Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимидаги ёш олимлар давлат мукофоти билан тақдирланди  

Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакиллари мукофотланди. Давлат мукофоти билан тақдирланганлар орасида 3 нафари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ёш олимларидир.

Юдаков Александр Андреевич -  “Дўстлик” ордени соҳиби, Илғор технологиялар маркази катта илмий ходими. А.А. Юдаков 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Миллий университетининг иқтисодиёт мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2013 йилда эса ушбу университетнинг магистратурасини иқтисодиёт йўналишида муваффақиятли тамомлаган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг катта илмий ходими, Мейкерспейс ижодий устахонаси раҳбари ҳисобланади.

Александр Илғор технологиялар марказида амалга оширилган Акселератор дастури доирасида ижодий устахоналар ишлаб чиқарувчилар билан 4 миллиард сўм миқдорида инвестиция маблағларини олган 5 та стартап-лойиҳаларни тайёрлади. Стартап лойиҳалар учун илмий маҳсулотларнинг прототипини яратиш соҳасидаги энг кучли мутахассислардан бири.

2018 йилда A.Юдаков қиймати 1 миллиард сўм бўлган “Илмий маҳсулотлар прототипини яратиш бўйича Мейкерспейс ижодий устахонасини ташкил этиш” лойиҳасини тайёрлади ва уни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази қошида муваффақиятли амалга оширмоқда. Ушбу устахона замонавий жиҳозлар билан тўлиқ жиҳозланган. У олимлар ва тадбиркорларнинг ҳар қандай муаммоларини ҳал қилишга қодир бўлган профессионаллар гуруҳини ташкил этди.

А.Юдаков раҳбарлиги остида Мейкерспейс устахонаси Ўзбекистондаги корхоналар учун жуда зарур бўлган маҳсулотларни яратишда катта ютуқларга эришди. Улар орасида магнит зарралар ёрдамида ДНК экстракциясини амалга ошириш учун ихтисослашган САТ-12 магнит ажратгичларини алоҳида қайд этиш мумкин. Ушбу маҳсулотлар тиббиёт муассасалари ва лабораториялари томонидан COVID-19 аниқлаш учун синов тизимларидан фойдаланишда қўлланилади. Бошқа ишланмалар қатори, 1,5 микролитрли пробирка штативи биотехнология лабораториялари учун ажралмас қурилмадир. Шунингдек, мамлакатнинг илмий ва инновацион ташкилотлари учун зарур бўлган бошқа маҳсулотларни яратишда меҳнати беқиёс.

 

Артикходжаева Барнохон Алишер қизи — “Шуҳрат” медали соҳибаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетнинг таянч докторанти (PhD), Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида кичик илмий ходим лавозимида 2018 йил апрел ойидан ишламоқда. 2018 йилдан бери LiPatch/ЛиПач ва Kitob almashinuvi лойиҳалари асосчиси ва раҳбари. 2019 йилда LiPatch/ЛиПач стартап лойиҳаси GIST (United States State Department’s Global Innovations through Science and Technologies Program) дастури орқали Аризона штатининг Феникс шаҳри ва 11-22 ноябр кунлари оралиғида Мэриленд штатининг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган бизнес инкубаторда иштирок этган. 2020 йилда эса мазкур стартап лойиҳаси Россия Федерациясининг Сколково шаҳридаги “Сколково инновацион технопарк” “SoftLanding” дастурида иштирок этди.

Б.Артикходжаева Евразия фондининг USAID томонидан эълон қилинган “CAYLA-Central Asia Youth Leadership Academy” Ўзбекистон Республикаси номидан Ёшлар етакчилик академиясининг финалисти. Ёш лидерлар академиясида ижтимоий тадбиркорлик, креатив ва критик фикрлаш, лойиҳалар бошқаруви, мониторинг ва баҳолаш, ораторлик маҳорати, эмоционал интеллект ва Social Media Marketing (SMM) йўналишларини ўз ичига олган 5 ойлик дастурда иштирок этди.

Евразия фондининг USAID томонидан эълон қилинган “CAYLA-Central Asia Youth Leadership Academy” Ёшлар етакчилик академиясининг “Парламент мунозараси” ғолибаси.

2020-йил ШҲТ конференциясида "Шанхай ҳамкорлик ташкилоти SCO Startup Forum-2020”да “Рromoting Women Enterpreneurship” мавзудаги сессиянинг Ўзбекистон Республикаси номидан иштирокчиси.

У иш жараёнида ва ўзининг илмий фаолиятида бир қатор ютуқларга эришган. Биотехнология, молекуляр генетика, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича 16  дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Ҳозирги кунда таянч докторант сифатида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетда шу соҳада илмий тадқиқот олиб бормоқда. Фаолияти давомида турли хил кимёвий, тиббиёт воситалар, дори препаратлар учун қўлланадиган наноқолиблар яратган. Биотехнология ва молекуляр генетика соҳасида илмий грантлар иштирокчиси. Россия Федерацияси Москва шаҳридаги Академиклар М.М. Шемякин ва Ю.А. Овчинников номидаги Биоорганик кимё институти Липид ва гликанлар кимёвий биологияси бўлимига илмий стажировка ўтиш учун таклиф қилинган.

Б.Артикходжаева жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этади. “Women techmakers IWD Tashkent”, “AEGIS ёшлар форуми”, “"Партнерство для инноваций”, “Sustainable Development Goals Model United Nations”, “5 ташаббус фестивали” дастурларда спикер ҳамда ментор сифатида ёшлар билан  ўз билим ва тажрибаси билан бўлишади.

Ҳозирги кунга келиб “Imkon Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташклотида “Стартап” йўналишнинг координатори сифатида фаолият олиб бормоқда. “Олима” уюшмаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети, Тошкент Кимё-технология институти, Тошкент Фармацевтика интитути проректорлари билан ҳамкорликда ёшлар орасида жамоатчилик ишларини олиб боради.

 

Цой Владимир Эдуардович — “Шуҳрат” медали соҳиби,  Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази кичик илмий ходими. В.Цой 2015 йилдан бошлаб Илғор технологиялар маркази Биотехнология лабораториясида кичик илмий ходим сифатида ишлаб келмоқда.

2020 йилнинг феврал ойидан бошлаб янги юқумли касаллик хавфи даражасини ҳисобга олган ҳолда COVID-19 коронавирусини аниқлашга қаратилган маҳаллий тест-системани ишлаб чиқишда фаол иштирок этди. Натижада Марказнинг бир гуруҳ олимлари томонидан SARS-CoV-2 вирусини ПЦР усулида таҳлил қилишга асосланган самарали тест-система ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга жорий этилди.

Ҳозирги вақтда В.Цой «ДНК – вакцина ва SARS-CoV-2 рекомбинант оқсиллари асосида СНО ҳайвон ҳужайраларидан фойдаланиб вакциналарни ишлаб чиқиш» мақсадли амалий лойиҳасида иш фаолиятини олиб бормоқда.

Владимир илмий  лойиҳалар ва илмий ишланмаларни қўллаб-қуваттлаш ва тижоратлаштириш учун Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги илк C.A.T. Science accelerator директори сифатида ҳам фаолият юритади.