Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири «Олтиариқ қурилиш» инновацион маркази фаолияти билан танишди

2021 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ташкил этилган «Олтиариқ қурилиш» инновацион марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида вазир мазкур объектда амалга оширилаётган инновацион ва стартап лойиҳалар, уларнинг бажарилиш ҳолати билан танишиб чиқди. Ташриф мобайнида тадбиркорлар ва ёш ижодкорлар вазирга ўзларнинг лойиҳалари, ишланмалари ва янги ғоялари тақдимотини қилиб беришди. Ҳар бир лойиҳа муаллифи билан суҳбатлашиш жараёнида вазир уларнинг ахборотларини тинглар экан, ҳар бир ишланманинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, амалга ошириш истиқболлари, муаллифнинг ушбу ишланмадан кўзланган мақсадига эришиш йўлларини чуқур таҳлил қилиб беришларига эътибор қаратди.

Ташриф давомида Инновацион ривожланиш вазири хусусан «Олтиариқ» бренди остида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган инновацион плуг, шу ҳудудда бунёд этилиши кўзда тутилган инновация маркази, «Ёшлар дам олиш маскани», «Инновацион иссиқхона», «Биогумус ишлаб чиқариш», «Саноат ускуналари учун қолип тайёрлаш дастгоҳи», «Кўчма инновацион светофор», «Узум шинниси тайёрлаш» бўйича лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Муаллифлар билан батафсил суҳбатлашди. «Ёшлар дам олиш маскани», «Маҳаллий хом ашёдан ўтга чидамли ғишт ишлаб чиқариш» цехи, «Автомобиллар ҳаракати ёрдамида ток ишлаб чиқариш генератори» лойиҳалари бўйича амалга оширилган ишларни бевосита жойида кўриб чиқилди.

Вазир ҳар бир лойиҳанинг аҳамияти ва камчилик ва ютуқли томонларига алоҳида тўхталган ҳолда, уларни амалга ошириш жараёни, камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ижодкор ва ташаббускор ёшларга, лойиҳалар муаллифларига ўз маслаҳатларини берди.

Ташриф давомида мазкур ҳудудда амалга оширилиши бўлган ишларнинг кўлами кенглиги, бу ерда ҳали анчагина кўп меҳнат қилиш кераклиги, лойиҳа муаллифлари ҳамда вазирлик ўртасида амалий-инновацион ҳамкорлик ишларини янада жонлантириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.