Янгиликлар

Коронавирусга қарши Ўзбекистон олимлари томонидан яратилаётган 2 вакцина ЖССТ номзод-вакциналар рўйхатига киритилди

Ўзбекистон Республикаси олимлари томонидан яратилаётган икки вакцина – Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг коронавирус  S оқсили асосидаги рекомбинант вакцинаси  ҳамда Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика марказининг SARS-Cov-2нинг оқсил бўлагининг уч соҳаси: pcDNA3. 1 (+) плазмидасига қўйилган NTD, RBD ва HR1-HR2 вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг номзод вакциналар рўйхатига киритилди. Мазкур икки вакцина ҳозирда клиник олди синовларидан ўтмоқда.

ЖССТнинг маълумотлар базаси COVID-19 вакцинасига қарши вакцина-номзодлари тўғрисида тўлиқ маълумотларни йиғиб боради. Мазкур база мунтазам равишда – ҳафтасига икки марта янгиланади. Унда COVID-19га қарши номзод-вакциналарнинг клиник ва клиник олди жадвали келтирилган бўлиб, номзод-вакциналарни таҳлил қилиш имкониятини беради. Ҳар бир вакцинанинг 1-фаза, 2-фаза ва 3-фаза синовлари кузатилади. Вакциналарнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги тўғрисидаги илмий мақолаларга ҳаволалар берилади. Шунингдек, бу база ҳар бир номзод-вакцинанинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Ўз навбатида мазкур платформа орқали COVID-19 қарши яратилаётган вакциналар турли критерийлар, хусусан вакцина платформаси, вакцинация графиги, қўллаш усули, ишлаб чиқарувчиси, синов фазаси, клиник натижалар бўйича таснифланган.