Янгиликлар

«Тубдан янгиловчи» инновациялардан – фаол ва ташаббускор жамият сари

2018 йилда Президентимиз томонидан давлат бошқарув ва ижрочи органлари ҳамда ташкилотларнинг инновацион ривожланишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган муҳим ҳужжат – «2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон билан Ўзбекистон Республикасини 2019-2021 йилларда инновацион ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Стратегиянинг бош мақсади этиб инсон капиталини ривожлантириш белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси 2030 йилга келиб Глобал инновация индекси рейтингида жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторидан ўрин олиши асосий вазифалардан бири ўлароқ кўрсатилди.

Республикада сўнгги йилларда инновацион фаолият борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 2020 йилда Глобал инновацион индекси халқаро рейтингига беш йиллик танаффусдан сўнг, 2015 йилга нисбатан 29 поғонага кўтарилган ҳолда қайта киритилди.

Ҳозирда эса Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2022-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди ва ҳозирда тегишли ташкилот, муассасалар билан муҳокама қилинмоқда. Ушбу стратегия Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида дастлабки ривожланган етакчи 50 давлат қаторидан ўрин эгаллашида ҳозирга қадар амалга оширилган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Хўш, ўтган қисқа даврда мамлакатда илм-фан ва инновациялар соҳасида қандай фундаментал ишлар амалга оширилди?

Аввало, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фан доктори илмий даражасига эга профессорларнинг базавий лавозим маошлари 2016 йилга нисбатан 3,2 баробар ҳамда илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби жорий этилиши муносабати билан республикадаги олимларнинг ойлик маоши 5 баробар оширилди.

Илм-фан ва инновацион фаолиятни янада ривожлантириш ҳамда кадрлар илмий салоҳиятини мустаҳкамлашнинг қонуний асосларини белгиловчи 3 та муҳим ҳужжат – «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида», «Инновацион фаолият тўғрисида» ва «Таълим тўғрисида» қонунлар қабул қилинди.

Ҳозирда юртимизда илғор хорижий тажрибалар асосида илмий- тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилди. Янги тартиб сифатида, якуний маҳсулот ва молиялаштириш ҳажми аниқ бўлган тематик лойиҳаларга давлат буюртмаси мунтазам равишда эълон қилинмоқда. Натижада рақобат муҳити шаклланди, доимий грант маблағларини олиш имкони яратилди. 2017 йилга нисбатан битта лойиҳани молиялаштириш 3,5 баробарга ошди ҳамда маблағларнинг камида 40 фоизи илмий-тадқиқот фаолиятидаги зарурий асбоб-ускуналар, реагент ва материаллар харидига йўналтирилди.

Мамлакатда илмий ҳажмдор стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда ғоядан истеъмолчигача бўлган барча босқичларни қамраб олган стартап экотизими йўлга қўйилди. Илк бор давлат грант маблағлари ҳисобидан стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилиб, умумий қиймати 40,5 млрд. сўмлик 48 та стартап лойиҳа молиялаштирилди ва рақобатбардош янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ташкил этилди.

Мамлакат иқтисодиётига илмий ҳажмдор янги технологияларни тезкор жорий қилиш учун технологиялар трансфери амалиётга киритилди. Хориждаги илғор технологиялар трансфери асосида умумий қиймати 3,3 млн. АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.

2018-2020 йилларда 18 та илмий ташкилот, 10 та илмий марказ ва 4 та технопарк ташкил этилди. Илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда манфаатдорликка асосланган «Олим–банк–тадбиркор» учлиги иштирокида илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг янги тизими йўлга қўйилди. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш доирасида умумий қиймати 149,5 млрд. сўм миқдордаги лойиҳалар тайёрланди ва ишлаб чиқарилган илмий ҳажмдор маҳсуотлар ҳажми 62 млрд. сўмдан ошди.

