Янгиликлар

Глобал иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалиги экинлари ҳимояси ва агрокимёсига инновацион ёндошувни талаб қилмоқда

Коронавирус пандемияси инсоният бошига кўп кулфат келтирди. Пандемия ҳаётимизга бевосита боғлиқ бўлгани учун унинг кўламини, оқибатларини ўз танамизда ҳис қилдик. Вируснинг зарарли таъсирларини камайтириш, тарқалишига йўл қўймаслик учун турли ҳимоя воситаларини ишга солдик. Чекловлар қўлладик. Биргина коронавирус пандемияси инсоният ҳаётини ва иқтисодиётни нақадар тез издан чиқариб юборганига гувоҳ бўлдик.

Ваҳоланки табиат фақат одамзоддан иборат эмас. Биз билан ёнма-ён ҳайвонот ва наботот олами ҳам хаёт кечиради. Шу ўринда ўсимликлар дунёсига хавф соладиган вируслар, турли зараркунанда микроорганизм ва ҳашаротлар борлиги, қишлоқ хўжалиги экинлари доимий бу зараркунандалар ҳужуми остида яшашини таъкидлаш ўринли. Шуни ҳисобга олсак, ўсимликларни ҳимоя қилиш қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг кафолати дейиш сира муболаға бўлмайди.

Президентимиз раислигида шу йил 25 май куни ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда бу борада янги тизим яратиш, ҳудудларда шунга оид хизматларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, 30 май куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтган «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030» иккинчи халқаро саммитида давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббусга дунё ҳамжамияти юқори баҳо берди.

Икки кунлик форум кун тартибидан иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, «яшил» тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва Иқлим бўйича Париж битими қоидаларини бажариш масалалари ўрин олган эди.

Давлатимиз раҳбари ўсимликлар ҳимояси тизимига оид таъкидлаган масалаларнинг мазмун-моҳияти худди соғлиқни сақлаш тизими бўйича берилган топшириқларнинг қишлоқ хўжалигига том маънодаги «трансляцияси» бўлди. Жумладан, экинларини ҳимоя қилишда касаллик ўчоқлари билан фермер далалари кесимида курашиш, зараркунандаларни чуқур ўрганиш ва уларнинг тарқалишига қарши илмий асосланган профилактика ҳамда кураш чораларини карантин назорати билан ҳамоҳанг амалга ошириш, бу жараён ваколатли давлат органи томонидан назоратга олиниши қатъий белгилаб берилди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини оширишда ўсимликлар ҳимояси жуда муҳим тизим ҳисобланади. Биолог олим сифатида ушбу соҳада Президентимиз илгари сурган ислоҳотларнинг канчалик жиддий ва муҳим экани ҳақида тўхталмоқчиман.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсимликларни текширувдан ўтказадиган тизим жорий этилганига қарамай, бу фаолият асосан республикамизга кириб келаётган уруғ, кўчатлар назоратига йўналтирилган. Гап шундаки, ҳозирда бирор касалликка чалинган ўсимликларга ишлов берган қишлоқ хўжалиги техникалари зараркунандалардан холи далаларга ҳам кириб кетаверади. Шунингдек, далада ишлайдиган деҳқонлар ҳам зарарланган ер майдонлари оралаб ҳеч қандай эҳтиёт чораларисиз ўтиб юриши табиий ҳолга айланган. Демак, кишиларнинг ўзлари ҳам қишлоқ хўжалиги экинлари касалликларининг тарқалишига сабабчи бўлмоқда. Шу боис, ўсимликларни ҳимоя қилиш учун ҳам худди пандемия давридаги карантин қоидалари каби, қатъий чеклов тизими, бошқача айтганда, регулятор ўрнатилиши керак.

Энди бу борада қатъий интизомий чораларни жорий қиладиган давлат органи пайдо бўлди. Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси худди соғлиқни сақлаш тизимидаги санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати каби қишлоқ хўжалиги соҳасида эпидемиологик хизмат кўрсатувчи орган ролини бажариши лозим.

