Янгиликлар

Тубдан янгиловчи инновациялар янги авлод тадбиркорлари фаолиятини ривожлантиришнинг асосий омилидир  

 

Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи нафақат ушбу вилоят, балки барча ҳудудлар учун намуна бўла оладиган конструктив ечим, ғоя ва таклифларга бой бўлди. Ҳудудлар ривожланишига туртки бериш, меҳнат муносабатларини тубдан янгилаш ва янги даражаларга кўтариш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда интенсив ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Олтинсой, Узун, Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Термиз ва Сариосиё туманларида зайтун плантациялари, Шеробод, Музработ ва Қизириқда анорзорлар барпо этилиб, хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этилиши айтилди.

Президент илгари сурган янги ечим ва ғоялар Инновацион ривожланиш вазирлиги учун ҳам бир қатор долзарб, кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни белгилаб берди.

Сурхондарёдаги янгиланишларнинг асосий йўналиши бу – замонавий янги авлод тадбиркорларини яратишдир. Яъни, шундай тадбиркорлар қатлами шакллансинки, нафақат ўз-ўзига, балки атрофдагиларга ҳам фойдаси тегиши билан бирга, кишиларни янги ечимларга ва муносабатларга йўналтирсин ва иқтисодий самарадорликка эришишни кафолатлаб турсин. Президентимиз бундай тадбиркорликка мисол ҳам келтирди, масалан, бир Афғон тадбиркори ўзи оилаларга қўй тарқатиб, уларни юнгини аҳолидан олиб, ўзи юнгни қайта ишлаш натижасида толага айлантириб, кишиларга гилам тўқишни ўргатиб, тайёр маҳсулотни сотиб олишни йўлга қўйиш таклифи билан чиққан. Шундай атрофлича ва кенг фаолият юритадиган тадбиркорликни ривожлантириш учун вилоятдаги 60 та секторнинг ҳар бирига ана шундай янги муносабатга асосланган ҳолда иш юритадиган тадбиркорларни топиш ва қўллаб қувватлаш вазифаси қўйилди. Яна бир мисол, ер бериб, у ерга керакли экинларни экишни йўлга қўйиб, йиғилган маҳсулотларни қайта ишлаш, бу билан кишиларни бунёдкорлик жараёни атрофида бирлаштиришга ва иш билан таъминлашга лаёқатли тадбиркорликни йўлга қўйиш масаласи кўтарилди. Бунинг яққол мисоли сифатида давлатимиз раҳбари ташриф буюрган Шерободдаги янги ташкил қилинган анор етиштириш ва уни қайта ишлаш хўжалигидир. Президентимиз ана шундай янги авлод тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш бўйича Сурхондарёлик тадбиркорлар учун солиқ имтиёзларини бериш бўйича таъбир жоиз бўлса тарихий ва ягона ечимлар ва топшириқлар бердилар.

Бундан икки ой муқаддам давлатимиз раҳбари «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонни имзолаган, ушбу фармон билан Инновацион ривожланиш вазирлигининг асосий вазифалари ҳамда 2021-2022 йиллардаги устувор фаолият йўналишлари белгилаб берилган эди. Унга кўра, ҳудудларда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида Вазирлик тизимида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар инновацион ривожланиш бошқармалари ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманлар рўйхати қаторида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани ҳам ўрин олгани диққатга сазовордир.

Вазирлигимиз мазкур Фармонда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишларни амалга оширди. Республиканинг барча ҳудудларида инновацион ривожланиш бошқармалари ташкил қилиниб, салоҳиятли мутахассислар саралаб олинди ва бажариладиган ишлар бўйича «йўл хариталари» тасдиқланди. Чуст, Ургут, Оҳангарон, Дўстлик, Марҳамат, Олтиариқ, Гурлан, Нукус, Кармана, Ромитан, Нишон, Сирдарё ва Олтинсой туманларини инновацион ривожлантириш дастурлари тузилиб, бу борада кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Ушбу 13 та туманларга вазирлик марказий аппаратидан малакали мутахассислар туманнинг инновациялар бўйича ҳоким ўринбосарлари сифатида бириктирилиб, кунлик ишлар назорати йўлга қўйилди.

Хўш, Сурхондарёдаги инновацион ҳудуд – Олтинсойда қандай туб ўзгаришлар режалаштирилган?

Сурхондарёда имкониятлар жуда катта. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳар бир ҳудудни ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш кун тартибига қўйилган.