Илмий лаборатория ускуналарини харид қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. 2018 йилдан ҳозирга қадар 9 та илмий-тадқиқот муассасасига 69 та лаборатория ускуналари ўрнатилди ҳамда харид қилишнинг янги соддалаштирилган тартиби бўйича 2020 йилда 15 та илмий-тадқиқот муассасасига 200 дан ортиқ лаборатория ускуналари харид қилинди. Илмий- тадқиқот муассасаларига замонавий лаборатория асбоб-ускуналари харид қилиш учун 30,4 млн. АҚШ доллари ҳамда бино-иншоотларни таъмирлаш учун 116 млрд. сўм ажратилди. Бундан ташқари илмий фаолиятни амалга оширувчи бюджет ташкилотлари томонидан реактивлар ва реагентларни харид қилиш давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилинадиган товарлар рўйхатига киритилди.

Иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилди. Ҳозирда ушбу академияга республиканинг барча вилоятларида ўзининг 15 нафар лидерига эга бўлган 2000 нафардан ортиқ ёшлар аъзо бўлган.

2020 йилда ёш олимларнинг амалий ва инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёшлар академияси томонидан 30,2 млрд. сўмлик амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди.

2021 йил апрель ойида иқтисодиётнинг реал сектори ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларидан келиб чиқиб, илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини юксалтириш, шунингдек, хорижий технологиялар трансферини амалга ошириш ва маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси ташкил этилди.

Ҳудудларда инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш, мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларга илмий-техник ечимлар таклифини шакллантириш, ҳудудий илмий-тадқиқот лойиҳаларининг тижоратлаштирилишини таъминлаш, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг «маҳаллабай» тарзда ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини тўлиқ ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг инновацион ривожланиш бошқармалари ташкил этилди.

Дунё тажрибасига мувофиқ инновацион экотизим ўзаро боғлиқ бўлган «тубдан янгиловчи» (disruptive), «барқарор» (sustainable) ва «самарадор» (efficient) инновациялардан таркиб топган. «Тубдан янгиловчи» инновациялар анъанавийларидан мутлақо фарқли хусусиятлар ва имкониятларга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ёки хизмат турларини ташкил қилишдан иборат бўлиб, аксарият ҳолларда катта маблағ талаб қилади. Бироқ кўплаб янги иш ўринларини яратишга сабаб бўлиши билан катта аҳамият касб этади. «Барқарор» (sustainable) инновациялар – тез ўзгарувчан истеъмол бозорида «тубдан янгиловчи» инновацияларнинг барқарорлигини таъминлаш ва мунтазам тарзда такомиллаштириб боришдан иборат бўлиб, янги иш ўринларини яратмайди ва катта маблағ талаб қилмайди («тубдан янгиловчи» инновация бозорини ва харидорини муқимлаштириб, жозибадорлигини таъминлаб туради).

Ўзбекистонда «тубдан янгиловчи» – «барқарор» – «самарадор» инновацияларнинг циклик муносабатларини (яъни инновацияларни) яратиш учун инновациянинг ўзи капитал ишлаши – «инновация-капитал-инновация» даврийлигини ўзида мужассам этган яхлит тизим мавжуд эмас ва унинг асосий жараёнлари ўта тарқоқ шаклда қолиб кетмоқда. Инновацион экотизим субъектларига ана шундай циклик инновацион экотизмнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ўқитиш, фаолият кўрсатиш учун ҳуқуқий-молиявий шароитлар яратиш ҳамда ҳар бир бўғиннинг вазифа ва мажбуриятларини белгилаб бериш 2030 йилгача олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир.

Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади. Бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани ҳам ҳақиқат. Биргина 2021 йил якунига кўра ёшлар орасида янги иш ўринларига бўлган талаб 1 350 мингдан ортади. Мамлакатда иш билан таъминланишга муҳтожлар рўйхатига асосланган «темир», «аёллар», «ёшлар» дафтарларига кирган аҳоли динамикаси сақланиб турибди.

Республикада аҳоли, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар давомли тарзда олиб борилмоқда. Жумладан, 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди. Ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимлар жорий этилиб, ўғил-қизларнинг таклифлари «маҳаллабай» тарзда ўрганилмоқда. Мамлакатнинг барча ҳудудларида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ташкил этилмоқда.

