Янгиликлар

Илм-фанда эришилаётган ютуқлар бардавом бўлсин!

Ҳеч кимга сир эмас, 2016 йилга келиб илмий ҳамжамият олдида жуда катта муаммолар пайдо бўлган, илмий тадқиқотларга иштиёқ кундан кунга йўқолиб, олимлик мақомига эришиш ҳавас бўлмай бораётган эди. Илм ва ижодкор аҳлини ҳадеб қадамларини суриштирилаверишидан безиб кетган олимлар ҳадиксираган, ҳафсаласи пир бўлган жамоаларга айланиб бўлганди.

Ҳаммамизнинг эсимизда, Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 30 декабрида, тиғиз Янги йил байрами арафасида, академиклар ва илм-аҳли билан учрашиб, кун давомида ҳар бир катта кичик таклифларни сабр-қаноат билан тинглаб, эндиги йўл фақат илм-фан ва таълимни ривожлантиришда эканини қайта-қайта таъкидлагандилар. Кўплар бунга ишонмагандек эди, лекин Президентлик лавозимига келишлари билан Шавкат Мирзиёев илм аҳли билан яна 5 маротаба алоҳида учрашиб, мавжуд муаммоларни босқичма-босқич муҳокама қилдилар. Натижада, ўтган қисқа муддатда, янги кашфиётлар ва инновацияларни рағбатлантирувчи мутлақо янги тизим яратилди.

Илм-фан ва инновацион фаолиятни тартибга солувчи 2 та Қонун қабул қилинди, натижада соҳада рақобат, манфаатдорлик ва жавобгарлик муҳити шаклланди. Муҳими қўрқув йўқолиб, эркин ижод қилишга шароит пайдо бўлди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда 20 дан ортиқ янги илмий ташкилотлар, 10 та илмий марказ ва 5 та инновацион технопарклар ташкил этилди.

Олимларнинг иш ҳақи 3 баравар оширилиб, фан номзодларига 30 фоиз, фан докторларига 60 фоиз устама тўлаш тартиби жорий қилинди.

Илмий ташкилотларга замонавий асбоб-ускуналар харид қилиш учун 32 миллион доллар, бино-иншоотларни таъмирлаш ишларига 120 миллиард сўм ажратилди.

2022 йилга қадар илм-фанга ажратиладиган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 4 бараварга (3,6 триллион сум), 2025 йилгача эса 6 бараварга (5,4 триллион сўм) ошириш чоралари белгиланди.

Ҳозирги кунда олимларимиз Германия, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Венгрия ва Беларус давлатлари билан умумий қиймати 62,9 млрд. сўмлик 70 дан ортиқ халқаро қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширмоқда ва бу лойиҳаларга Ўзбекистон давлати тенг шерик сифатида маблағ ажратяпти. Авваллари бу фақат орзу эди холос - илмий грантлар учун хориж ташкилотидан маблағ қидириб юрар эдик десак муболаға бўлмайди.

Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми асосида кейинги йилларда устувор йўналишлар сифатида биотехнология, яшил энергетика, ресурсларни тежайдиган қишлоқ хўжалиги технологиялари, сунъий интеллект ва тиббиёт соҳасида юқумли касалликлар, онкология ва кардиология йўналишларида янги технологияларни яратиш белгилаб олинди.

Мамлакатда олиб борилган узоқни кўзлаган оқилона сиёсат натижасида бугунги кунда олим ва мутахассислар, тармоқ корхоналари вакиллари, айниқса иқтидорли ёш олимлар учун янги ғоя ва инновацияларни генерация қилувчи ўзига хос платформа шаклланиб бормоқда.

Олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 2020 йилда Глобал инновацион индекс рейтингида 29 поғона юқорилаб, 122 ўриндан 93 ўринга кўтарилди.

Илк маротаба мамлакатда илмий ҳажмдор кичик серияли инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқишга қаратилган стартап экотизимига асос солинди.

