Янгиликлар

Олимлар томонидан янги реагент ихтиро қилинди

Олмалиқ кон-металлургия комбинат мутахассислари ҳамда “Фан ва тараққиёт” ДУК олимлари ҳамкорлигида яна бир муҳим ихтиро яратилди. Маълумки, рудалар таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш учун комбинатда рангли ва нодир металлар флотация усули билан бойитилади. Флотация усулида бойитишда кимёвий реагентлар асосий ролни ўйнайди.  

Мамлакатимиз рангли металлургия саноатида рудаларни флотация усулида бойитиш жараёнида флотореагент — кўпик ҳосил қилувчи сифатида одатда спиртлар ёки қайрағоч ёғи, циклогексанол, крезол, Т-66, Т-80, Т-92 реагенти, МИБК, ОПСБ, ОПСМ каби таркибида спирти бор маҳсулотлардан фойдаланилади. Аммо бу реагентларнинг барчаси хориждан келтирилади ва бу давлатимизнинг импорт қарамлигини кучайтиради.

Комбинат мутахассислари ҳамда техника фанлари доктори, академик Сойибжон Негматов илмий раҳбарлигида мутлақо янги флотореагент ишлаб чиқарадиган инновацион технология ишлаб чиқилди. Ушбу технология асосида янги, импорт ўрнини босувчи реагент ихтиро қилинди. Ўз ўрнида «Олмалиқ КМК АЖ ишлаб чиқариш шароитларида рангли ва нодир металл рудаларини флотация жараёнида қўллаш учун маҳаллий ва иккиламчи хом ашёлардан импорт ўрнини босувчи кўпиклантирувчи-флотореагентларни олиш технологиясини ишлаб чиқиш» лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 3 йилга 1,8 млрд сўм миқдорида молиялаштирилди.

Реагент маҳаллий хомашё асосидаги оргоминерал ингредиентлар, таннархи паст бўлган ишлаб чиқариш чиқиндиларидан тайёрланади. Бундан ташқари, ушбу инновацион кимёвий флотореагент юқори самарадорлиги билан ажралиб туради ҳамда импортни қисқартириш имконини беради. Ушбу янги реагентдан мис ва олтин таркибли рудани бойитиш жараёнида фойдаланиш мумкин бўлади. Янги реагент таркиби қатрон, лицерин, сульфат, карбамид, лаурет ва нефть кимё саноати чиқиндиларидан иборат.