Янгиликлар

ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ЎЗбекистонда ишлаб чиқариш масаласида Хитой делегацияси Тошкентга келди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги таклифига кўра 23 июль куни Хитойнинг “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси делегацияси Тошкентга етиб келди. Делегация ҳозирда юртимизда қўлланилаётган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ишлаб чиқараётган мазкур компаниянинг бош муҳандиси Ванг ЗиЖун, Экспорт бўлими бошлиғи Чен Фангву ҳамда Чу Йингжин ва Ли Жифяо каби мутахассислардан иборат.

Делегация пойтахтимизга Ўзбек-Хитой вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бориш мақсадида ташриф буюрди. Мутахассислар вакцина ишлаб чиқариш учун инфратузилмавий имкониятларини баҳолайди.

Хитой Фанлар академияси SARS-CoV-2 коронавирусига қарши номзод вакцинасини яратиш лойиҳасининг ташаббускори ва координатори ҳисобланади. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология илмий-тадқиқот институтининг вакцина синовларида бевосита иштироки, шунингдек, клиник тадқиқотларга қўшган ҳиссаси натижасида Ўзбекистон вакцинанинг ҳаммуаллифи сифатида эътироф этилган.