Янгиликлар

Халқаро форум – дўстона ҳамкорликни тиклаш ташаббусидир

«Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро Форуми қарийб икки миллиард аҳоли истиқомат қилувчи Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг стратегик ҳамкорликдаги муҳим ташаббусларидан биридир.

Хусусан ушбу Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилган таклифлар қаторида илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик ушбу минтақадаги давлатлар учун сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда асосий омиллардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил декабрь ойида Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида Ўзбекистон иқтисодиётни инновацион ривожлантириш йўлидан бориши таъкидланди. Яъни, Ўзбекистон иқтисодиётни ривожлантиришда ўзининг аниқ белгилаб олган позициясига эга бўлиб ҳозирда «ресурсга қарамлик»дан билимга асосланган иқтисодиёт томон катта «трансформация»ни изчил ислоҳотлар асосида амалга оширмоқда.

Бугунги кунда бутун дунё жамияти ўзаро ҳамфикр бўлган тушунчалардан бири – инновациялар XXI асрда глобал муаммоларнинг ечимларидир. Инновациялар доимо техник ва технологик тараққиёт асосида юзага келади. Техник ва технологик тараққиёт эса илмий тадқиқот фаолиятларининг мевасидир. Шундай экан, ҳамкорликдаги қўшма тадқиқотлар ва инновацион ишларни олиб бориш, илмий ва ўқув стажировкаларни, тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш глобал муаммолар ечими учун фундаментал ва амалий таклифлардан биридир. Шунингдек, ахборот технологиялари ривожланган даврда илм-фан ва илмий тадқиқот фаолиятларини мустаҳкамлашда S2S (Science to Science) онлайн платформасининг яратилиши ҳамда олим ва тадқиқотчилар учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этилиши ҳамкорлик натижалари самарадорлигини янада оширади.

Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликларининг яна муҳим бир жиҳатларидан бири бу Глобал инновация индексида минтақалараро етакчиликни қўлга киритишдир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифалардан бири – Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар инновацион ривожланган 50 талик давлатлар қаторидан ўрин олишини таъминлашдир. Глобал инновацион индекснинг 2020 йил натижалари бўйича Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг инновацион фаолиятда эришган ютуқлари алоҳида таъкидланган. Хусусан, Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти бош директори жаноб Франсис Гюрининг Ўзбекистоннинг сўнги йиллардаги инновацион фаолиятда эришган ютуқлари бўйича алоҳида видео мурожаат билан табрик йўллаш орқали эътироф этгани Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликда ўзига хос муҳим ўрин эгаллашини билдиради.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро Форуми ўтган даврларда минтақани эгаллаган қарама-қаршилик ҳамда ишончсизлик муҳити ўрнида яна аввалги тарихий дўстона ҳамкорлик ва бир-бирини англаш даврининг бошланиши бўлиб хизмат қилади ҳамда бутун Евросиё минтақаси учун дўстона ҳамкорлик асосида иқтисодий барқарорликни таъминлашда тарихдаги энг муҳим ташаббуслар қаторидан ўрин олади.

Жаҳонгир Саматов,

Ўзбекистон Республикаси
Инновацион ривожланиш вазирлиги
Илм-фанга асосланган иқтисодиётни
ривожлантириш бошқармаси
бош мутахассиси