Дастлаб Олтинсой туманининг ҳозирги аҳволи ва унинг ривожланишининг асосий «драйверлари» белгиланди. Туман икки йирик туманлар Денов ва Шўрчи орасида жойлашган бўлиб, ҳозирда асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ва анъанавий экин турларини етиштириш билангина шуғулланади. Бугунги кундаги саноатдаги улуши 1,9 фоизни ташкил этиб, темир дафтарга киритилган оилалар сони 242 тани, умумий ишсизлар сони 8372 тани ва шундан ёшлар дафтаридагиларни сони 701 тани ташкил қилади. Кўриниб турибдики, долзарб вазифа - туман қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ва инновацион экин турлари ва ҳайвон зотларининг етиштиришни йўлга қўйиш, туманни саноатлаштириш ва энг муҳими янги ишчи ўринларини барпо этиш, ёшларни мазмунли бандлигини таъминлашдир.

Бу ўринда саноатлаштириш учун аввало туманни муқим электр энергия таъминотини шакллантирилиш лозимлиги аниқланди. Туман ҳозирги кунда электр энергияни қўшни икки Денов ва Шўрчи туманларидан олади ва мавжуд доимий қисқа муддатли узилишлар саноатлаштиришга катта тўсиқдир. Бу борада қуввати 500 МВт бўлган электростанцияни қурилиши бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва унинг қисқа муддатларда бажарилиши бўйича аниқ топшириқ ва ечимлар ташриф баённомасига киритилди. Натижада, Олтинсой туманидаги ҳар бирининг қуввати 167 МВт бўлган 3 та автотрансформаторни ҳамда қуввати 500/220 Кв бўлган «Олтинсой» нимстанцияси қурилишини 2022 йилнинг 1 мартига қадар якунлаш чоралари кўрилади

Иккинчи муҳим йўналиш туман аҳолиси учун бозор майдончасининг йўқлиги бўлиб, аҳоли асосан савдо-сотиқ ишларини қўшни икки туманда амалга оширади ва мавжуд кичик ўта тарқоқ бозорлар деярли нофункционал ҳолатда. Муаммони ечими сифатида давлат-хусусий шерикчилиги асосида Олтинсой туман ҳокимлиги захирасидаги «Улуғбек» массивида жойлашган 304-қ-контуридаги 5 га ер майдонида «Замонавий деҳқон бозори (Экобозор) ва савдо комплекси» ташкил этилади.

Шу билан бирга, туманнинг саноатлаштириш бўйича янги имкониятлар чуқур ўрганилиб «Бадихаво» қишлоғи «Вахшивор» маҳалласидаги базальт кони ва «Оқсув» қишлоғи «Хўжайипок» маҳалласидаги кўмир, олтингугурт ва оҳак кони захиралари аниқланди. Мазкур конлардаги минерал ресурслар захираларини чуқур қайта ишлаш технологияларини яратиш асосида янги қурилиш материаллари ва бошқа турдаги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган мақсадли илмий лойиҳалар бажарилиши белгиланди. Натижада туманда янги саноат имкониятлари пайдо бўлади.

Қолаверса аҳолига янги ишчи ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини мазмунли таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш, ижтимоий инновациялар ва тарғибот ишларини амалга оширишга қаратилган 14 та «тубдан янгиловчи» (инглизчада disruptive) инновацион лойиҳалар амалга оширилади. Ёшларни инновацион фаолият билан кенг шуғулланишлари учун давлат хусусий шерикчилигида марказдан кам бўлмаган шароитларга эга 2 та инновацион инфратузилма субъектлари ташкил этилади. Натижада шундай «тубдан янгиловчи» инновацияларни ҳудудга жорий қилиш орқали 317 янги ишчи ўринлар барпо этилади ва иқтисодиётни ривожланишига янги асослар яратилади.

Келинг, баъзи Олтинсойда янги авлод тадбиркорлигига асос бўладиган «дисраптив» лойиҳаларга тўхталайлик.

