Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳудудий бошқармалари бошлиқлари тайинланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1.04.2021 й.даги «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ҳудудларда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар инновацион ривожланиш бошқармалари ташкил этилиши кўзда тутилган. Шу муносабат билан Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари тайинланмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳудудий бошқармалари вазирликка юклатилган асосий вазифалар ва функцияларнинг ҳудудлардаги ижросини таъминлайдилар. Ҳудудий бошқармалар томонидан шакллантирилган илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ҳудудий бошқармалар зиммасига юклатилади. Шунингдек, ҳудудлардаги илм-фан ва инновацион фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Инновацион фаолият ва технологиялар трансфери марказлари фаолияти мазкур ҳудудий бошқармалар томонидан мувофиқлаштирилади.

Каюпов Нурсултан Сакенович Қорақалпоғистон Республикаси Инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Нурсултан Каюпов1991 йили Нукус шаҳрида туғилган. 2014 й или Тошкент давлат техника университети бакалавриатини ва 2016 йили Тошкент давлат техника университети магистратурасини тугатган. 2018 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Иқтисодиёт реал секторига инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш бўлими етакчи мутахассиси лавозимида фаолият юритиб келган.

Наимов Азамат Ҳикматович Бухоро вилояти Инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Азамат Наимов 1993 йили Бухоро шаҳрида туғилган. 2015 йил Бухоро давлат университетининг бакалавриатини ва 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Банк-молия Академиясининг магистратурасини тамомлаган. Шу пайтга қадар Бухоро вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.