Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ЮНИСЕФ билан рақамли технологиялар ва блокчейн соҳаларида ҳамкорликка келишди

2020 йил 28 январь куни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Туйчиев ЮНИСЕФнинг инновациялар бўйича бош маслаҳатчиси Кристофер Фабиан билан учрашди. Учрашувда Ёшлар иттифоқи раисининг ўринбосари Фаррух Омонов, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсат раҳбари Юлия Олейник ва Ўзбекистондаги “Ёшлар овози” лойиҳаси раҳбари Инна Волфсон иштирок этдилар.

Учрашувда томонлар инновацион ривожланиш, ёш олимларни ва уларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатнинг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолининг таълим ва робототехника соҳасидаги замонавий технологиялардан фойдаланишини таъминлаш бўйича истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишди.

Хусусан, ЮНИСEФнинг инновациялар бўйича бош маслаҳатчиси, Блокчейн технологияларини давлат хизматлари тизимига интеграциялаш бўйича мутахассиси Кристофер Фабиан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан иқтисодиётни рақамлаштириш ишлари ҳамда давлат томонидан тақдим этилаётган барча турдаги ижтимоий хизматлар бўйича самарали ва ўз вақтида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берди.

Шунингдек, О.Тўйчиев Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси платформаларида Ўзбекистоннинг ёш олимларини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. ЮНИCЕФ имкониятлари ва механизмлари ёрдамида ёш истеъдодлар орасида мазкур платформалар имкониятларини кенг ёритиш учун ЮНИCЕФ билан ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Республикасида таклиф этилаётган давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга, шунингдек, давлат секторида Блокчейн воситаларидан фойдаланиш истиқболларини ўрганишга биргаликда ҳисса қўшишга келишиб олдилар.