Янгиликлар

Қурилиш материаллари соҳасига инновация ва илм-фан ютуқларини жорий қилиш

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида қурилиш материаллари соҳасига инновация ва илм-фан ютуқларини жорий қилиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 майдаги ПҚ-4335-сон қарорига мувофиқ янги турдаги инновацион қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган Республика илмий-техник кенгаши фаолияти мунтазам йўлга қўйилган ҳамда инновацион лойиҳаларни бажаришга киришилган.

2019-2020 йилларда 10 та йўналиш бўйича 50 га яқин инновацион лойиҳалар Уюшма қошидаги Илмий-техникавий кенгашда кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган ва ўтказилган танлов натижаларига кўра умумий молиявий ҳажми 14,1 млрд сўмлик 10 та инновацион лойиҳалар (клинкерли цемент, азбозуритдан асбест олиш, золобетон, янги боғловчилар олиш технологияси ва ш.к.) илмий-техникавий кенгашда ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилди.

2019-2021 йилларда тармоқ корхоналарида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ҳамда маҳсулотларга мувофиқлик сертификатлари олинишига эришилди (Сульфатга бардошли портландцемент, Портландцемент, Композицион портландцемент, Том ёпиш ва деворларни қоплаш учун сэндвич (ТПС-Z, ТПС-S) панеллар).

2021 йилда илмий-тадқиқот институтлари томонидан қурилиш материалларининг янги турларини яратиш бўйича қуйидаги долзарб йўналишларда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Булар:

  • “Ер ости конструкциялари учун ионоген табиатли қўшимчали самарали коррозияга чидамли бетон таркибини лойиҳалаш ва хоссаларини оптималлаштириш”;
  • “Маҳаллий хом ашёлар ва саноат чиқиндилари асосида рақобатбардош ўрама материаллар олиш технологияси”;
  • “Ўсимлик полимерлари ва унинг асосида композицион материаллар олиш технологияси”;
  • “Иссиқликни ҳимояловчи материаллар учун Қарахтой андезибазальти асосида ноорганик минерал тола олиш технологияси” ва бошқалар.

Охирги йилларда қурилиш материаллари саноати соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида янги турдаги инновацион, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи қурилиш материалларидан гулқоғоз, суюқ гулқоғоз, золоблок, газоблок, пеноблок, полистролблок, композит (асбестсиз) шифер, ўтга чидамли ғишт, юмшоқ том ёпқич материаллари, иссиқлик изоляциялаш материаллари ва маҳсулотлари (базальтли, минералли, тошдан олинган), базальтдан арматура, базальтдан тола, базальтдан сетка, фрита (кафелларга ранг беришда ишлатиладиган хом ашё), декоратив бўёқлар, мозаикалар (тошли, шишали ва керамикали), спорт линолеуми, маиший линолеум, шиша толаси, шиша толасидан сетка, гидроизоляция материаллари, геотекстиль, геомембрана, бентонит мат (тўшама), геосетка, георешетка, геокомпозитлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ўзлаштирилди ва ишлаб чиқарилмоқда. Халқаро савдонинг ҳозирги глобаллашув шартларига жавоб берадиган инновацион лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этилиши янги турдаги қурилиш материаллари ва композицияларини ишлаб чиқаришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасида қурилиш материалларининг сифатини белгиловчи стандартлар халқаро талаблар билан уйғунлаштирилмоқда ҳамда 5458 та халқаро стандартлар қабул қилинди (халқаро ва Европа (ИСО, ЕН) – 3987 та, МДХ мамлакатлари – 949 та ва миллий стандартлар – 522 та).

Ўзбекистон Республикаси Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги 56-Ф сонли фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек янги турдаги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқариш жараёнларига илм-фан ютуқларини жорий қилиш мақсадида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, етакчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва ечимлари” мавзусидаги Республика анжумани ўтказилди.

Анжуманда 15 га яқин вазирлик, идоралар ва давлат қўмиталари, 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларининг 150 нафарга яқин илмий-изланувчилар, фан номзодлар, фан докторлари томонидан 70 га яқин (10 нафар фан доктори, 27 нафар фан номзоди, илмий тадқиқотчилар, магистрлар ҳамда корхона ва ташкилот вакиллари) тезислари чоп этилди.