Мамлакатда умумий қиймати 75,1 млрд. сўмлик 108 та илмий ишланмаларни тижоратлаштириш лойиҳалари, шунингдек 60,3 млрд. сўмлик 88 та стартап лойиҳалар молиялаштирилди. Келгусида ҳар йили ушбу мақсадлар учун 100 млрд. сўмгача маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Янги илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун шарт-шароитлар яратилиб, «Олим-тадбиркор-инвестор» платформаси доирасида 227 та илмий ишланмалар тижоратлаштирилиб, умумий қиймати 123,0 млрд сўмлик инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Вилоятларимиздаги 13 та туманлар танлаб олиниб, улар мақсадли равишда инновацион ҳудудларга айлантирилмоқда. Ўзбекистонда халқимиз бугун ўз ҳаётларида инновацияларни ҳис қилишларига катта урғу берилмоқда. Ҳар бир ҳудудда камида 10 миллиард сўмлик илмий-ҳажмдор янги инновацион ишланмалар тижоратлаштирилиб, “инновация-янги ишчи ўрини», «инновация янги авлод тадбиркорлиги» тамойили амалга оширилмоқда. Мақсад ҳар бир инновацион ҳудудда инновацион ишланмаларни жорий қилиш орқали камида 300 та янги ишчи ўрин яратишдир. Бу биринчи марта Ўзбекистон тажрибаси сифатида мамлакатда амалга оширилмоқда.

Коронавирус пандемияси даврида ҳам Шавкат Мирзиёев томонидан илм-фанни қўллаб қувватланиши ва олимларга шароит яратилиш туфайли илмий тадқиқотлар янги босқичга кўтарилди.

“COVID-19» инфекциясига қарши 6 турдаги янги маҳаллий вакциналар яратилди ва клиник олди синовларига етказилди, иккита маҳаллий вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан номзод вакцина сифатида рўйхатдан ўтказилди, ҳозирги кунда ҳайвонларда лаборатория синовлари ўтказилмоқда.

Тижоратлаштирилган «Рутан» препарати “COVID-19»ни даволаш протоколига киритилди, SARS-CoV-2 инфекциясини аниқловчи тест-диагностикумлар яратилиб ойига 500 минг дона тўплам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шунингдек, Хитойлик ҳамкорлар билан ҳаммуаллифликда SARS-CoV-2 инфекциясига қарши янги вакцина – “ZF-UZ-VAC2001» яратилди, тижоратлаштириш натижасида 20,5 млн дозада вакциналар ишлаб чиқарилиб, аҳолига эмланиш учун етказиб берилди. Ўзбекистонда Jurabek Laboratories корхонаси базасида мунтазам равишда камида ойига 10 млн доза янги рекомбинант вакцина ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Энг муҳими, Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўриб олиб борган ички ва ташқи сиёсатлари туфайли ҳозирги кунда бутун дунёда вакцина тақчил бўлаётган бир пайтда мамлакатимиз бугунги кунда вакциналар билан тўлиқ жиҳатдан таъминланган.Натижада мамлакатимиз вакциналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган дунёдаги 10 та мамлакатлар қаторига кирди.

Ўзбекистонда тарқалган коронавируснинг 250 дан ортиқ намуналари геномлари тўлиқ ДНК кетма-кетлиги аниқланиб, биринчи 112 та намунаси маълумотларини дунё GISAID маълумотлар базасига жойлаш натижасида Ўзбекистон ўз ҳудудида тарқалган коронавирус вариантлари геномини тўлиқ ўқиган 50 та давлатлар қаторидан жой олди.

Президентнинг ислоҳотларининг янги босқичи сифатида мамлакатда биотехнология тармоғига асос солинди. Экспертлар фикрича, 2025 йилга келиб, жаҳонда биотехнология маҳсулотлари бозори қиймати 2 трлн. АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Биотехнология саноатида инвестицияларнинг жорий ўсиши эса 32 фоизни ташкил этади.

Ҳозирда тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида ДНК ва ҳужайравий технологиялар, генетик таҳлиллар, янги биоматериаллар ва биополимерлар олиш технологияларини яратиш устида ишлар бошланди, ноёб биотехнологик препаратларни ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли ҳозирги кунда шаклланмоқда. Бу дастлабки қадамлар кейинги йилларда янада ривожланиб катта ютуқларга айланади.