Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси ижрочи котиби билан учрашди

15 июль куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси ижрочи котиби О. Алгаерова билан учрашди. Учрашувда томонлар илм-фан ва инновациялар соҳасида икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

О. Алгаерова Ўзбекистонда сўнгги йилларда илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, охирги уч йилда катта натижаларга эришилганини қайд этди.

Учрашувда, шунингдек,, Оролбўйи ҳудудидаги экологик фожиага алоҳида эътибор қаратилиб, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича амалий чоралар кўриш зарурати ҳақида фикрлар алмашилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси доирасида халқаро мулоқотни янада кучайтириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув давомида томонлар инновацион ривожланиш, инновацион тизимларнинг жорий ҳолатини комплекс баҳолаш ҳамда инновацион сиёсатни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича «Ўзбекистон барқарор ривожланиши учун инновациялар» лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда инновация ва тизимни такомиллаштириш соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш имкониятлари ва истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, Марказий Осиёдаги инновацион сиёсатнинг ҳудудлар кесимида таҳлилини қилиш, , инновация ва рақобатбардошлик бўйича амалий семинарлар ўтказиш, шунингдек инновация ва технологик ривожланиш соҳасидаги миллий норматив-ҳуқуқий базани БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси ёрдамида мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув натижаларига кўра томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш мақсадида алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Хусусан, маҳсулотларнинг келиб чиқишини ҳамда ишлаб чиқариш ва бозорга етказиб бериш босқичларини назорат қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш орқали озиқ-овқат ва текстиль саноатининг ривожланишига туртки бериш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, водород двигателида ишлайдиган ҳамда ҳайдовчисиз автомобиллардан фойдаланишга қаратилган Ўзбекистон транспортининг янги соҳасини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича кейинги музокараларни ўтказишга келишилди.