Янгиликлар

Technovation Girls Uzbekistan 2021 халқаро дастури якунланди

1 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида қизлар учун энг йирик Technovation Girls Uzbekistan халқаро технологик танловининг финал тадбири ўтказилди. Тадбир мазкур танлов иштирокчи-жамоалари тўрт ойлик фаолиятининг натижасидир.

Финал маросимида Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Урганч ва Самарқанднинг Senior Division (15-18 ёш) ва Junior Division  (10-14 ёш) жамоалари ўз лойиҳалари натижаларини намойиш этишди. Қизлар кўргазма стендларида ўз мобил иловаларини тақдим этиб, саҳанага тақдимотлари билан чиқишди.

Тадбирнинг тантанали қисмида Celebration Event фаҳрий меҳмонлари сўзга чиқди: инновацион ривожланиш вазир ўринбосари, Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова, Ўзбекистон болалари ва оилаларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси раиси Инқилоб Турсуновна Юсупова, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Зехавит Бен-Хиллел, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Ёшинори Фуджияма, шунингдек Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-​муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раис ўринбосари Жусипбек Казбеков.

Technovation Uzbekistan 2021 нинг барча жамоалари ҳамкор ташкилотларнинг сертификат ва совғалари билан тақдирланди, шунингдек турли номинациялар ва лойиҳалар кўргазмаси натижалари бўйича жамоалар танлаб олинди. 

 

Мавзуларга оид номинацияларда ғолиб бўлган жамоалар:

  • Иқлим ўзгариши соҳасида энг яхши лойиҳа. Номинацияда 2 жамоа ғолиб деб топилди: “Safe Air" (ҳаво мониторинги) иловаси билан Happy Bees жамоаси ва Pets Protection (уйсиз ҳайвонларга ёрдам) иловасини тақдим этган Just Think жамоаси. Ушбу номинацияда совғалар Ўзбекистон Республикаси экологиява атроф-​муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тақдим этилди.
  • “Саломатлик” мавзусида энг яхши лойиҳа: Healthica (соғлом турмуш тарзи тарғиботи) лойиҳаси билан U&I жамоаси. Мазкур номинацияда совғалар Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тақдим этилди.
  • “Тенг имкониятлар” мавзусида энг яхши лойиҳа: “Balance" (гендер тенглиги бўйича) иловаси билан Digital Uzbekistan. Совғалар АҚШ нинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тақдим этилди.
  • “Волонтёрлик ҳарақати” мавзусида энг яхши лойиҳа: “Rahmat" (кўнгиллилар, маҳалла қўмиталари орқали кам таъминланганларга ёрдам бериш) лойиҳаси билан IT Ladies жамоаси. Совғаларни БМТ нинг Ўзбекистондаги офиси тақдим этди.
  • “Ишчи ўринлари яратиш” мавзусида энг яхши лойиҳа: “BitKey" иловаси билан Dominator Ladies жамоаси. Унга кўра ўсмирлар ўзлари ясаган буюмларни сотишлари мумкин. Совғалар UzAutoMotors Powertrain томонидан тақдим этилди.
  • “Ногиронлиги бор шахсларга кўмак” мавзусида энг яхши лойиҳа: Speak With Me (эшитишида нуқсони бор шахслар учун имо-ишоралар тилини ўрганиш) иловаси билан Prosperous (Урганч) жамоаси.
  • “Таълим” йўналишида энг яхши лойиҳа: Learn your rights (ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш) иловаси билан Lighting Paradox жамоаси. Совғалар UNODC томонидан тақдим этилган.

Кўргазма натижалари ва жамоаларнинг чиқишлари бўйича ҳакамлар Инновацион ривожланиш вазирлигининг қуйидаги номинациялари бўйича ғолибларни аниқлади:

  • People's Choice Award — U&I жамоаси
  • Social Impact Award — Astroworld жамоаси
  • Most Innovative Team — IT team жамоаси, Нукус
  • Inspiration Award — Believe in yourself жамоаси, Урганч
  • Social Entrepreneurship Award — Qizlarjon жамоаси, Фарғона

3 июнь куни Халқаро жюри Ўзбекистондан халқаро танловга йўлланма олган 4 та жамоани аниқлади:

Senior Division:
- Female Innovation Team
- Girl Heroes

Junior Division:
- Believe in yourself 1
- IT-Ladies

https://www.technovation.org/blogs/2021-semifinalists/

7 июль куни эса барча жамоалар сайтда ўз баҳолари, ҳакамларнинг шарҳлари ва халқаро сертификатларни кўради.

