Янгиликлар

Янги “Хоразм” технопарки “Яшнобод” технопарки тажрибасини ўрганмоқда  

“Яшнобод” технопарки дирекцияси вакиллари Ҳукумат қарори билан янги ташкил этилган “Хоразм” инновацион технопаркига ташриф буюрди. “Яшнобод” вакиллари технопарк фаолиятини ташкил этиш, резидентларни қабул қилиш ва бошқа масалалар бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

 

Хоразм вилоятининг илмий-техник ва инновацион салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарорига мувофиқ, Урганч давлат университети ҳузурида “Хоразм” инновацион технопарки ташкил этилган бўлиб, қарор билан Урганч саноат коллежининг бино ва иншоотлари Урганч давлат университетига берилди ҳамда келгусида бу ерда технопарк дирекциясини жойлаштириш белгиланди.

 

Урганч Давлат Университети кимёвий технологиялар кафедра мудири Забибулла Бобоевнинг сўзларига кўра, Қуйи Амударё минтақасида жуда катта фойдали қазилмалар мавжуд бўлиб, улар ўзлаштирилмай қоляпти. Уларни ўзлаштиришга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб борилиши талаб этилади.

 

— Бу ўринда Хоразм технопаркида моддий-техник базани шакллантириш ҳамда ўша жараённи мувофиқлаштирувчи органни ташкил этиш – давр талаби. Талабалар, олимлар ва ишлаб чиқарувчиларни мужассамлаштирувчи кластер ярата олсак, яқин келажакда Хоразм технопарки дунё миқёсида амалий ва инновацион ишланмаларни амалга оширади, деган умиддамиз, — дейди З.Бобоев.

 

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилнинг 1 январига қадар “Хоразм” инновацион технопарк дирекциясига бириктириладиган бино ва иншоотлар реконструкция қилинади. 2020 йилнинг 1 октябрига қадар эса вилоят ҳудудида “Хоразм” технопаркининг янги инфратузилма объектлари қурилади.

 

Технопаркнинг резиденти мақоми Хоразм вилояти ҳокимлигининг қарорига асосан хўжалик субъектларига танлов асосида 10 йил муддатга берилади ва улар кейинчалик технопарк дирекцияси томонидан рўйхатга олинади.

 

Ҳукумат қарори билан дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳам кўрсатилган бўлиб, унга кўра инновацион ва стартап-лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан асбоб-ускуналар, хомашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни сотиб олиш, тажриба намуналари, саноат буюмлари намуналарини ишлаб чиқариш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 млн. АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда молиялаштирилади.