Бугунги кунда республика ҳудудларининг ривожланиши табиий ресурслардан экстенсив даражада фойдаланиш ҳисобига амалга оширилмоқда. Мавжуд табиий ресурслар захираси камайиши хавфининг ошиб бораётгани, мамлакат ялпи ички маҳсулотида (ЯИМ) илмий ҳажмдор (инновацион) маҳсулотлар улушини оширишда жаҳоннинг етакчи давлатларининг илғор тажрибаларини ўзида мужассам этган саноат кластерларни ташкил этиш заруратини туғдирмоқда.

Жаҳон тажрибасига кўра кластерлаштириш етакчи давлатлар иқтисодиётининг тахминан 50% ни қамраб олган. АҚШда 55% дан ортиқ корхоналарнинг фаолиятлари кластерлар доирасида олиб борилади. Кластерларнинг ЯИМдаги улуши эса 65% дан ортади. Европа давлатларида 2 мингдан ортиқ кластерлар мавжуд бўлиб, бу кластерлар инновацион корхоналарни бирлаштириш орқали бир томондан самарадор инновацион фаолиятга эришаётган бўлса, иккинчи томондан, янги иш ўринлари ташкил қилиш билан аҳоли бандлигини 38 фоизга таъминламоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда кластерлаштириш тизимини яратиш учун кластер ва кластер сиёсатини ривожлантириш ҳамда унинг дунё иқтисодиётига интеграциясини таъминлашда давлат бошқарувини йўлга қўйиш, унинг норматив-ҳуқуқий асосларини яратиш, соҳадаги тушунчалар бўйича ягона концепция ва мувофиқлик мезонларини ишлаб чиқиш, кластерларнинг рўйхатга олиш реестрини шакллантириш, уларнинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлиги (интеграцияси)ни таъминлаш ҳамда соҳага юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш каби зарур ишлар бажарилиши лозим.

Шу билан бирга инновациядан яратилган қийматнинг маълум қисмини даврий ва узлуксиз тарзда яна янги маҳсулот ва иш ўринлари яратишга қайтариш механизмларини шакллантириш вазифасини ҳам адо этиш давр талабидир. Сабаби ҳар қандай янги маҳсулот ва иш ўрни яратувчи «тубдан янгиловчи» инновацияга доимий капитал сарфланиши зарур.

Бу борада албатта, давлат бюджети ҳамда мақсадли инновация жамғармаларига ажратилган маблағлар «тубдан янгиловчи» инновацияларни капитал билан таъминловчи асосий омил бўлса-да, самарадор инновация эгалари ва манфаатдор ташкилотлар, жумладан, тармоқ ва кластер корхоналари ҳамда тижорат банклари (бошқа корхоналар) инновациялардан яратилган капиталнинг маълум қисмини яна «тубдан янгиловчи» инновацияларга ўзаро манфаатдорликка асосланган механизмлар асосида узлуксиз қайтариб туришлари лозим.

