Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов қатор университетлар профессори, доктор Владимир Квинт билан Ҳудудларда инновацион тизимларни стратегик ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Жорий йилнинг 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Москва иқтисодиёт мактаби кафедра мудири, Россия Фанлар Академияси хорижий аъзоси В.Квинт билан музокара ўтказди.
Учрашув аввалида И.Абдураҳмонов сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар, ҳусусан, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши, унинг асосий вазифалари ва амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Ўз навбатида профессор Квинт ўз илмий ва профессионал фаолияти, Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлари билан таништириб ўтди. Жумладан, Ўзбекистонда сув таъминоти ва сув хўжалиги соҳасидаги изланишлари, бу соҳада ишлаб чиқилган концепция ва меъёрий ҳужжатлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Квинт Владимир Львович стратегия умумий назарияси ва глобал шаклланувчи бозор назариялари асосчиси бўлиб, у Россия ва бир неча мамлакатларда турли соҳалардаги стратегияларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ қилиш бўйича жараёнларга илмий раҳбарлик қилган. Вена иқтисодиёт университети, Фордэм, Нью-Йорк, Америка ва Лассаль университетлари профессори. 1990-йилларда БМТ Бош Ассамблеяси президенти маслаҳатчиси бўлган. Бугунги кунда Россиянинг бир неча университетлари фаҳрий профессори, Бреттон-Вудс қўмитаси, Жаҳон санъат ва фан академияси ва Россия фанлар академияси аъзоси. 50 дан ортиқ китоб муаллифи ҳисобланиб, улар дунёнинг 21 дан ортиқ тилларига таржима қилинган.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда инновацион экотизимни такомиллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш ва бу асосида янги иш ўринларини яратиш бўйича фикр, таклиф ва мулоҳазалар алмашишди. Шунингдек, В.Квинт ўз тажрибасидан келиб чиқиб, технологик парклар фаолиятини халқаро даражада ривожлантириш бўйича маслаҳатларини бериб ўтди.
В.Квинт 2021 йил сентябрь-октябрь ойларида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда “Ҳудудларда инновацион тизимларни стратегик ривожлантириш” мавзусида халқаро конференцияни ташкил этиб, унга халқаро миқёсдаги мутахассисларни жалб қилиш таклифини илгари сурди. Вазирлик вакиллари меҳмоннинг ушбу таклифини қўллаб-қувватлаб, ҳамкорликда конференцияни ташкил этишга розилигини билдиришди ва тадбирга нафақат халқаро, балки ҳудудлардаги инновацион соҳада фаолият юритувчи мутахассис ва тадбиркорларни таклиф этишларини маълум қилишди.
Учрашув сўнгида томонлар келишувларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни ёзишмалар ва онлайн учрашувлар орқари мухокама қилишга келишиб олишди.
Учрашувлар дўстона руҳда ўтди.