўра 5 жамоанинг ҳар бири ўз ғояларини амалга ошириши учун 1000 АҚШ доллари эквивалентидаги пул маблағлари билан молиялаштирилди.

Ўз ишини муваффақиятли бошлаган стартаплар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинадиган стартап лойиҳалар танловларида иштирок этадилар.