Янгиликлар

Аллергия мавсуми олдидан халқаро тренинг ташкил этилди

11-13 сентябрь кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология маркази томонидан «Аллерген-специфик иммунотерапия асослари 1-халқаро мактаби» номи остида тренинг ташкил этилди. Бу дарслар бутун республика бўйлаб аллерголог-шифокорларни бирлаштирди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Самарқанд вилоятларидан келган шифокорлар соҳанинг етук мутахассисларининг маърузаларини тингладилар, амалиётларида учрайдиган турли масалаларни муҳокама қилдилар. Тренинг Халқаро молекуляр аллергология марказининг халқаро консультантлари, жумладан Грузия аллергология ва клиник- иммунология Ассоциацияси вице-президенти, профессор Мая Готуа, Австрия Молекуляр аллергология ва иммунология халқаро университети асосчиси ва вице президенти, профессор Виктория Гариб ҳамда марказнинг клиник раҳбари Гулнора Жамбекова томонидан олиб борилди. Уч кунлик дарслар аллергологиянинг бугунги кундаги асосий муаммолари ва уларга халқаро майдонда таклиф этилаётган ечимлар ҳақидаги тақдимотлари билан янада фойдали бўлди.

Тренинг давомида қуйидаги муаммолар муҳокама қилинди:

Аллергик касалликларнинг патогенези ва уларнинг молекуляр таснифига асосланган замонавий аллергик вакциналарнинг таъсир механизми;
Аллерген-специфик иммунотерапияни болалар ва катталарда қўллаш учун беморлар персонализацияси
Аллерген-специфик иммунотерапия учун замонавий препаратларни қўллаш ва клиник протоколлар
«Бу каби тренинглар нафақат ҳудудлардан келган шифокорлар учун, балки биз учун ҳам фойдали бўлди, – дейди Халқаро молекуляр аллергия маркази клиник директори Гулнора Жамбекова. – Турли ҳудудлардан келган аллергологларнинг турли хил беморлари ҳақида эшитиб, шуни тушундикки, Ўзбекистон иқлим шароитига қараб аллергия турлари ҳам ўзгариб бораверади. Масалан, қуруқ иқлим шароитида яшовчи одамларни чанг ва босимга нисбатан аллергия кўпроқ безовта қилса, водийда яшовчи аҳоли, ҳашаротлар жумладан, асалари чақишидан катта зарар кўради. Тошкентда, мисол учун, асалари чақиши водийдагичалик катта реакция берганини кўрмаганмиз».

Уч кун давом этган тренинг иштирокчиларга катта таассурот ва кўникмалар берди. Тадбир якунида йиғилганларга сертификатлар тортиқ қилинди.