Янгиликлар

"Мен севиб ўқиган мақолалар муаллифи кун келиб устозим бўлиши хаёлимга ҳам келмаган"

Иброҳим Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, генетик олим, Бутунжаҳон Фанлар академияси аъзоси, академик:
 
– 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни. Бу кун биз учун оилавий байрам, негаки ўқитувчи оиласида улғайганмиз. Отам, опам, синглим мактабларда ўқитувчилик касби билан машғул, оиламизнинг бошқа аъзолари олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият юритади.
 
Устозлар байрами арафасида тақдир мени устозим билан қандай таништиргани ва бу тасодиф бўлмаганини эсладим. Албатта, мени биология фанига етаклаб, дастлабки билим берган устозим отам – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Йўлчибой Абдураҳмонов бўлсалар-да, катта илм йўлида тақдир мени роса сийлади, мен академик Абдусаттор Абдукаримов илмий мактабларида улғайдим, устоздаги ватанпарварлик, юртга садоқат, ҳалоллик, илмга интилувчанлик, шижоат ва сабр-тоқатни ўрганишга ҳаракат қилдим.
 
У пайтлари ўзини зиёлиман деган одам уйида китоб йиғиш баробарида қатор газета-журналларга обуна бўларди. Мен дадам оладиган “Фан ва турмуш” журналини севиб ўқирдим. 
 
Айнан шу журналдан биологияга доир янгиликларни билардик, хусусан ген инженерияси тўғрисидаги мақолалар билан ҳам илк бор шу нашр орқали танишгандик. Ген инженерияси ҳақидаги мақолалар муаллифи академик Абдусаттор Абдукаримов кейинчалик менинг устозим бўлишини, албатта хаёл ҳам қилмасдим...
 
Мен саккизинчи, опам ўнинчи синфда ўқиб юрган кезларимиз иккимиз ҳам биология бўйича туман олимпиадасидан ўтиб, вилоят олимпиадасига йўлланма олдик. 
 
У пайтлари фан олимпиадаларда таниш-билишчилик авж олган, билим билангина бирор натижа кўрсатишга ҳеч ким ишонмасди. Аммо ўша йили биология бўйича республика олимпиадаси раиси Абдусаттор Абдукаримов (кейин билсам, янги тайинланган эканлар) танловнинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида комиссия қўлидан ўтган саволларни эмас, балки фақат ўзлари биладиган янги саволларни барча вилоятларга имтиҳон кунини эрталаб тарқатган эканлар. Шу туфайли аввалдан тайёрланган ўқувчилар эмас, опам иккимиз вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритдик. Бу анча катта ютуқ эди ва биз атрофдагиларни “булар республика олимпиадасида вилоят жамоасини” натижасини таъминлаб бера олмайди, деган норози кайфиятларига қарамасдан республика олимпиадасига йўл олдик.
 
1990 йил, Самарқанд. Биология бўйича республика олимпиадаси. Олимпиада раиси имтиҳонлар ўтказилаётган ҳовлидаги иштирокчиларни кўргазмаларини кўриб, айланиб юраркан, норози бўлиб йиғлаётган қизга эътибори тушади. Бу менинг опам. Олдида мен ҳам хафа бўлиб турибман. Опам кўз ёшини тўхтатолмаслигининг сабаби – комиссия аъзолари қўйган “номуносиб” баҳо. Шунда домла сўроққа тутди, опам ген инженерияси ҳақидаги реферати тақдимотидан кейин берилган саволга тўғри жавоб берганини, аммо унга ноҳақлик қилишганини ҳиқиллаб сўзлаб бериб, ўзи тайёрлаб келган рефератни кўрсатди. 
 
Домла мактаб дастурида кенг ёритилмаган мавзуни биладиган қизга яна саволлар бердилар-у, не ажабки, опамнинг баҳоси “беш”га айланди. Мен ҳам “беш” олдим. Ўша йили опамга ҳам, менга ҳам республика олимпиадасида 3-ўрин беришди. Ана энди ҳаяжонни кўраверинг. Опам битирувчи синф бўлгани учун университетга имтиҳонсиз қабул қилинди.
 
Бу муваффақият мени илҳомлантирди. Бунинг устига, устозга нисбатан кучли меҳр уйғонди. У кишининг қарашлари, гапириш оҳанги, мақтовлари, масалага ўта жиддий ва ҳалоллик билан ёндашувлари... Хуллас, энди устознинг сиймоси кўз олдимдан кетмас, дунёда ҳақиқат борлигига ишончим пайдо бўлган, чекка қишлоқдаги болалар ҳам катта марраларга эришиши мумкинлиги кўнглимни ёритганди. 
 