Бугун ер юзида глобал иқлим ўзгаришлари кузатилмоқда. Сайёрамиздаги ўртача ҳарорат ўтган ўттиз йилда бир даражага ошди. Ҳашарот ва зараркунандаларнинг янги турлари пайдо бўлди. Бу жуда катта муаммо.

Дейлик, Ўзбекистонда қиш аввалгидек совуқ бўлмаяпти. Баҳор эртароқ бошланаётгани туфайли авваллари ўсимликлар уйғонгунча ухлаб ётадиган ҳашаротлар уларнинг уйғонишини кутиб, озиқланишга тайёр турибди. Ўсимлик ҳали ўзини ўнгламасидан туриб, ҳашаротлар унга чанг соляпти ва экинларга катта зарар келтирмоқда...

Келинг, шу вазиятга бошқача назар билан қарайлик. Ҳашаротлар ҳам биологик тур сифатида яшаши ва кўпайиши керак. Масалан, пахтани териб олганимиздан кейин ғўзапояси олиб кетилади. Ерга гумус сепилмайди. Натижада тупроқдаги кўзга кўринмас микроорганизмлар оч қолади. Шунинг учун ҳам улар баҳорда униб чиққан ўсимликни ейишга тайёр туради. Деярли барча тупроқ микроорганизмлари «сапрофит организмлар», яъни чириндихўрлар гуруҳига мансуб. Улардаги бу хусусиятнинг фойдали томонлари ҳам бор, албатта. Лекин, ерда чирийдиган нарсанинг ўзи қолмаса, улар озиқланишга қийналади. Масалан, ҳозир Бухоро вилоятида янги фузариоз турдаги вилт касаллигининг кўпайишига айнан мана шу омилни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Вилоятда 25 минг гектар майдонни вилт босган. Бунинг асосий сабаби, биринчидан вилоятда узоқ йиллар давомида Бухоро ғўза нави экилиши ва унда табиий фузариоз вилтига мойил ингичка толали ғўза генотипи мавжудлиги бўлса, иккинчидан ғўзапоянинг даладан таг-туги билан олиб кетилишидир.

Ҳозир кўп жойларда ғўзапоянинг кўр-кўрона майдаланиб, далага сепилиши натижасида зараркунанда кенг тарқалмоқда. Агар тупроқда «ўлик» чиринди етарли бўлса, зараркунандалар қиш бўйи шулар билан билан озиқланади ва экинларга бу қадар тажовузкор ҳужум қилмайди. Дала майдонларига сепиладиган ўғит, бир томондан, ўсимликларга озуқа бўлса, иккинчи томондан, турли тупроқ зараркунандаларини ҳам озуқа билан таъминлайди. Натижада яхши ўғитланган ва зараркунанда ҳужумига учрамаган дала юқори ҳосил беради.

Ер курраси шундай мукаммал ва мураккаб экотизимки, унда йирик ва майда ҳайвонлар, ўсимликлар қаторида ҳашаротларнинг ва бактерияларнинг ҳам ўз ўрни бор. Бирор ҳашаротни ёки зараркунандани буткул йўқотишга уриниш, уларга қарши кураш агротехнологияларига риоя қилмаслик зараркунандаларнинг курашувчанлигини оширади.

Авваллари беда қандаласи асосан боғлар орасидаги бедазорларда учрарди. Ҳозир бу зараркунанда ғўзага катта зарар етказяпти. Сабаби, беда қандаласи озиқланиб, насл қолдириши учун шароит ўзгарди. Энди у янги озуқа манбаига ўта бошлади. Зараркунандаларнинг бир экин туридан иккинчисига тез ўтаётгани замирида ҳам глобал исиш даврида кузатилаётган қурғоқчилик, зараркунандаларга қарши кескин курашишда уларнинг биологияси билан ҳисоблашмаслик каби омиллар ётибди.