Жаҳон тажрибасига кўра Америка Қўшма Штатлари, Европа, Канада ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)га аъзо давлатларда углерод ва тоғ-кон корхоналари томонидан яратилган капиталнинг бир қисмини мамлакатда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик «тубдан янгиловчи» инновацияларга доимий йўналтириш, инновацион фаолиятга турли солиқ имтиёзлари бериш жорий қилинган. 2018 йилдан бошлаб АҚШдаги ислоҳотлардан сўнг Австрия, Дания, Гонконг, Янги Зеландия, Сингапур, Польша каби қатор мамлакатларда бундай амалиётлар жорий этилди ва мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга қадар инновацион ривожланган 50 илғор давлат қаторидан ўрин эгаллашида бозор талабларига мослашувчан миллий инфратузилманинг ривожлантирилганлиги, мамлакатнинг илмий салоҳияти, илмий-тадқиқот фаолиятлари самарадорлиги ва уларнинг тижоратлаштирилиш даражаси, ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳаларида дастлабки хом ашё маҳсулотларидан истеъмолчигача бўлган бутун таъминот занжирининг узлуксизлигини таъминлаш талаб қилинади. Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишда халқаро сифат сертификатига эга корхоналар сони қониқарли даражада эмаслиги, янги иш ўринларига бўлган эҳтиёжнинг ўта юқорилиги ва аҳоли орасида камбағалликни камайтириш, ўсиб келаётган ёшларни ва ишсиз аёллар қатлами бандлигини таъминлаш, Ўзбекистонда юқорида қайд қилинганидек, янги ва барқарор инновацион экотизимни ривожлантириш илм-фан, технология ва инновация тизимида янада изчил ислоҳотлар олиб бориш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бош мақсадга эришишда стратегиянинг асосий вазифалари сифатида таълимнинг барча босқичларида яратувчанлик, инновацион тадбиркорлик ва рационализаторлик кўникмаларини ривожлантириш орқали инновацион фаолиятни бошқаришдa инсон капиталини янада ривожлантириш белгиланди. Шунингдек, инновацион инфратузилма субъектлари (технопарклар, стартап акселераторлар, инкубаторлар ва технологиялар трансфери офислари) тармоқларини ташкил этиш орқали стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Янги турдаги маҳсулотлар ва инновацион технологиялар яратишнинг ғоядан якуний истеъмолчигача бўлган комплекс тизимини таъминлаш орқали инновацияларга бўлган талабни рағбатлантириш, инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг институционал механизмларини такомиллаштириш орқали инновацион фаол корхоналар улушини ошириш ҳам стратегиянинг вазифаларидан ҳисобланади.

Инсон капиталини ривожлантириш билан бир қаторда Инновацион инфратузилма субъектлари (технопарклар, стартап акселераторлар, инкубаторлар ва технологиялар трансфери офислари) тармоқларини ташкил этиш орқали стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини ривожлантириш ишлари ҳам олиб борилади.

Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери марказлари фаолиятини кенг йўлга қўйиш орқали истиқболли инновацион лойиҳалар, стартап ташаббусларга акселерация, логистика ва молиялаштириш хизматлари кўрсатилади. Ўз навбатида, технологияларни лицензиялаш марказлари илмий-тадқиқот институтлари, университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасида яқин ҳамкорликни ўрнатиш, интеллектуал мулкни сотиш учун лицензия шартномаларини тайёрлаш, технологиянинг истеъмолчилари бозорини қидиришга ёрдам беради.

Венчур, краудфундинг каби стартап ташаббуслар ва лойиҳаларни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини шакллантириш, «Бўлажак олим», «Хакатон» танловлари, «Техновейс» марафонлари каби рақобат муҳитига асосланган соддалаштирилган молиялаштириш тадбирларини кенгайтириш бозорга янги хизматлар ва маҳсулотлар кириб келишини таъминлайди. Ҳудудий инновация марказлари ва технопаркларни малакали кадрлар билан таъминлаб, инновация марказлари учун ягона бошқарув тизими йўлга қўйилади.

Олий таълим муассасаларида тадбиркорлик муҳити ва фаолиятини шакллантириш ҳамда илмий-тадқиқот натижаларининг технологик трансферлари академик «спин-офф» компанияларини ташкил этиш орқали рағбатлантирилади. Миллий бренд маҳсулотлар ва хизматлар, жумладан, рақамли дастурий маҳсулотларнинг жаҳон бозорларига самарали кириб бориши таъминланади.

Хусусий секторнинг ишланма ва тадқиқотларга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, хусусий секторнинг инновацион фаолиятдаги иштирокини ва молиялаштирилишини (cо-finance) рағбатлантириш, шу жумладан, хусусий ишланма ва тадқиқот ёки молиялаштириш фаолияти билан шуғулланаётган корхоналар учун махсус қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш бўйича илк қадамлар ташланмоқда.

Шунингдек, илм-фан намояндалари ва тадбиркорлар ҳамда ёшлар ўртасида интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилишнинг аҳамияти ҳақида маърифий тадбирлар ўтказиш эҳтиёжи юзага келган. Ушбу соҳада интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланишни тартибга солишни мустаҳкамлаш ва жавобгарликни ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Яна бир муҳим соҳа – кичик тадбиркорликнинг инновацион фаоллигини оширишдир. Ўз навбатида, аҳолининг кичик инновацион ишлаб чиқариш фаолиятларини давомли равишда қўллаб-қувватлашда ҳудудий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг маҳалла институтлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатишга қаратилган самарали механизмларини жорий этиш орқали маҳаллий илмий, рационализаторлик ва стартап ишланмаларни тижоратлаштириш кенгайтирилади.

