Янгиликлар

Мустақилликнинг 28 йиллиги муборак бўлсин!

Ватанимизда улкан бунёдкорлик ишлари, турли соҳаларда ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, ижодкорлик потенциали кундан кунга ўзини намойиш этмоқда. Инсон шуури, иқтидори қадр топаётган замонамизда яшаш, яратиш, меҳнат қилиш, ўсиш, юксалиш бахти бизу сизга аталган экан, бу имкониятлардан фойдаланиш, ғайрат ва шижоат билан шиддатли рақобат майдонида давлатимиз равнақига хизмат қилиш бахтига муяссармиз.

Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг инновацион ривожланиш стратегиясида инсон капитали, унинг ижодий ва интеллектуал салоҳияти жамиятимизнинг тараққиёт қуввати экани белгиланган. Бугунда инновацион фикрлашни шакллантириш алоҳида назарий ва амалий аҳамиятга эга. Замонавий дунёда юқори технологиялар рақобатбардошликнинг асоси саналади. Айнан шунинг учун ҳам инновацион ривожланиш Ўзбекистон учун ўта муҳимдир.

Ҳодисалар ва ва муаммоларнинг илдизини кўра биладиган, қўйилган вазифаларнинг янги, ноодатий ечимларини топа биладиган, ўз фаолиятида хатоларга камроқ йўл қўядиган, ҳар қандай қийин вазиятда ҳам тўғри қарор чиқара биладиган кадрлар мустақил юртимизнинг инновацион тафаккурини яратади. Инсон капиталини ўзида мужассам этадиган омиллар ­— тафаккур, ғайрат ва шижоат ҳамда Ватанга садоқат ҳеч биримизни тарк этмасин! Олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз сари ҳаракатларимиз самарали бўлсин, илм-фандаги ютуқларимиз халқимиз фаровонлиги, бахту иқболига хизмат қилсин!

Иброҳим Абдураҳмонов,
Инновацион ривожланиш вазири