Янгиликлар

Оҳангарон туманини инновацион ҳудудга айлантириш ишлари амалга оширилмоқда

Тошкент вилояти Оҳангарон туманини инновацион ҳудудга айлантириш доирасида жами қиймати 2,8 млрд. сўм бўлган 5та лойиҳа амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда мазкур инновацион лойиҳаларни фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга бириктириш ва ишларни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Оҳангарон туман ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан йиғилишга ташриф буюрган фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар шарт-шароитлари ўрганиб чиқилди ҳамда мақбул деб топилган фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиш мақсадида бириктирилди.

Хусусан, «Омухта ем ва емга қўшимчаларни ишлаб чиқариш билан чорва озуқа базасини яхшилашга эришиш» лойиҳаси тумандаги «Оҳангарон Рустам Агро» МЧЖга бириктирилди ва ушбу бириктирилган жамият ҳудудига чиқиб, шарт-шароитлар кўздан кечирилди. «Оҳангарон Рустам Агро» ташкилотига тегишли 70 гектар майдон мазкур лойиҳани амалга ошириш учун ажратилди. Лойиҳа омухта-ем ва емга қўшимчаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали гўшт нархини барқарорлаштиришга қаратилган. Маҳсулот ичкир бозорга ва экспортга мўлжалланган бўлиб, 1 гектак ердан йилига 25-30 тоннагача тайёр маҳсулот олиш мақсад қилинган.

Шунингдек, «Меринос» зотли майин жунли қўйлар олиб келиш ҳамда жайдари қўйларни чатиштириш ва сунъий уруғлантиришни йўлга қўйиш» лойиҳаси «Холтўраев Ойбек ХМ» Ф.Х, «Қизил Боур» Ф.Х, «Оҳанг Абдуллаев Абдурауф» фермер хўжаликларига; «Чорва моллари учун ноанъанавий усулда силос етиштириш» лойиҳаси «Мирзали ота» фермер хўжалигига; «Туманда касалликлар ва зараркунандаларга чидамли озуқабоп лавлагининг «Ўзбекистон-83» навини экиш ва кўпайтириш» лойиҳаси Оҳангарон тумани «Мирзолим ота» Ф.Х, «Улуғ нур» Ф.Х, «Бест метал конструкция» МЧЖ, «Темир қадам дилкушо» фермер хўжаликларига; «Туманда лалмикор ва сув танқис ҳудудларда қашқарбедани бошоқли экинлар билан аралашма ҳолда етиштириш технологиясини жорий этиш» лойиҳаси эса Оҳангарон тумани «Асл Абдуғани хожи ота» фермер хўжалигига бириктирилди.

Замонавий илм-фан ютуқларини амалга жорий этишган қаратилган мазкур лойиҳалар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва унумдорлигини ошириш, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, ҳосилдорликни ошириш, ҳудуднинг табиий шароитларига мос равишда чорвачилик ва деҳқончиликни ривожлантиришга хизмат қилади. Оҳангарон тумани тажрибаси келгусида Тошкент вилоятининг бошқа туманларига ҳамда бутун республикамиз бўйлаб татбиқ этилади.