2022-2025 йилларда кичик инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тайёр «1000 та инновацион лойиҳа» портфелини шакллантириш ва босқичма-босқич амалга ошириш талаб қилинади. Шунингдек, муваффақиятли кичик инновацион ишлаб чиқариш корхоналарини республиканинг бошқа географик ҳудудларига трансфер қилиб, ҳудудларнинг иқтисодий ихтисослашуви, илмий-техник салоҳияти ва мавжуд ресурсларини ҳисобга олган ҳолда инновацион ривожланишнинг ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилади.

Ҳудудлардаги иқтидорларни аниқлаш, рағбатлантириш ва уларни илм-фан билан шуғулланишлари учун марказий олий таълим муассасалари, Ёшлар академияси ва Фанлар академияси тизимига «Академик ҳаракатчанлик» ва «Бўлажак олим» дастурлари орқали жалб қилиш билан янги авлод илм-фан жамоалари ва мактабларини шакллантириб бориш каби ишлар бажарилиши керак.

Ўрни келганида бу борадаги ютуқ ва муваффақиятларни ҳам айтиб ўтиш жоиз. Мисол учун, Самарқанд вилоятининг Ургут, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Наманган вилоятининг Чуст ва Андижон вилоятининг Марҳамат туманларини инновацион полигонга айлантириш ишлари тадбиркорлар ва аҳоли томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Мамлакат Президентининг ҳар бир ҳудуддаги ўзига хос хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш ташаббуси ўзини тўла оқлади.

Инновацион кластерлар тармоғини ривожлантириш орқали капитал яратиш учун ҳам бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Чунончи, илғор хорижий давлатларнинг эришган ютуқларини инобатга олган ҳолда мамлакатимизда «кластер» ва «кластер сиёсати»нинг ягона концепцияси ҳамда қонуни ишлаб чиқилади. Стартап ва кичик инновацион корхоналарни ўзаро манфаатдор «пиноцитоз» (қамраб олиб, ўзлаштириш) механизми асосида инновацион кластерлар ёки йирик корхоналар ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш инновацион ва юқори технологияли маҳсулотлар бозорининг кенгайишига олиб келади.

Бунда жаҳон тажрибаси асосида, устав фондида давлат улуши 50 ва ундан ортиқ фоизни ташкил этадиган хўжалик жамиятларининг, шунингдек, давлат корхоналарининг солиқ солиниши лозим бўлган фойдасининг бир фоизи миқдоридаги мажбурий ажратмаларини «тубдан янгиловчи» инновациялар яратишга ва жорий қилишга йўналтириш назарда тутилмоқда. Бошқа корхона ва ташкилотлар, мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳар чоракда сотилган маҳсулот қийматининг бир фоизигача бўлган миқдорда илмий фаолият ва «тубдан янгиловчи» инновацияларга ихтиёрий ажратилиши тизими йўлга қўйилади.

Тарихан қисқа даврда амалга оширилиши кўзланган режа ва мақсадлар мана шулардан иборат. Кўп йиллар давомида замонавий инновацион янгиликларни жорий қилишдан ортда қолиб келган, мулкчилик муносабатларидан ишлаб чиқариш ва хизмат соҳасигача бўлган жуда кенг тармоқларда кечаги кун тамойиллари ва тушунчалари билан яшаб келаётган бир қанча соҳаларга бундай ўзгаришлар ижобий туртки беради, албатта. Пировардида эса мунтазам равишда ўз эҳтиёжлари ва муаммолари ечимига қаратилган «тубдан янгиловчи» инновацияларга сармоя киритиш маданиятига эга инновацион фаол ва ташаббускор жамият шаклланади.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

инновацион ривожланиш вазири,

академик