Янгиликлар

Фуқаролар мурожаатлари бўйича ишлар танқидий таҳлил қилинди

24 июль кун Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масаласига қаратилган йиғилиш ўтказди Йиғилишда вазирлик масъул ходимлари, вазирлик қуйи ташкилотлари раҳбарлари қатнашдилар. Унда 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича таҳлил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида кўрилган масалалар муҳокама қилинди, берилган топшириқларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Мазкур йиғилишда Инновацион ривожланиш вазирлигида 2021 йилнинг I ярим йиллигида вазирликка келиб тушган мурожаатларнинг танқидий таҳлили муҳокама қилинди. Таъкидлаш жоизки, вазирликка 2021 йилнинг ўтган биринчи ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахслардан жами 636 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 122 таси Президент виртуал қабулхонаси орқали ва 514 таси тўғридан тўғри вазирликка мурожаат шаклида ёки бошқа идора ва ташкилотлар орқали келиб тушган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 584 таси жисмоний шахслардан, 52 таси юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлардир.

Мурожаатларнинг 105 таси ёзма, 285 таси оғзаки, 246 таси электрон мурожаатлардир.

Келиб тушган мурожаатларнинг 593 таси (яъни 93 %) вазирлик аппаратида кўриб чиқилиб, 43 таси (7 %) тааллуқлилиги бўйича бошқа идора ва ташкилотларга юборилган.

Вазирликда кўриб чиқилган мурожаатларнинг 460 таси (78 %) қаноатлантирилган, 133 та (22 %) мурожаат бўйича тушунтириш берилган.

Вазирликка келиб тушган 593 та мурожаатларнинг 256 таси (43%) яъни энг кўп қисми Тошкент шаҳри улушига тўғри келса, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 334 та, бошқа давлатлардан 5 та мурожаат келиб тушган.

Республика ҳудудларида илм-фан намоёндалари, олимлар, тадқиқотчилар ва ёшлар билан 4 маротаба сайёр учрашувлар ўтказилиб, уларда кўтарилган қатор масалалар ижобий ҳал этиб келинмоқда.

Ўз навбатида вазирликда фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш ишларини янада кенгайтириш, аҳолига қулайлик яратиша мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарияти томонидан мурожаатчиларни ҳафтада 2 марта қабул қилиши зарурлиги қайд этилди. Бунда бугунги кундаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб ҳамда мурожаатчиларнинг вазирликка келиш учун кетадиган вақтлари тежаш мақсадида фуқаролар видеоконференция алоқа шаклида ташкил этиш ҳам йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳозирда вазирлик сайтида махсус диалог ойнаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унда фуқаролар ўз саволларига бевосита жавоб олиш имкониятга эгалар. Вазирликнинг раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари, тизим ташкилоти раҳбарлари ва ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан сайёр қабулларда мурожаатчиларни қабул қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги, вилоятлардаги ихтирочилар, инноваторлар ва илм аҳли билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.