Жаҳон аҳли коронавирус билан яшашни ўрганаётгани каби зараркунандалар билан яшашни ҳам ўрганиши керак. Бунинг учун инсоният нафақат ўзи учун озуқа яратиш, балки бу жараёнда атрофдаги тирик ҳаётни бузмаслик ҳақида ҳам ўйлаши зарур. Ана шунда экологик мувозанат бузилишининг олди олинади.

Дунё миқёсида «қопқон» агротехнологиялари ишлаб чиқилаётгани бежиз эмас. Бу жараёнда далада зараркунандалар озиқланиш учун атайлаб махсус ҳудудлар барпо этилади. Шу билан катта иқтисодий самарага эришилади. Аксинча, ҳашаротларга қарши кимёвий кураш олиб бориш уларнинг йўқолишига эмас, балки янада чидамли турларининг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Демак, уларнинг табиий ареалини сақлаб қолиш, экологик мувозанатни таъминлашга қаратилган агротизим яратиш Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва яшил иқтисодиёти учун ўта муҳим.

Ушбу йўналишда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан вилт касаллиги, беда қандаласи, Колорадо қўнғизи, нематода чувалчанги, помидор куяси, қовун пашшасига қарши замонавий кураш чораларини яратишга қаратилган илмий лойиҳаларга грантлар ажратилди. Энди Президентимиз вазифа қилиб берган янги йўналиш – ўсимликлар карантини соҳаси билан уйғунлашган изланишларга грант лойиҳалари танловлини эълон қиламиз.

Яна бир катта муаммо ўғитлар билан боғлиқ. Қоидага кўра, ерга солинган ўғит пропорция жиҳатдан ҳосилдорликни ошириши керак. Лекин мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида бу ҳолат кузатилмаяпти. Масалан, авваллари пахтачиликда бир гектар ерга 150 кило нитрат ўғити солинарди. Кейин у оширилиб, ҳозир гектарига 600 килограммга чиқди, аммо аҳвол ўша-ўша. Бу иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Об-ҳавонинг исиши, интенсив қуёш нурлари таъсирида фотосинтез жараёни тезлашди. Фотосинтез, бу – япроқда глюкоза синтези бўлишини англатади.

Ҳосил бўлган глюкоза поядаги флоэмадан пастга ҳаракатланиб илдизга етиб бориши керак. Бунинг учун эса сув поя найчалари орқали юқорига кўтарилиши лозим. Сув тепага юриши учун нитрат насоси ишга тушади. Демак, Ўзбекистон учун муҳим экин – ғўзада фотосинтез жараёни бир неча баробар тезлашган. Натижада глюкоза кўпроқ синтез бўлмоқда. Уни илдизга олиб бориш учун ўсимликлар янада кўп нитрат талаб қиляпти. Юқори ҳароратда ўсимлик биомассаси ортяпти. Тўғри, ғўза кўп кўсак ҳосил қиляпти, лекин пишмаяпти. Сабаби, кўсак пишиши учун фундаментал ўсимликлар физиологияси қонуниятларига кўра азотнинг фосфорга нисбати аниқ сақланиши керак.

Энди тасаввур қилинг, ҳаво жазирама, тупроқда нитрат миқдори ошиб кетган, глюкоза синтези тезлашган, баргларда ҳосил бўлган шакарни «пастга» тушириб, сувни кўтариш керак. Ўсимлик нитратни 3 баравар кўп оляпти, лекин фосфор етишмаяпти. Кўсак кўп, лекин пропорция бузилгани учун очилмаяпти. «Шунча нитрат солиняпти, ҳосилдорлик қани?» деган саволга жавоб йўқ. Сабаби глобал иқлим ўзгаришида NPK (нитрат, фосфор, калий)нинг янги формуласи ишлаб чиқилмаган. Фосфорли ва калийли ўғитлар миқдорининг кўр-кўрона оширилиши эса тупроққа катта зарар етказиши ва ерни яроқсиз ҳолга келтириши мумкин. Қолаверса, фосфорли ўғитлар миқдорини кўпайтириш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш таннархининг кескин ошишига сабаб бўлади.

