Янгиликлар

“TechnoWays“ технологик ривожланиш марафонининг ҳудудий босқичига старт берилди

Жорий йилнинг 7 июнь куни Қўқон университетида илк бор Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси билан ҳамкорликда ташкил этилган “TechnoWays“ технологик ривожланиш марафонининг ҳудудий босқичига старт берилди. 10 июнга қадар давом этган марафонда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги 16 та олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалари, кўнгилли ёшлар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ҳамда ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус доирасида ўтказилган марафонда ёшларнинг технологик билимларини ошириш, уларга стартапларни ғоядан прототип ҳолатигача олиб чиқиш ва акселерациясини амалга ошириш бўйича амалий кўмак беришга эътибор қаратилади.

Технологик ривожланиш марафонида водийда жойлашган барча олий таълим муассасаларидан 1 тадан жамоа тугалланган лойиҳалари билан иштирок этмоқдалар. Иштирокчилар 3 D прототиплаштириш”, “Мехатроника ва Робототехника”, “Дастурлаш”, “Биотехнология”, “Озиқ-овқат саноати”, “VR ва AR”, “Муқобил энергия” ва “Машинасозлик” йўналишлари бўйича гуруҳларга бўлиниб, интерактив семинар-тренинглар, тақдимот машғулотларида қатнашмоқда.

Марафон доирасида ҳудудий лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада водийнинг профессор-ўқитувчилари, талабалар ва талаба бўлмаган ёшлар ҳам инновацион, технологик, илмий, стартап лойиҳа ва ишланмалари билан иштирок этишди. Ҳудудий инновациялар кўргазмасида саралаб олинган ишланмалар муаллифлари Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси томонидан ҳар йили куз ойларида ўтказиладиган InnoWеек халқаро инновациялар ҳафталигида иштирок этиш имкониятини қўлга киритдилар.

Технологик ривожланиш марафони доирасида тажрибали спикерлар томонидан маърузалар ва тренинглар, ОТМларнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари учун семинарлар ўтказилиб, Қўқон университети профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабаларидан шакллантирилган волонтёрлар жамоаси томонидан ташкилланган flashmob, интеллектуал ўйинлар, кечки кўнгилочар тадбирлар марофон иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. 

Марафон якунида ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилади. Гуруҳлар томонидан яратилган лойиҳалар саралаб олиниб, ғолиб муаллифлар тақдирланадилар.

Технологик ривожланиш марафони фақатгина Сертификат олишга эмас, балки иқтидорли ёшларга инновацион лойиҳаларни яратиш учун билим ва кўникмалар беришга хизмат қилади.