Янгиликлар

Шамол ва қуёш электр станциялари салоҳиятини аниқлайдиган ускуналар ишга туширилди

2021 йил 16 июлда Инновацион ривожланиш вазирлигида республикамизга келтирилган ва ҳозирги кунда Марказий Осиёда ягона бўлган Lidar русумли шамол ва қуёш энергияси салоҳиятини ўлчаш қурилмаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда Энергетика вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, Давлат экология қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва корхоналар, илмий ва таълим муассасалари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур қурилмалар Инновацион ривожланиш вазирлигининг Тармоқ корхоналарида илмий-тадқиқот ва тараққиёт тузилмаларини ривожлантириш бошқармаси ташаббуси билан шакллантирилган, Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда ва АҚШнинг USAID агентлигининг гранти асосида амалга оширилиб келинаётган «Қайта тикланувчи энергия манбаларининг республика ягона энергетика тизимига таъсирини ўрганиш» лойиҳаси доирасида олиб келинди. Илмий тадқиқотларни олиб бориш учун мўлжалланган ускуналарнинг умумий қиймати 322,6 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, булар – 2 дона Lidar русумли шамол салоҳиятини ўлчаш қурилмалари, 1 дона қуёш салоҳиятини ўлчаш ускунаси, 1 дона водород ёқилғи элементи (Hydrogen Fuel Cell) ҳамда 1 дона Lufft русумли об-ҳаво кўрсаткичларини ўлчайдиган «ақлли» сенсор (Smart Weather Sensor) ҳамда республиканинг ягона энергия тармоғини электрон башорат қилиш имкониятини берадиган 1 дона Plexos дастурий таъминотидир.

Ушбу ускуналар мамлакатимизда шамол ва қуёш электр станцияларини қурилиши режалаштириладиган ҳудудларда шамол кучини аниқлашга мўлжалланган ва шамолнинг тезлиги, давомийлиги, йўналиши ҳамда қуёш параметрлари каби кўрсаткичларни ўлчайди.

Бу кўрсаткичлар шамол ва қуёш электр станцияларини қуришда муҳим аҳамият касб этиш билан бир қаторда инвесторларнинг шамол ва қуёш электр станцияларига маблағ ажратиш тўғрисидаги қарор чиқаришлари учун муҳим омил ҳисобланади. Шунингдек, хорижий банклар кредит ҳужжатларини ўрганаркан, мазкур ускуналар ёрдамида амалга оширилган ўлчовлар ишончли ҳисоблайдилар.

Тақдимот якунида Инновацион ривожланиш вазирлигининг қурилмалар билан ишлаш сирларини эгаллаган ёш ходимларига мутахассислик сертификатлари тантанали топширилди.