Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири кореялик тадбиркорлар билан учрашди

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Кореянинг “SpaceUp” компаниясининг раҳбари Ҳа Чанг У, “CelluFab” компанияси раҳбари Ким Чан Жунг ва профессор Квон Ги Ҳён, “KCOOPSAGRO” компаниясининг Кореядаги раҳбари Он Юк Сук ва Ўзбекистондаги раҳбари Ҳо Жун Ҳван билан учрашди. Учрашув давомида ушбу компанияларнинг инновация соҳасида эришган ютуқлари ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ўрганиб чиқилди.

“SpaceUp” компанияси бугунги кунда турли хил смарт (ақлли) изоляторлар ҳамда палаткасимон қурилмаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу қурилмалар ҳозирги пандемия шароитида беморларни даволаш ва уларга хизмат кўрсатишда қўл келиши таъкидланди. Учрашувда Ўзбекистонда мана шу қурилмаларни ишлаб чиқариш учун махсус завод қурилиши бўйича режалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги Жанубий Кореянинг “CelluFab” компанияси билан ҳамкорликда био-парчаланувчи бир марталик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳани ҳам амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳанинг қиймати 5,9 млн. АҚШ доллари бўлиб, у 2021-2022 йиллар давомида бажарилади. Бугунга кунга келиб Тошкент вилоятининг Келес туманида ер майдони олиниб, у ерда ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган қурилиш ишлари бошланди. Шунингдек, технологик ускуналарни харид қилиш учун етказиб берувчи корхоналарни саралаш ишлари амалга оширилмоқда.