Янгиликлар

InnoWeek-2019: “Ёш инноваторлар” танлови ғолиблари билан танишинг!

InnoWeek-2019 Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ёшлар ўртасида энг яхши новаторлик ечимлар бўйича “Ёш инноваторлар” танлови ғолиблари эълон қилинди. Кўргазмада 17 та хорижий ва 29 та маҳаллий корхона ва ташкилотлар ўз ишланмаларини тақдим этган бўлса, улар орасида ёшлар кўплиги эътиборлидир.

“Ёш инноваторлар” танлови 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган кўргазмада қатнашган ихтирочилар ўртасида ўтказилди. Бунёдбек Зарипов кўзи ожиз инсонлар учун мўлжалланган “Инновацион ҳасса” ишланмаси билан 1- ўринга сазовор бўлди ва 15 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. 2-ўринни Султон Абидов намликни шимдирмайдиган, шу билан бир қаторда ҳаво ўтказадиган, инфекцияларга қарши хусусиятга эга“Лотус бинт” ишланмаси учун олди. Султон Абидовга 10 миллион сўм миқдорида сертификат топширилди. 3-ўрин уч нафар қизлардан иборат жамоага лойиқ топилди. Шаҳноза Бобоёрова, Шаҳло Норбоева ва Мафтуна Шамилева томонидан тақдим этилган ишланма ҳам тиббиёт соҳаси билан боғлиқ бўлиб, улар оддий хлор ва олтингугурт моддаларидан санитария ва тиббий соҳа учун арзон тионил хлорид олиш технологиясини ишлаб чиқишган. Иннноватор-қизлар жамоаси 7 миллион пул мукофотига эришдилар.

Бундан ташқари, Шоҳрух Ҳайдаров ва Фирдавс Неъматзода Изроилда стажировка ўташ учун йўлланма олдилар. Шоҳрух Ҳайдаров автомобилларни уяли телефон орқали бошқариш дастурини ишлаб чиққан бўлса, Фирдавс Неъматзода сунъий интеллект асосида 16 та тилда мулоқот қилувчи робот яратган.

Танлов ғолибларини қутлаймиз!