Янгиликлар

Стажёр-тадқиқотчилар, таянч докторантлар ва докторантларнинг ўзгарган миқдордаги стипендияларини тўлаш билан боғлиқ тўсиқлар олиб ташланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий ва инновацион фаолиятни бошқариш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 27 августдаги 545-сон қарори 3-иловаси билан Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 18 августдаги 233-сон қарори иловаси «Давлат бюджет маблағлари ҳисобига давлат илмий дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий ва раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошлари миқдорлари» тасдиқланди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари қабул қилиниши муносабати билан базавий лавозим маошлари ўзгарган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг илмий ва раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошлари миқдорларини ўзгартириш тўғрисидаги қўшма қарори ишлаб чиқишлари бекор қилиниб, базавий лавозим маошлари ўзгарганда тўғридан-тўғри «Давлат бюджет маблағлари ҳисобига давлат илмий дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий ва раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошлари миқдорлари» ўзгариши белгиланди.

Бу билан, стажёр-тадқиқотчилар, таянч докторантлар ва докторантларнинг ўзгарган миқдордаги стипендиялари ҳамда уларнинг илмий раҳбар/консультантларига меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ тўсиқлар олиб ташланди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълимдан кейинги таълим тўғрисида низомга ўзгартириш киритилди.

Хусусан:

«Фан доктори бир вақтнинг ўзида тўрттадан кўп бўлмаган изланувчиларга илмий раҳбар ва консультант бўлиши мумкин. Сўнгги уч йилда изланувчилари ўз вақтида ҳимоя қилган илмий раҳбар ва илмий консультантларга илмий ёки таълим ташкилотларининг коллегиал органи хулосаси асосида олтитадан кўп бўлмаган изланувчилар бириктирилиши мумкин.

Илмий унвони бўлган фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) бир вақтнинг ўзида иккитадан кўп бўлмаган изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиши мумкин. Сўнгги уч йилда изланувчилари ўз вақтида ҳимоя қилган илмий раҳбарларга таълим ёки илмий ташкилотнинг коллегиал органи хулосаси асосида учтадан кўп бўлмаган изланувчилар бириктирилиши мумкин.

Хорижий фуқароларга ёки фуқаролиги бўлмаган изланувчиларга ўрнатилган меъёрдан ортиқ илмий раҳбар ёки консультантлар тайинланиши мумкин.»

Мазкур қарорнинг аввалги таҳририда фан докторларига бир вақтнинг ўзида учтадан кўп бўлмаган изланувчиларга илмий раҳбар ва консультант қилишлари, илмий унвони бўлган фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий раҳбарлик ёки илмий консультант фаолияти самарадорлиги таҳлили асосида Коллегиал орган тавсиясига кўра бир вақтнинг ўзида фақат икки нафар таянч докторантга ва мустақил изланувчига илмий раҳбар этиб бириктирилиши мумкин эди.

Давлат бюджетидан илмий ва таълим ташкилотлари аккредитациядан ўтган ихтисосликлар бўйича олий таълимдан кейинги таълим институтларининг самарадорлик кўрсаткичларига асосан тақсимланган қабул квоталаридан ортиб қолган ўринлар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қайта тақсимланади.

Олий таълимдан кейинги таълим институтларига кириш имтиҳонлари ва суҳбат жараёнларини видео кузатув остида (онлайн трансляция) ўтказиш чоралари кўрилади.

Таянч докторантурага кириш имтиҳонлари бўйича топшириладиган биринчи фан (мутахассислик ёки чет тили) умумий балининг 50 фоизидан кам балл тўплаган талабгорлар кейинги босқичга ўтказилмайди

Бу билан кириш имтиҳонлари ва суҳбат жараёнлари шаффофлиги таъминланиши, шунингдек, салоҳиятли талабгорлар сараланиши белгиланмоқда.