Шунинг учун Инновацион ривожланиш вазирлиги Президентимиз илгари сурган ташаббуслардан келиб чиқиб, глобал иқлим ўзгариши шароитида NPKнинг янги формуласи ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотларга буюртма берди. Муаммонинг тезкор ечимини топиш чорасини изламоқда. Шунингдек, вазирлик барча вилоят ва туманларда «тупроқ клиникаси»ни ташкил этиш лойиҳасини инновацион ҳудудлардан бошлади. Бу жараёнда муайян ҳудуддаги ер майдонининг тузилиши ва таркиби ўрганилади. Айнан шу тупроққа етишмаётган кимёвий элементларни қўллаш орқали ҳосилдорликни кўпайтириш, ер унумдорлигини ошириш мумкин.

Яна бир муаммо – глобал исиш туфайли кундузги ва тунги ҳарорат ўртасидаги фарқ ҳаддан зиёд қисқариб кетди. Яъни меъёр бузилган.

Илгари кундузи 50 даража иссиқ бўлса ҳам, кечаси ҳарорат 19-20 даражага тушарди. Шунинг учун гулларнинг чангланиши осон кечарди. Ҳозир эса ўсимлик гуллайди, лекин гуллари чангланмагани учун мева тугмайди. Далаларга чиқсангиз, бу ҳолатга гувоҳ бўласиз. Масалан, ғўзанинг биринчи гуллагани кўсак туккан, қолганлари эса гуллигича турибди. Чунки ҳозир кундузи Ўзбекистонда тупроқ 40-45 даражагача қизиса, кечалари ҳарорати 35 даражадан пасаймаяпти.

Орол денгизи қуриди. Музликлар эриди. Бир неча ўн йиллар аввал айнан шу тоғлардаги музликлардан совуқ ҳаво оқими келиб, тунги ҳавони совитарди. Ҳозир эса гармсел одатий иқлим шароитига айланди. Шунинг учун ҳосилдорлик камайган. Вазиятни тўғрилашнинг ягона йўли – иссиққа чидамли ўсимликлар навини яратиш ва юқори ҳароратда ҳосил тугиши учун экинларга янги авлод биостимуяторлари билан ёрдам бериш. Олимларимиз ҳозир айнан мана шу масалалар устида изланиш олиб боряпти.

Глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган яна бир катта муаммо – ҳавода карбонат ангидрид гази кўпайиши ва «иссиқхона эффекти» натижасида ўсимликларни ҳимоялаш, ўғитлаш ва гулнинг чангланиб мева тугишидаги мураккабликларнинг юзага келиши. Аслида карбонат ангидриднинг ҳавода кўпайиши ўсимликлар учун айни муддао. Улар бу газ билан озиқланади, лекин у ҳаддан зиёд кўпайса, ўсимликлар гуллашига тескари таъсир қилади. Тайёр озуқа турганда ўсимликларнинг гуллаш суръати кескин пасаяди. Олимларнинг фикрича, кейинги юз йилда ҳавода карбонат ангидрид миқдорининг ошиши туфайли ўсимликлар тўла гулламай қоляпти.

