Янгиликлар

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Илмий-техник ахборот маркази ўртасида ҳамкорлик юзасидан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази ўртасида ҳамкорлик юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида агенлик вакиллари Илмий-техник ахборот маркази томонидан ташкил этилган "English for Science" лойиҳаси жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Таъкидлаш жоизки, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги жорий йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни самарали амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан ташкил этилди. Агентликнинг асосий вазифаси аҳоли орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш ҳамда уларни мукаммал ўзлаштириш учун зарур шароитлар яратиш, хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини мувофиқлаштириш ҳамда ўқитувчиларда замонавий ўқитиш кўникмаларини ривожлантиришдир.

Илмий-техник ахборот маркази томонидан илгари сурилган "English for Science" лойиҳаси ўтган йилнинг октябрь ойидан буён амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистондаги ёш олим ва тадқиқотчилар учун академик инглиз тили кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

Учрашув якунларига кўра Марказ ва Агентлик ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиши режалаштирилди.