Олтинсой туманида чорва кўп, фақат, жайдари чорвадан олинадиган жун дағал бўлгани боис шундай қимматли хомашёдан фойдаланилмаяпти. Бунинг ечими сифатида Термиз давлат университети олимлари томонидан яратилган «Сурхондарё вилоятида чорвачиликда етиштириладиган дағал жунларни кимёвий ва механик қайта ишлаш орқали тўқимачилик саноати учун сифатли майин ип ишлаб чиқариш»га оид янги технологияни туманда тижоратлаштириш таклиф қилинмоқда. Олимлар томонидан дағал жунни қайта ишлаш ва натижада майин ип-калава олиш технологияси ишлаб чиқилган ва уни жорий қилиш натижасида туманда кичик церийали янги маҳсулот яратиш йўлга қўйилади. Лойиҳа доирасида, маҳаллаларда юнг қабул қилиш шохобчалари ташкил этилиб, жун маҳсулоти тадбиркор томонидан аҳолидан доимий сотиб олинади. Бунинг натижасида маҳаллада бир қанча ўнлаб киши доимий ишга эга бўлади, исроф бўлаётган хомашё қайта ишланади ва майин толага айлантирилади.

Ана шунда яна бир мисол, Термиз давлат тиббиёт институти олимлари ишлаб чиққан технология бўлиб, ҳудудда етиштирилаётган, шу пайтгача биогумус яратишда қўлланиб келинган Калифорния чувалчангидан тиббий мақсадларда қўлланиладиган шифобахш зардоб олишни кўзда тутади. Калифорния чувалчангининг махсус тури 50 дан ортиқ хонадонларга бўлиб берилади ва парваришлаш йўлга қўйилади. Натижада, тайёр биогумус қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчиларга сотилса, чувалчанг биомассалари аҳолидан ишлаб чиқарувчи томонидан сотиб олиниб, чувалчангдан жигар, ўт, иммун тизимини яхшилайдиган, теридаги доғларни кетказадиган, герпесни даволашда қўлланиладиган табиий зардоб препарат ишлаб чиқарилади.

Бу икки мисолда Президентимиз ташриф давомида ҳаммамизга тушунтириб берган янги авлод тадбиркорлиги орқали аҳолини кенг қатламини иш билан таъминлаш ва энди нафақат кундалик эҳтиёжни қоплаш, балки иқтисодий самара берадиган тадбиркорлик билан шуғулланиш ва янги тадбиркорлик қатламини яратишни таъминлайди.

Биргина Олтинсой туманида шундай «тубдан янгиловчи» инновациялардан 14 тасини, жумладан узумзорларни янгилаш бўйича «инвитро» узум навлари кўчатчилигини ташкил қилиш, туманда биринчи марта пекан ёнғоғи кўчатзорларини ташкил қилиш, амарант ва стевия ўсимликларининг экилишини йўлга қўйиш, янги силос тайёрлаш технологиясини қўллаш, паррандачиликда  «Ҳинд югурдаги» ўрдагини кўпайтириш, модификациялашган олтингугуртли бетон ва йўл бўёғи ҳамда янги авлод биопарчаланувчи гидрогель маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва жорий қилиш амалга оширилади.

Бунинг учун жами 27,7 млрд.сўм миқдорида маблағлар йўналтирилади, хусусан Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 13,7 млрд.сўм, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2,1 млрд.сўм ҳамда тадбиркорлар ҳисобидан 11,9 млрд.сўм ажратилади.

Ҳудудларда олиб борилаётган ушбу ишлар, мамлакатнинг 2022-2030 йиллар давомида инновацион ривожланиш стратегиясининг асосий мақсади ва йўналишларини ҳам аниқлаштириб берди десак тўғри бўлади.

Ўтган қисқа давр мобайнида, яъни 2019-2021 йилларга мўлжалланган инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш натижасида соҳада бир қарашда оддий, лекин жуда мураккаб ва фундаментал аҳамият касб этадиган «нолдан бирни» яратиш ишлари амалга оширилиб, мамлакатда ижодкорлик, эркинлик, манфаатдорлик, жавобгарлик ва рақобатга асосланган бирламчи инновацион экотизимнинг асослари яратилди.

Эндиги устувор вазифа эса – мана шу яратилган бирламчи инновацион экотизимни мамлакат миқёсида кенгайтириш, яъни илмий фаолиятни ҳамда стартап ташаббусларни янада қўллаб-қувватлаш ва бунда манфаатдорликни ошириш, янги ишланмалар асосида инновацион корхоналарда янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш орқали Ўзбекистон иқтисодиёти учун устувор бўлган янги иш ўринлари яратишни ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини инновацион ишлаб чиқаришга йўналтириш, янги маҳсулотларни доимий такомиллаштириб бориш орқали уларни катта тармоқ ва кластер корхоналарида янада арзонлаштирилган ва ҳаммабоп ишлаб чиқарилишини ташкил қилиш, пировардида, иқтисодиётнинг инновациядан самара кўришини таъминлашга эришишдир. Том маънода, кейинги қадамлар «бирни мингга» айлантириш тамойилига асосланган кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилади.

Дунё тажрибасига мувофиқ, инновацион экотизим ўзаро боғлиқ бўлган «тубдан янгиловчи» (disruptive), «барқарор» (sustainable) ва «самарадор» (efficient) инновациялардан таркиб топган. «Тубдан янгиловчи» инновациялар анъанавийларидан мутлақо фарқли хусусиятлар ва имкониятларга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ёки хизмат турларини ташкил қилишдан иборат бўлиб, аксарият ҳолатларда катта маблағ талаб қилади, бироқ юқори даражада иқтисодий фойда келтириши, кўплаб янги иш ўринларини яратишга сабаб бўлиши билан катта аҳамият касб этади. «Барқарор» (sustainable) инновациялар тез ўзгарувчан истеъмол бозорида «тубдан янгиловчи» инновацияларнинг барқарорлигини таъминлаш ва мунтазам тарзда такомиллаштириб боришдан иборат бўлиб, янги иш ўринларини яратмайди ва катта маблағ талаб қилмайди («тубдан янгиловчи» инновация бозорини ва харидорини муқимлаштириб, жозибадорлигини таъминлаб туради).

Инновацион экотизимдаги кейинги занжир «самарадор» (efficiency) инновациялар бўлиб, у «барқарор» инновацияларни арзонлаштириш ва кўламини кенгайтириш ҳисобига катта миқдорда капитал яратади, бироқ ишчи ўринлари камайишига олиб келади. Шу сабабли, янги ишчи ўринларига эҳтиёжни қоплаш учун яратилган капиталдан бир қисми, табиийки, «тубдан ўзгартирувчи» инновацияларга йўналтирилиб, циклик жараён даврий равишда, «бирдан мингни яратиш» тамойилида мунтазам давом этади.

Эндиги гап мамлакатимизда «тубдан янгиловчи» – «барқарор» – «самарадор» инновацияларнинг циклик муносабатларини яратиш учун инновациянинг ўзи капитал ишлаши, «инновация – капитал – инновация» даврийлигини ўзида мужассам этган яхлит тизим жорий этилиши лозим. Инновацион экотизим субъектларига ана шундай циклик инновацион экотизмнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ўқитиш, фаолият кўрсатиш учун ҳуқуқий-молиявий шароитлар яратиш ҳамда ҳар бир бўғиннинг вазифа ва мажбуриятларини белгилаб бериш 2030 йилгача олдимизда турган долзарб стратегик вазифалардан биридир.

Президентимиз Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида бу борадаги амалий ишларга тўхталар экан, «Хонадон эгаси – тайёрловчи корхона – қайта ишловчи ва экспортёрларни боғловчи, янги яхлит тизим яратамиз» деб таъкидлади. Бошқача айтганда, буюртмачилар маҳсулот етиштириш учун барча моддий ресурслар билан таъминлайди ва етиштирилган маҳсулотни сотиб олади. Мазкур кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва янги кластерларни ташкил этиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилади. 60 та секторнинг ҳар бирида томорқада маҳсулот етиштирувчи хонадонларни кластерлар билан боғловчи, тайёрловчи корхоналар ташкил этилади. Ушбу корхоналар томорқа ер эгаларидан етиштирилган маҳсулотни сотиб олади ва саралаб кластерларга экспорт қилиш ҳамда қайта ишлаш учун беради.

Айни шундай туб ислоҳотлардан кўзда тутилган пировард натижани ҳам давлатимиз раҳбари «Сиёсатимизнинг энг катта талаби маҳаллаларда юриб, одамларнинг муаммоларини эшитиб, уларни ҳал этиш. Бугун ҳам Сурхондарё бўйича катта режалар белгиладик. Ҳаммасининг тагида битта нарса – инсон манфаати бор» деб алоҳида таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, бундай туб янгиланишлар бутун республика бўйлаб жорий қилинмоқда. Бунга Ургут ва Чуст инновацион ҳудудларида амалга оширилаётган ишларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган янгиланишларнинг кўлами жуда катта. Буни барча инсофли ватандошларимиз кўриб, юрак-юрагидан ҳис қилиб турибди. Давлат раҳбари ўртага ташлаган янги ташаббуслар эса, инсон манфаати учун йўналтирилган туб янгиланишларнинг янада тезроқ амалга оширилишини таъминлайди, кишиларимизнинг, халқимизнинг розилиги учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

 

Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири, академик