Шунинг учун дунё иқтисодиёти ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳаводаги карбонат ангидрид миқдорини камайтирувчи яшил технологияларни ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ. Буғдой ва ғўза инсониятга ҳаводаги карбонат ангидридни камайтиришда ёрдам берадиган олтита ўсимлик қаторида қайд этиляпти. Бу экинлар юртимиздаги асосий майдонларга экилишини инобатга олсак, Ўзбекистон дунё яшил иқтисодиётига катта улуш қўшиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Юқорида айтилганидек, фотосинтез жадаллашуви натижасида буғдой ва ғўзада карбонат ангидрид гази кўп ўзлаштирилмоқда. Баргларда ҳосил бўлган глюкоза қутбланиши натижасида илдизда тўпланади, бироқ илдиз яна чириши оқибатида янгидан карбонат ангидрид гази ажралади ва ҳавога қайтади. Дейлик, янги навлар яратиш орқали фотосинтез натижасида ҳосил бўлган глюкозанинг ўсимлик илдизида секинроқ парчаланишига эришилса, муаммо бартараф этилади. Ҳаводаги ортиқча газ самарали тарзда биополимерга айлантирилиб, уни ер бағрида узоқроқ сақлаш ва пировардида «иссиқхона эффекти»ни камайтириш имкони туғилади.

Ҳозир ўсимликлар фотосинтези янада жадаллашган, карбонат ангидрид газини тез ўзлаштирувчи, шу билан бирга ҳосил бўлган глюкозани секин парчаланувчи суберинга айлантириб, илдизда тўплайдиган илмий лойиҳаларга буюртма берилиб тадқиқотлар ўтказилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан глобал иқлим шароитида ўсимликларни ҳимоя қилиш, ўғитлаш ва янги авлод биостимуляторлари ва ўғитларини яратиш, иссиққа чидамли, карбонат ангидрид газини ўзлаштирувчи нав ҳамда самарадор технологияларни яратишга олтита вазирлик ва идора тасарруфидаги ўн учта илмий ташкилот ҳамда олий таълим муассасаларининг 360 дан ортиқ илмий ходими жалб этилган. Соҳа бўйича мустақил экспертлар иштирокида қирқ битта янги ишланмани тижоратлаштириш юзасидан ташкилий чоралар кўрилмоқда. Янги механизмлар асосида ўсимликларни ҳимоя қилишнинг самарадор технологияларини яратиш бўйича 2021 йилда умумий қиймати 31,6 млрд. сўмлик жами 52 та лойиҳа бажарилмоқда. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида мунтазам лойиҳа танловлари эълон эълон қилинмоқда.

Соҳада мавжуд муаммоларнинг кўлами жуда кенг. Ҳудудлар шароитидан келиб чиққан ҳолда, суғориш манбалари ва тизимларини янгилаш, сув ва тупроқ хусусиятларини яхшилаш ва доимий мониторингини йўлга қўйиш, ресурсларни тежаш ва улардан оптимал фойдаланиш, минерал ва табиий ўғитларни қўллашнинг самарали ва натижадор усулларини ишлаб чиқиш зарурати катта. Шунингдек флора ва фаунанинг барқарор мувозанатини тиклаш, генетика ва селекциянинг янги усулларидан фойдаланган ҳолда янги навларни яратиш, синаш ва жорий қилиш каби ишлар катта илмий салоҳият, кўплаб ресурслар билан бирга, кенг кўламли, узоқни кўзлаган ёндашувни ҳам талаб қилмоқда.

Президентимиз олдимизга қўйган вазифалар замонавий самарадор инновацияларни қишлоқ хўжалигига татбиқ қилиш билан бирга, етарли билим ва тажрибага эга кадрлар захирасини шакллантиришни ҳам кўзда тутади. Бу жараёнда соҳага хос янги пайдо бўлган ва илғор мамлакатларда самарали қўлланаётган йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш катта аҳамиятга эга. Мазкур вазифаларнинг ижросида илғор халқаро тажрибага асосланган усулларни қўллаш эса мамлакатимизда ўсимликлар генофондини сақлаш, сифатли маҳсулот етиштириш ва уларни қайта ишлаш, халқаро андозаларга мос маҳсулотлар экспортини оширишда катта имкониятлар эшигини очади.

 

Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири, академик.