Янгиликлар

Тақдимот: “Финляндиянинг 100 та ижтимоий инновацияси” ўзбек тилида

Жорий йилнинг 29 ноябрь куни ўзбек тилида чоп этилган “Финляндиянинг 100 та ижтимоий инновацияси” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мария Лиивала, Инновацион ривожланиш вазирининг Юқори мартабали маслаҳатчи Карстен Хайнц, китоб муаллифи Илкка Тайпале, ёш тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар, китобсеварлар иштирок этди.


Китоб Рустамжон Сувонқулов таржимасида “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан нашр қилинган бўлиб, кенг жамоатчиликка мўлжалланган.
Сўзга чиққанлар Тайпале китоби Ўзбекистонда ҳам кенг аудиторияга эга бўлишини таъкидлашди. М.Лиивала сўзга чиқиб, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи, жумладан, Финляндия муносабатлари барқарор ривожланиб келаётгани, кейинги йилларда бу муносабатлар янги поғонага кўтарилгани алоҳида қайд этилди. Ушбу давлат бундан 50 йил бурун Европадаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири эди.

Бироқ финлар ривожланишда миллий қадриятларга таянди ҳамда энг илғор ғояларни ҳаётга жорий этишдан чўчимади. Жамиятдаги тенглик, ўзаро ишонч, келажакни ҳамжиҳат бўлиб яратиш иштиёқи бугунги муваффақиятларнинг бош омили бўлди. Ҳозир бу мамлакат тараққиётига ҳар қандай давлат ҳавас қилса арзийди дея тақдимотини маросимини очиб берди.


Илкка Тайпале ўз навбатида Ўзбекистонда улкан янгиланишлар кечаётганига гувоҳ бўлганини таъкидлади. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам ўз тараққиётида инновацияларга устуворлик бераётгани, бу саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини беришини қайд этди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, “Финляндиянинг 100 та ижтимоий инновацияси” 50 тилга таржима қилинган бўлиб ва турли тилларга таржима қилиш бўйича финларнинг “Калевала” эпосидан кейин иккинчи ўринда туради.