Янгиликлар

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг техноген чиқиндиларни комплекс қайта ишлаш масаласи муҳокама қилинди

Иқтисодиёт тармоқларининг илмий ишланма ва инновацияларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш, тармоқ илмий-тадқиқотларини ривожлантириш асосида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш жараёнидаги техник муаммоларни тадқиқот ишлари билан илмий ечимини топиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг энг асосий муаммоларидан бири бўлган техноген чиқиндиларни комплекс қайта ишлаш ва уларнинг таркибидан олтин, кумуш, рангли ва ноёб металларни ажратиб олиш технологияларини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш масалалари бўйича давра суҳбати ўтказилди.

--Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг энг асосий муаммоларидан бири бўлган техноген чиқиндиларни комплекс қайта ишлаш ва уларнинг таркибидан олтин, кумуш, рангли ва ноёб металларни ажратиб олиш технологиялари яратилади ва ишлаб чиқаришга жорий этилади, -- дейди Тармоқ корхоналарида илмий тадқиқот ва тараққиёт тузилмаларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Санжар Бердиев. 

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова бошчилигида ўтказилган давра суҳбатида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ рахбарияти ва мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси “Минерал ресурслар илмий тадқиқот институти” ДК, ЎзР ФА Материалшунослик институти, “Фан ва тараққиёт” ДУК илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон – Корея технологик маркази, Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари иштирок этдилар.

Суҳбат давомида “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан импортдан олиб келинаётган маҳсулотларни олимларни жалб қилган ҳолда, маҳаллийлаштиришга қаратилган қисқа муддатли тадқиқот ва тажриба синов ишларини ташкил этиш ҳамда комбинатда йиғилиб қолган техноген чиқиндиларни комплекс қайта ишлаш ва таркибидаги металларни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича илмий лойиҳаларни хакорликда молиялаштириш асосида амалга ошириш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Олмалиқ КМК” АЖ ўртасида меморандум имзолашга келишиб олинди.