Янгиликлар

Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексдаги ўрнига бағишланган пресс-конференция ўтказилди

1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан пресс-конференция ўтказилди. Мазкур матбуот анжумани Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексдаги ўрнига бағишланган бўлиб унда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова ҳамда , Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шуҳрат Отажонов иштирок этдилар.

– Глобал инновацион индексда Ўзбекистоннинг жорий йилда 7 поғона кўтарилиши бу мамлакатимиз инновацион экотизимининг ривожланишига ташқаридан берилган баҳо бўлиб, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир, – деди И. Абдураҳмонов. – Глобал инновацион индексда юқорилашимиз илм-фанимиз ривожини, таълим сифатининг ошганини англатади. Малакали мутахассислар, муҳандислар, олимлар, илмий мактаблари бор мамлакатга инвестициялар киритилади, айнан шу мамлакатларда фойда катта келтирадиган юқори технолгияли товарлар ишлаб чиқарилади. ГИИ давлатларга қайси соҳаларни ривожлантиришга эътибор бериш кераклигини, қайси йўналишларга қўшимча маблағлар йўналтириш, қандаай ислоҳотлар қилиш кераклиги тўғрисида хулосалар қилиш имкониятини беради.

Ўзбекистон ГИИ рейтингида 132 давлат орасида 86 ўринда қайд қилинди. Бу натижа мамлакатимизнинг рейтингдаги ўтган йилги ўрнидан 7, 2015 йилги ўрнидан эса 36 поғона юқори.

Бошқарув институтлар сифати йўналиши бўйича 2020 йилга нисбатан 1 поғона, инсон капитали ва илмий тадқиқотлар фаолияти йўналиши бўйича 5 поғона, бозор ривожланиши йўналиши бўйича 3 поғона, бизнесни ривожлантириш йўналиши бўйича 4 поғона, илм-фан ва технология йўналиши бўйича 13 поғона ва ижодий маҳсулотлар йўналиши бўйича 14 поғонага кўтарилган.

Рейтинг кўрсаткичларига кўра Ўзбекистон «АКТ хизматлари экспорти» (129 дан 87 га), «Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг кириб келиши» (80 дан 58 га), «АКТ хизматлари импорти» (130 дан 115 га), «Электрон тарзда иштирок этиш индекси» (59 дан 46 га), «Келиб чиқиши бўйича товар белгилари» (82 дан 71 га), “ISO 9001 сифат сертификатлари» (93 дан 83 га) каби индикаторларда ўз ўрнини 10 дан 42 поғонагача кўтарилиб, умумий рейтингда ижобий натижаларга эришди. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг рейтинги 81 та кўрсаткичнинг 9 та кўрсаткичда 4 дан 9 тагача кўтарилди, 15 тасида 1 дан 3 тагача кўтарилган бўлса 15 тасида ўрни ўзгармади.

Мамлакатлар орасида давлатимизнинг «Юқори даражадаги умумий доменлар» (131 ўрин), «Норматив сифат» (126 ўрин), «Илмий-техника нашрлар» (125 ўрин), «Олий таълим муассасаларидаги чет эл фуқаролари сони» (105 ўрин) ва «Мобил иловалар яратиш» (99 ўрин) каби индикаторлардаги паст ўрни умумий рейтингига салбий таъсир қилиб алоҳида эътибор талаб этмоқда.

Глобал инновацион индекс рейтингида Украина (49-ўрин), Арманистон (69-ўрин), Қозоғистон (79-ўрин) ва Қирғизистон (98-ўрин) мамлакатларинг ўринлари ўтган йилгига нисбатан пасайган бўлса, Хитой (12ўрин), Россия (45-ўрин), Ҳиндистон (46-ўрин), Беларус (62-ўрин) ва Озарбайжон (80ўрин) каби давлатлар рейтинглари 2 поғонадан кўтарилган.

Рейтингда етакчиликни бир неча йиллар давомида Швейцария эгаллаб келмоқда ва бу йил Корея 5 поғона кўтарилиб 5-ўринни, Хитой 2 поғона кўтарилиб 12-ўринни эгаллади.

Бу йилги ҳисоботда Ўзбекистон 7 поғона кўтарилгани эвазига энг кўп поғона юқорилаган мамлакатлар топ-10 талигига кирди. Собиқ шўро давлатлари ичида эса ўсиш динамикаси бўйича биринчи ўринни эгаллади.

2021 йилги ГИИ рейтинги натижаларидаги муҳим хулоса -- инновациялар бўйича ривожланган иқтисодга эга давлатлар (Швейцария, Швеция ва АҚШ) етакчилик қилаётган ва инновацияларнинг ривожланганлик даражаси ЯИМга ва уни инновацион ривожланишга йўналтирилганлигига боғлиқ эканлиги кўринсада, аслида Корея (5 ўрин), Сингапур (8 ўрин), Хитой (12 ўрин), Япония (13 ўрин) ва Гонконг (14 ўрин) каби мамлакатларнинг юқори 15 таликка киргани мисолида инновацион ривожланиш бўйича Осиё давлатлари кучаяётганини кўришимиз мумкин.
Ўзбекистоннинг инновацион ривожланишда миллий ўлчамларни тўғри белгилаб олиш, мамлакатнинг халқаро миқёсда инновацион ривожланишини таъминлаш учун 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси қабул қилинган ва ундаги асосий вазифалардан бири этиб 2030 йилга қадар республикамизни Глобал инновацион индекс баҳолаш рейтингида етакчи 50 та давлат қаторига киритиш пировард мақсад этиб белгилаб олинган.