Янгиликлар

“Яшнобод” инновацион технопаркига навбатдаги резидентлар қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида Вазирлик ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопаркига янги резидентлар қабул қилинди. Унда “Яшнобод” инновацион технопарки резиденти мақомини олиш учун 7 нафар инновацион лойиҳалар кўриб чиқилди. Кўпиртирилган полипропилен ишлаб чиқарувчи “RHODIUM POLIMER” МЧЖ ҚК, тупроқ остидан томчилатиб суғориш тизими корхонаси “ECOSUV” МЧЖ, олтингугуртли битум ва олтингугуртли бетон ишлаб чиқарувчи “BIXT BT” МЧЖ ҚК, “Сhirana" бренди остида юқори технологик тиббий ускуналар ишлаб чиқарадиган замонавий комплексни ташкил этувчи “CHIRANAASIA” ҚК, Технологик жараёнларни автоматлаштирилган бошқарув тизими, темир йўл автоматизацияси ва телемеханика тизимларини ишлаб чиқарувчи “Trans Enginering Group” МЧЖ, Саратон касалликларида HER2 статусини аниқлаш диагностика усули корхонаси “TUMOR ON TARGET” МЧЖ – жами 6 та инновацион лойиҳага резидентлик мақоми берилди.

Ҳозирги кунда «Яшнобод» инновацион технопаркида кимё технологиялари, биотехнологиялар, фармацевтика ва тиббиёт биотехнологиялари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, ахборот-коммуникация технологиялари каби 44 йўналишда инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Технопарк резидентлари томонидан жорий йилнинг июнь ойига қадар 102.8 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 454 та янги иш ўрни яратилган. 923 минг долларлик маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва технопарк раҳбарияти «Яшнобод» инновацион технопарки учун тақдим этилган ер майдонини ривожлантириш учун кенг кўламли ишларни амалга оширди. Барча зарур инфратузилмага эга ишлаб чиқариш ва офис хоналари қурилиб, улар технопарк резидентларига ижарага берилди. Ҳозирда тадбиркорлардан технопарк резиденти мақомини олиш учун аризалар қабул қилинмоқда.

«Яшнобод» инновацион технопарки юқори технологияларни ривожланиши учун қулай шарт-шароитни яратиш, илмий, технологик ва инновацион тадбиркорликнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, кичик инновацион корхоналарни ташкил этиш, ички ва ташқи бозорга рақобатбардош, юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.

Мазкур технопарк ўз резидентларига солиқ имтиёзлари, божхона имтиёзлари тақдим этади, шунингдек ишлаб чиқариш ва офис биноларини барча инфратузилмаси билан имтиёзли шартларда ижарага беради. Бундан ташқари, технопаркка резидентларга илмий ва ишлаб чиқариш фаолиятининг барча соҳаларида ёрдам бериш, ички ва халқаро бозорларда барқарор алоқаларни ўрнатиш ҳуқуқлари берилган.

Резидентларнинг айримлари ўз инновацион ишланмаларини жорий этиш арафасида бўлсалар, айримлари ўзлари ишлаб чиқаришга тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга сотишни йўлга қўйганлар.

Умуман олганда, «Яшнобод» инновацион технопаркининг уч йиллик фаолияти таҳлили мазкур технопарк инновацион тадбиркорликни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича ишлар муваффақиятли амалга оширилиб, инновацион маҳсулотларнинг бозорда ўз ўрни топишига ёрдам бераётганини кўрсатди. «Яшнобод» технопарки ташаббускор инновацион тадбиркорларни ҳамкорликка таклиф этади!