Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири «Ёшлар инновация маркази»га ташриф буюрди

2021 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Фарғона вилоятидаги «Ёшлар инновация маркази»га ташриф буюрди. Ташриф давомида вазир «Ёшлар инновация маркази»да амалга оширилаётган инновацион ва стартап лойиҳалар, уларнинг бажарилиш ҳолати билан танишиб чиқди. Ҳар бир лойиҳа муаллифи билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг ҳисоботларини тинглади, ишларни бажариш жараёни, камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

«Ёшлар инновация маркази» ДУК 2018 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 октябрдаги №832-сонли Қарори асосида ўз фаолиятини бошлаган. Марказ Фарғона шаҳар, Фарғона кўчаси, 84-уйда, собиқ Қиргули қурилиш-саноат коллежи асосий биносининг 1-қаватида жойлашган бўлиб, бинода 580 миллион сўмликдан зиёд ҳажмда таъмирлаш-реконструкция ишлари амалга оширилган. Реконструкция натижасида марказ фаолиятини олиб бориш учун еттита хонадан иборат жами майдони 447.7 м2 бўлган хоналар тайёрланган. Ушбу хоналар замонавий кўринишда таъмирланиб, «Коворкинг маркази», «Инновацион ғоялар ва лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш жамғармаси», «Архитектура-лойиҳалаш бюроси», «ОТМлараро илмий-тадқиқот лабораторияси», «Ахборот-технология маркази» деб номланган. Хоналар ва марказ биноси замонавий жиҳозлар билан инновацион дизайн асосида жиҳозланган.

Марказ ишчи ходимлари, Фарғона вилояти Инновация бошқармаси ходимлари билан учрашув ўтказиб, уларга марказни ташкил этишнинг асл мазмун-моҳияти, унинг минтақада инновацияларни ривожлантиришда тутган ўрни, олдига қўйилган вазифалар тўғрисида яна бир бор эслатиб ўтди ҳамда марказ ва бошқарма ходимларининг фаолиятларига муваффақиятлар тилади, ишни самарали ва тўғри йўлга қўйиш бўйича қимматли маслаҳатларини бериб ўтди.

Ташриф давомида Марказнинг кўргазмалар залида вилоятдаги ҳамда минтақадаги иқтидорли талабалар, мактаб ўқувчилари, ёш олимлар ва тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан яратилган 20 дан ортиқ янги инновацион маҳсулотлар, товар намуналари, дастурий таъминот маҳсулотлари, истиқболли лойиҳалар ва илмий ишланмалар кўргазмаси ташкил этилди. И. Абдураҳмонов «Ёшлар инновация маркази» ДУК базасида амалга оширилаётган 5 та стартап лойиҳаларнинг бориши билан, Фарғона политехника институти профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари, вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан тақдим этилган янги лойиҳалар билан танишиб чиқди. Лойиҳалар билан танишиш давомида вазир ўз ишланмаларини ҳаётга татбиқ этаётган ёш олимлар, тадбиркорлар, талабалар ва ўқувчиларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат ўтказиб, уларнинг ишланмалари билан ҳар томонлама, чуқур танишиб чиқди. Истиқболли, инновацион ишланмаларни ва лойиҳаларни ҳаётга табиқ этиш бўйича тегишли кўрсатмалар бериб ўтди.

Ташриф давомида вазир Марказ доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган янги лойиҳалар билан танишиб чиқди, лойиҳа муаллифлари ҳамда марказ ўртасида амалий-инновацион ҳамкорлик ишларини янада жонлантириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.