Энди олдимга мақсад қўйдим: кейинги йил учинчи эмас, биринчи ўрин оламан! Шундай бўлди ҳам. Кейинги йил республика босқичида биринчи ўринни олиб, Челябинскда ўтказилган Бутуниттифоқ олимпиадасида ҳам иштирок этиб қайтдим. Анча билим тўпладим, ўзимга ишончим ошди.
 
11-синфда пайтим аввалги йилдаги республика олимпиадаси ғолиби сифатида туман ва вилоят босқичларидан ўтмасдан республика олимпиадасига имтиҳон топширгани Қашқадарёга бордим. 
 
Ана шу жойда "томошанинг каттаси" бошланди-ку! Таомилга кўра барча олимпиадага келган ўқувчиларнинг гувоҳномасига раис имзо чекиши керак экан. Тақдир ҳазилими ёки атрофдагиларники билмадим, шунча иштирокчини ичида битта менинг гувоҳномамга имзо қўйилмасдан қолган экан, буни сезмабман. 
 
Ёзма имтиҳондан ўтдим. Оғзаки имтиҳонга келганда домла имтиҳонни ўзлари олдилар. Саволга жавоб бериш учун чақирдилар, ҳужжатимни узатгандим, бирдан домланинг кайфиятлари тушиб кетди – ахир, ҳужжатда имзолари йўқ-да! Ноҳақликка чидамайдиган домла “Кимнинг ўрнига кирдинг? Нечанчи курс талабасисан?” деб қаттиқ сўроққа тутдилар. Ўзимни оқлаш кор қилмади, имтиҳондан чиқариб юборишди...
 
Бировнинг ўрнига биров кириб имтиҳонга топширганларга қарши ашаддий курашувчи устознинг шарофати билан дарров ҳамма натижаларим бекор қилинди. Аммо мен ҳам қайсарликда устоздан қолишмадим — имтиҳон бўлаётган хонанинг эшигини тагига ўтириб олдим. Имтиҳонлар тугаб, барча ўқувчилар чиқиб кетса ҳам кетмайман, қоронғи тушса ҳам жойимдан қимирламайман. Кетавермаганимдан кейин устоз домлалардан бирини ўтган йилги ва бу йилги олимпиада ҳужжатларини олиб келишга жўнатдилар. Меҳмонхона узоқ эканми, анчадан кейин ҳужжатлар ҳам етиб келди. Хайрият, ҳужжатларда борман!
 
Шубҳага ўрин қолмаганидан сўнг Абдусаттор Абдукаримовнинг ўзлари мени савол-жавоб қилиб, “аъло” баҳо қўйдилар, биринчи ўринни олдим ва Тошкентга борганингда, албатта, менга учраш, деб тайинладилар.
 
Тўғриси, домлага берган ваъдам туфайли кўпчилик истагандек тиббиёт олийгоҳига эмас, биология факультетига кириб ўқидим. Биринчи курсдаёқ домланинг олдиларига бордим ва уларнинг лабораторияларида лаборант бўлиб ишлай бошладим. Кейинчалик домлам хорижга ўқишга киришимда ҳам, у ерга кетишимда ҳам хайрихоҳлик кўрсатиб, қўллаб-қувватлади. 
 
Америкада қолиб кетмаслигим кераклигини, юртга, албатта, қайтиб келиб, у ерда олган билимларим билан ватанимиз учун хизмат қилишим кераклигини қулоғимга қуйдилар. У киши билим бериш, тажриба орттиришим учун шароитлар яратиб беришдан ташқари, қийналган пайтларим молиявий жиҳатдан ҳам ёрдам берардилар. Тушкунликка тушган пайтларим кўнглимни кўтариб, яна-да кўпроқ ишлашга, шижоатли бўлишга ундардилар.
 
 2008 йил, Хитой, Нанкин шаҳри, устоз ва шогирд илмий анжумандан сўнг.
Дарвоқе, менинг устозим ҳам жуда катта олимлар — академиклар Юрий Овчинников, Обид Содиқов, Ёлқин Тўрақуловнинг шогирди бўлган. Мен эса фанда биринчи марта тиреоид гормонлар рецептор оқсилини топган ва Ўзбекистонда генлар инженерлиги соҳасининг асосчиси Абдусаттор Абдукаримовнинг энг кенжа шогирди эканимдан ҳамон фахрланаман. Устозим босиб ўтган йўл, уларнинг илм-фани йўлидаги машаққатли меҳнатлари ҳақида гапирсак, аслида, катта китоб бўлади...
 
Бу байрам устозларнинг ва устоз кўрган ҳар бир инсоннинг байрами. Буюк устозларга шогирд бўлиш бахтини туйганларнинг байрами! Устозларимиз омон бўлишсин!