Янгиликлар

Вазир Курчатов институти вице-президенти билан онлайн мулоқот ўтказди

14 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва «Курчатов институти» Миллий тадқиқот маркази вице-президенти Олег Нарайкин билан онлайн шаклда мулоқот бўлиб ўтди.

Томонлар «Курчатов институти» Миллий тадқиқот маркази билан илмий-тадқиқот фаолиятининг турли йўналишларида ҳамкорлик масалалари, хусусан, узумчилик ва виночилик соҳаларида биргаликда илмий тадқиқотларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бордилар. Суҳбат аввалида Курчатов институти президенти Михаил Ковалчук иштирокидаги аввалги учрашувда томонларни қизиқтирган соҳаларда қўшма тадқиқотларни бошлашга келишилгани қайд этилди.

И. Абдураҳмонов шу пайnгача эришилган келишувларга мувофиқ Курчатов институти мутахассислари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги хусусан, узумчилик ва виночилик соҳаларини ривожлантиришга қаратилган шартнома тайёрлангани тўғрисида маълумот берди.

O. Нарайкин Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида ўзи илмий салоҳияти билан доимо ажралиб тургани, ўзбек атоқли олимлари, академиклари ва профессорлари жаҳон илм-фанига улкан ҳисса қўшиб келганини таъкидлади. Шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, илмий институтлар ва марказлар билан кенг форматли ҳамкорликни биргаликда ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Курчатов институтининг узумчилик ва виночилик соҳасидаги илмий-тадқиқот салоҳияти билан танишиш учун Ўзбекистон мутахассисларининг ташрифини ташкил этиш масаласида, О. Нарайкин шу йилнинг октябрь ойида олимлар делегациясини қабул қилишга тайёр эканлигини айтди.

Инновацион ривожланиш вазири россиялик ҳамкорларни жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган INNOWEEK-2021 Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этишга таклиф этди.