Янгиликлар

Ҳар бир вилоятга Ёшлар академияси вакили тайинланади  

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясига кенг жамоатчиликни жалб этиш, республикада фаолият юритаётган ёш олимларни академия фаолияти билан таништириш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилнинг 30 январь куни Навоий кон-металлургия комбинати фаол ёшлари ва етакчилари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳамда Илғор технологиялар маркази вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида Ёшлар академиясининг асосий фаолияти, ташкил этилишдан мақсади ҳамда академия олдида турган асосий вазифалар бўйича маълумот берилди. Шунингдек, вазирлик томонидан эълон қилиб бориладиган илмий-техник лойиҳалар танловларида иштирок этиш ва лойиҳаларни топшириш тартиби ҳақида сўз юритилди. Илғор технологиялар марказида ташкил этилган “C.A.T. Science Accelerator” илмий акселерация дастурининг иккинчи босқичига аризалар қабули давом этаётгани ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида 2021 йилда вилоятда “Ёшлар технопарки”ни ташкил қилиш, жорий йил март ойида “Навоий вилоятини инновацион ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида конференция, вазирлик ташаббуси билан “Ёш инноваторлар” кўрик танловини ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Навоий кон-металлургия комбинати фаол ёшлари ва етакчилари томонидан соҳани ривожлантиришга йўналтирилган амалий, инновацион лойиҳаларни ривожлантириш бўйича берилган саволларга тўлиқ жавоб берилди ҳамда келгусида Академияда илмий фаолиятни ривожлантириш хусусида ишлар белгилаб олинди.

Шу кунгача бундай учрашувлар Урганч, Мўйноқ, Нукус ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтди.

— Ёшлар академияси республикамизнинг ҳар бир ҳудудида фаолият юритиши керак. бу масалани ҳал этиш учун ҳар бир вилоятда ўз вакилимизни тайинлашни режалаштирганмиз, — деди Инновацион ривожланиш вазирлиги Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқарма бошлиғи Фирдавс Нематзода.