Янгиликлар

Қорақалпоғистонлик ёшларнинг энг яхши инновацион ғоялари рағбатлантирилди

Жорий йилнинг 12 июль куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси билан ҳамкорликда университет талабалари ва магистрантлари орасида ёшларнинг инновацион ижодий қобилиятини юзага чиқариш, интеллектуал даражасини ривожлантириш, уларнинг новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Энг яхши инновацион лойиҳа» танлови ўтказилди.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги «Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3698-сонли ва 2019 йил 30 августдаги «Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4433-сонли қарорларига асосан ташкил этилди.

Танловда университетнинг барча факультетларидан 21 та инновацион ғоя эгалари иштирок этдилар. Танлов якунига кўра, 6 та ғоя таклифлари ғолиблик учун муносиб деб топилди. Университет махсус жамғармаси ҳисобидан энг яхши ғоя муаллифи 5 млн. сўм, 2 -ўринни эгаллаган 2 нафар талабаларнинг ҳар бири 2 млн. сўм, 3 ўринни эгаллаган 3 нафар талабаларнинг ҳар бири 1 млн. сўм миқдорида маблағ билан мукофотланди.

Танлов сўнгида барча ғолибларнинг ғоялари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармасига тақдим этилиб, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг стартап лойиҳалар танловларида иштирок этиши бўйича келишиб олинди.