Янгиликлар

“Мўйноқ” илмий-ишлаб чиқариш участкасида шўр ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар етиштириш ишлари амалга оширилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари А.Назаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлди.

28 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг Мўйноқ туманида жойлашган илмий ишлаб чиқариш станциясида олиб борилаётган ишлар билан танишилди.

Муйноқ тумани ҳокимининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори асосида “Тик-ўзак” ОФЙ ҳудудидаги захира ер майдонларидан 20,3 га ер 30 йил муддатга ижарага ажратиб берилган.

Умумий ажратилган 20,3 га ер майдоннинг 18,7 гектари ҳайдаладиган ер майдонлари ҳисобланиб, қолган 1,0 гектари суғориш учун мўлжалланган (ариқлар, зовурлар, йўллар) ва 0,6 гектари қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлар тоифасига киради. Ажратилган мазкур ер майдонлари кўп йиллардан буён деҳқончиликда ишлатилмаганлиги сабабли, ушбу майдонларни юлғунзорлар босиб, деҳқончилик қилиб бўлмайдиган аҳволда эди.

Бугунги кунда юқорида қайд этилган 18,7 гектар ерлар тўлиғи билан юлғунзорлардан тозаланиб, текисланиб экишга яроқли ҳолатга келтирилди. Хусусан, 14,7 гектар ерга шўр ва қурғоқчиликка чидамли ўрмон ўсимликлари ҳамда қишлоқ хўжалик экинларининг уруғлари экилиб, ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилган. Шундан 3,6 гектар ер майдонига чўл ўсимликлари (12 тур), 4,37 гектар ер майдонига манзарали дарахтлар, бута ва гуллар (23 тур), 2,25 гектар майдонга Қорақалпоқ деҳқончилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда синов-тажриба ўтказиш мақсадида мойли экинлар (кунгабоқар, кунжут ва жўхори) экилган. 2,0 гектар ер майдонга эса “Amarand-stevia Muynak“ МЧЖ Бердах номидаги Қорақалпоқ давлат Университети ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педогогика институтининг олимлари билан биргаликда синов-тажриба ўтказиш мақсадида озуқабоп ўсимликлар (квиноя, амаранта ва расторопша) етиштирмоқда. 1,5 гектар майдонга Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали олимлари билан биргаликда синов тажриба ўтказиш мақсадида полиз экинлари (қовун, лавлаги), 1,0 гектар ер майдонда илмий-тажриба мақсадида доривор ширинмия (лакрица) ўсимлиги қаламчаларидан экилди.

Бундан ташқари та 1,9 гектар ер майдони “My gardenin the Aral Sea” (Орол денгизидаги менинг боғим) агро-экотуризм бўйича инновацион лойиҳасини ҳамда 3,6 га ер майдони “Арборетум” дендрологик боғини яратиш бўйича инновацион лойиҳани амалга ошириш учун ажратилди.

29 август куни ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти билан танишдилар. Марказнинг Нукус туманида янги биноси қурилиши кўздан кечирилди.

А. Назаров Марказ ходимларини вазирлик раҳбарияти ва ходимлари номидан мамлакатимизнинг мустақиллик байрами табриклади.