Янгиликлар

«Инновация марказлари – инновациялар катализатори» мавзусидаги онлайн семинарда иштирок этинг!

2021 йил 10 май куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Германия Федерал Иқтисодиёт ва энергетика вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистонда замонавий инновацион марказларни яратиш бўйича онлайн тадбир ўтказилади. Семинар Германия ва Ўзбекистонда технологиялар, стартап ва инновацион марказларни яратиш бўйича тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ҳудудлар, университетлар ва ташкилотларнинг ихтисослашган соҳаларига йўналтирилган мазкур марказлар бизнес, тадқиқот ва таълимни боғловчи кўприк бўлиб хизмат қилади. Семинарда Ўзбекистонда инновацион марказларни яратишнинг самарали усуллари ва воситаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Тадбирда Халқаро ҳамкорилк бўйича Германия жамияти (GIZ) ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида Инновацион марказларни ривожлантириш ва бошқариш соҳасида Германия тажрибасини қўллаш бўйича қўшма лойиҳани бошлаш учун ўзаро Англашув Меморандуми имзоланиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида 15 нафар ўзбекистонлик инновация соҳасидаги мутахассислари Германияга малака оширишга юборилади. Экспертларни саралаш бўйича танлов 2021 йилнинг ёзида ўтказилади.

Технологиялар, стартап ва инновациялар марказлари федерал уюшмаси (BVIZ) раиси Андреа Глазер хоним Германиядаги турли йўналишларга эга бўлган бир қатор инновацион марказлар фаолиятини таҳлил қилиб, янги марказларни ташкил этиш имкониятлари ҳақида умумий маълумот беради. Халле Технологиялар ва стартаплар маркази вакили марказ муваффақияти тарихи билан ўртоқлашади.

Семинарда Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари проректорлари, инновация марказлари, саноат палатаси раҳбарлари, ўз инновацион марказларига эга компаниялар вакиллари таклиф этилади. Шунингдек, Германия Федерал Иқтисодиёт ва энергетика вазирлигининг менежмент бўйича ўқув дастурининг битирувчилари ҳам иштирок этади.

 

Ҳавола: https://zoom.us/j/91524375090