Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Беларусь Республикаси Фанлар академияси билан қўшма илмий лабораториялар ташкил этади

Жорий йилнинг 29 июль куни Инновацион ривожланиш вазирлигининг масъул ходимлари ва ҳозирги кунда Беларусь Республикасида илмий стажировкада бўлиб турган 130 га яқин ёш олимлар Беларусь Фанлар академияси Президиумига ташриф буюрдилар.

Ташриф доирасида Беларусь Фанлар академияси Президиуми раиси Владимир Григорьевич Гусаков билан Инновацион ривожланиш вазирлигининг масъул ходимлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки томонлама илмий-техник ҳамкорликнинг амалдаги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди. Хусусан, В.Г.Гусаков Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий стажировкага юборилган ёш олимлар учун яратиб берилган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасида Беларусь Фанлар академияси билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот муассасаларида қўшма илмий лабораториялар ташкил этишга келишиб олинди. Қўшма лабораторияларнинг ташкил этилиши мавжуд илмий ва инновацион салоҳиятдан тўлиқ фойдаланган ҳолда ҳамкорликда рақобатбардош илмий ишланмаларни яратиш имконини беради.

Аввал хабар берилганидек, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташаббуси билан мамлакатимизнинг 100 нафарга яқин ёш олимлари ва 30 нафарга яқин олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проекторлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосарлари Беларусь Республикасида қисқа муддатли илмий стажировкани ўтамоқдалар.

Илмий стажировка Беларусь Фанлар академиясининг илмий муассасаларида ҳамда ушбу мамлакатнинг 16 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасаларида амалга оширилмоқда.

 

Фото: Беларусь Фанлар академияси Президиуми раиси Владимир Григорьевич Гусаков билан Инновацион ривожланиш вазирлигининг масъул ходимлари