Янгиликлар

Инновацион фаолиятда ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши

Рақамлаштириш, ахборот технологияларини ривожлантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Ҳаётимизнинг турли жабҳаларига -- ишлаб чиқаришга, иқтисоднинг барча йўналишларига, ижтимоий соҳага ахборот технологияларни кириб келиши учун уларни ривожлантириш, шу соҳада тадқиқотлар олиб бораётган олимларни қўллаб -қувватлаш, АКТ соҳасида фаолият юритаётган дастурчиларга ғояларни амалга оширишлари учун имконият яратиш ва изланишда бўлган ёш тадқиқотчиларни хорижда малака оширишларига кўмаклашиш лозим

Инновацион ривожланиш вазирлиги Инновацион фаолиятда ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши бўйича қатор ишларни амалга оширмоқда. Қуйида шулар ҳақида маълумот берамиз:

  • 2020-2021 йилларда АКТ йўналишидаги 12,5 млрд. сўмлик 20 та илмий, амалий ва фундаментал лойиҳа молиялаштирилган;
  • вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан 2020 йилда умумий қиймати 6.2 млрд сўм бўлган ёш олимларнинг 6 та АКТ соҳасига оид амалий инновацион лойиҳалари ҳамда «2020 йилга энг яхши 20 та стартап лойиҳалар» танлови натижаларига кўра энг истиқболли 5 та АКТ соҳасидаги стартап лойиҳалар молиялаштирилган;
  • иқтидорли ёшларни инновацион билимларни ошириш, шунингдек лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда тижоратлаштириш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган “Technoways” технологик ривожланиш марафонида энг истиқболли деб топилган 30 та АКТ соҳасидаги лойиҳа 570 млн сўм миқдорида молиялаштирилди;
  • умумий қиймати 3 млрд. сўм бўлган ахборот технологиялари фан йўналиш бўйича ёш олимларнинг амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди;
  • Республикамизнинг барча ҳудудларида мавжуд муаммоларга нисбатан дахлдорлигини ошириш, янги инновацион ечимлар ишлаб чиқишлари мақсадида ташкил этилган “Urban.Tech Uzbekistan” Хакатон мусобақасида 4 та жамоа АКТ соҳасида энг яхши натижа кўрсатгани учун 37,5 млн. сўмдан мукофот пули билан тақдирланди. Шунингдек, жорий йилнинг 4 чорагида ҳакатон мусобақасининг 2 мавсуми ташкил этилади. Унда умумий мукофот жамғармаси 150 млн сўм бўлган 4 та соҳа бўйича АКТ соҳасига оид лойиҳалар амалга оширилади;
  • АКТ йўналишида хорижий стажировкага 10 нафарга яқин ёш олим юборилди ҳамда ҳозирда яна 15 нафарга яқин ёш олим юборилиши режалаштирилган;
  • АКТ йўналишида 24 нафар илмий даражали кадр тайёрланди, шунингдек ҳозирда 230 нафардан зиёд изланувчилар илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланмоқда;
  • 2019-2021 йиллар давомида АКТ йўналишидаги 11,9 млрд. сўмлик 16 та стартап лойиҳа молиялаштирилди;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 ноябрдаги 696-сон қарори билан барча соҳалар шу жумладан, АКТ йўналишидаги фанлар бўйича ҳам олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул қилишда тегишли фан йўналишларида миллий сертификатга эга бўлган талабгор мутахассислик фани бўйича имтиҳондан озод этилиши ва унга мутахассислик фани учун белгиланган максимал балл берилиши белгиланди.

 

Натижада 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Глобал инновацион индекс рейтингида ўз ўрнини 29 поғонага яхшилаб, 122 ўриндан 93 ўринга кўтарилди.

Шунингдек, Инновацион фаолиятни рақамли трансформация қилиш, инновацион фаолиятни рақамлаштириш борасида 5 та ахборот тизими (grant.mininnovation.uz, ias.gov.uz, uzmip.uz, portal.spcenter.uz, phd.mininnovation.uz) жорий этилган.