Янгиликлар

2022 йил учун стажёр-тадқиқотчиликка, таянч докторантура, докторантура ва мақсадли докторантурага қабул квотаси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22 майдаги 304-сон қарорига мувофиқ тасарруфида олий таълим муассаса ёки илмий ташкилотлари бўлган жами 39 та вазирликлар, идоралар ва ташкилотлардан 2022 йил учун стажёр-тадқиқотчиликка, таянч докторантура, докторантура ва мақсадли докторантурага қабул квотаси бўйича буюртмалар қабул қилинди.

2022 йил учун олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул квоталари 2 бараварга оширилиб, 3600 тага етказилди. 2021 йилда олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул квоталари 1800 та бўлган.

Квоталар қуйидаги мезонларга асосан тақсимланди:
- 2021 йилда ажратилган қабул квоталарининг таҳлили;
- Президент Фармон ва қарорлари, баён топшириқлари, Ҳукумат қарори, баён топшириқлари ҳамда устувор йўналишлар;
- ҳудудларда соҳа ва тармоқлардаги илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжлар;
- юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжлар;
- таълим олаётган докторантлар ва мустақил изланувчилар контингенти;
- илмий раҳбарлар ва илмий консультантларнинг самарали ишлари;
- Аккредитациядан ўтган ихтисосликлар бўйича;
- Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини илмий даражали кадрлар тайёрлаш институтининг аттестация натижалари.

Президент Фармон ва қарорлари, баён топшириқлари, Ҳукумат қарори, баён топшириқлари ҳамда устувор йўналишлар бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги ПҚ-4996-сонли қарори ижроси юзасидан Сунъий интеллект соҳасида таянч докторантура ва стажёр-тадқиқотчиликка жами 28 та мақсадли квоталар ажратилди.
Жумладан, таянч докторантурага 14 та, стажёр-тадқиқотчиликка 14 та, шундан, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ихтисослиги бўйича 4 та таянч докторантурага, 6 та стажёр-тадқиқотчиликка мақсадли квоталар ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган 30-сонли йиғилиш баёни 107-бандидаги Сурхондарё вилоятида жойлашган олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш учун республиканинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот институтларида 2022 йилда мақсадли докторантурага 50 та квоталар ажратиш топшириғи ижроси юзасидан жами 67 та мақсадли докторантурага қабул квота ажратилди.
Шундан:
-Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига – 45 та;
-Соғлиқни сақлаш вазирлигига – 10 та;
-Қурилиш вазирлиги ва “Ўзкимёсаноат” АЖ – 4 тадан;
-Транспорт вазирлигига – 2 та;
-Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ва Фанлар академияси тизимидаги илмий ва таълим ташкилотларга – 1 тадан мақсадли докторантурага қабул квотаси ажратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6099-сон Фармони, ПҚ-5146, Қ-5032, ПҚ-4963, ПҚ-4899, ПҚ-4861, ПҚ-4850-сон қарорлари ва баён топшириқлари ҳамда Ҳукуматнинг 2021 йил 18 майдаги 307-сон, 2020 йил 15 декабрдаги 786-сон қарорлари ва бошқа баён топшириқлар ижроси юзасидан қабул квоталари ажратилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига биринчи марта докторантурага қабул квоталари ажратилди.
Бунда Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институтига берилган квота хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилди.