Янгиликлар

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида паррандачилик соҳасида инновациялар жорий этилади  

 

Жорий йилнинг 8 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Тошкент вилояти худудий инновацион ривожланиш бошқармаси ходимлари ҳамда Венгриянинг Agro Feed компанияси вакиллари Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокими Абдурасул Абдуллаев билан учрашди. Унда туман паррандачилик соҳасини ривожлантириш, товуқ гўшти ва тухум етиштириш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда жорий йилнинг 14 июнь куни паррандачилик ва чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган фермерлар учун семинар ўтказишга келишилди.

Шу куни Оҳангарон туманида паррандачилик ва чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган фермерлар билан ҳам учрашув ўтказилиб, унда Agro Feed компанияси томонидан ишлаб чиқилган инновацион озуқа қўшимчалари фермерларга таклиф этилди.

Agro Feed компания вице-президенти Томош Тотерсен Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокими ўринбосари Ғолиб Эшмирзаев билан учрашди. Томонлар туманда паррандачилик соҳасини ривожлантириш ва омухта емнинг таннархини тушириш масалаларини муҳокама қилишди. Учрашув якунида Agro Feed компанияси ва Оҳангарон тумани ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, президент Шавкат Мирзиёев раислигида 8 июнь куни қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида парранда саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар белгиланди. Тухум учун субсидия миқдори 3 баравар, парранда гўшти учун эса 2 баравар оширилади. Омухта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга айланма маблағни тўлдириш ва паррандачилик лойиҳалари учун кредитларнинг Марказий банк асосий ставкасидан юқори қисми қоплаб берилади.

Паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплекс лойиҳалари бўйича харажатларнинг бир қисми компенсация қилинади. Паррандачилик корхоналари учун фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари ставкалари 50 фоизга камайтирилади.