Жамоалар менторлар раҳбарлиги остида барқарор ривожланиш мақсадлари билан боғлиқ қуйидаги мавзуларда мобил иловаларни ишлаб чиқди: Ўзбекистон мактабларида таълим жараёнлари, ўсмирларнинг ментал соғлиғи, ўзига хос ривожланишга эга болаларга ёрдам, гендер тенгсизлигини камайтириш, дайди жониворларни ҳимоя қилиш, кам таъминланган оилаларга ёрдам, Қорақалпоғистонда ва Хоразмда дарахт экиш, ҳаво сифатини кузатиш, аёллар учун қисман бандликни кўзда тутувчи ишни излаш ва бошқа мавзулар. Жамоаларнинг барча видеороликлари ва лойиҳалари http://technovation.uz/allprojects2021 сайтида чоп этилган.

Танловнинг жорий мавсумида бутун дунё бўйлаб 1700 та жамоа ўз лойиҳасини топширди. Ўзбекистон энг кўп жамоалар сонига эга мамлакатлар ТОП-10 лигидан жой олди. Июнь ойида халқаро ҳакамлар ҳайъати халқаро танловда Ўзбекистондан қатнашишда давом этадиган бир нечта жамоани аниқлайди.

2021 йил апрель ойида Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудидан 10-18 ёшли қизлардан иборат 41 та жамоа ўз ижтимоий мобил иловаларининг прототиплари устидаги ишларни якунлади. Қизлар Technovation халқаро таълим дастурини ўрганишди ва 2021 йил январидан апрель ойигача ўз лойиҳалари устида ишлашди. Машғулотларнинг кўпчилиги, карантин чекловларини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлардаги жамоаларга қулай бўлиши учун онлайн-форматда ўтказилди.

Февраль-март ойиларида Technovation танловининг тренерлар жамоаси республиканинг 3 та ҳудуди – Фарғона, Наманган ва Нукусда жамоалар билан оффлайн-семинарлар ва менторлик сессияларини ўтказди.

Маҳаллий ва халқаро экспертлар ҳар ҳафта қуйидаги мавзуларда семинарлар ўтказишди:

  • Технологиялар, сунъий интеллект ва мобил иловалар ёрдамида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш;
  • мобил иловаларни дастурлаш (App Inventor ёрдамида);
  • бизнес-режа тузиш, ижтимоий тадбиркорлик;
  • менторлик;
  • ИТ соҳасида карьера;
  • лойиҳаларни бошқариш;
  • Барқарор Ривожланиш Мақсадлари ва БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари вакиллари билан учрашувлар;
  • сторителлинг;
  • смартфонга видео олиш, видеони монтаж қилиш;
  • тақдимотларни тайёрлаш.

 

Technovation Girls дастури ҳақида

Technovation Girls — қизлар учун дунёдаги энг йирик ва оммабоп технологик дастур. Ўзбекистонда дастур 2016 йилдан буён ўтказиб келинади. Ушбу давр ичида 120 та жамоа мобил иловаларни яратди. 1 200 та ортиқ қиз 200 та ментор кўмагида тренингларда қатнашди, 50 дан ортиқ тадбир ўтказилди.

Technovation Girls иштирокчилари, яъни Тошкент ва Ўзбекистон ҳудудларидан 10-18 ёшли қизлар технологиялар ёрдамида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал қилишни ўрганади ва Барқарор Ривожланиш Мақсадлари билан боғлиқ соҳаларда инновацион мобил иловаларни яратади.

Жамоаларни тадбиркорлар, ўқитувчилар университетларнинг талабалари ва ИТ-мутахассислардан иборат менторлар (мураббийлар) қўллаб-қувватлайди. Ҳар бир жамоа мобил илова яратади, лойиҳанинг бизнес-режасини ёзади, лойиҳа ҳақида видео олади ва ўз лойиҳасини танлов финалида тақдим этади.

2018 йилда Ўзбекистон жамоаси дунёнинг энг яхши 10 та жамоаси таркибига кирди ва Калифорнияда бўлиб ўтган халқаро финалда ўз лойиҳасини тақдим этди.

Дастурда қатнашиш бепул. Танлов ҳақидаги батафсил маълумот — www.technovation.uz сайтида.

Халқаро сайт: https://technovationchallenge.org/