Янгиликлар

Хорижий грант дастурлари: аризаларни тайёрлаш ва ҳаракатларни тизимлаштириш

Жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан “Хорижий грант дастурлари: аризаларни тайёрлаш ва ҳаракатларни тизимлаштириш” мавзусидаги икки кунлик семинарнинг биринчи куни бўлиб ўтди. Семинарда олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар, вазирлик мутахассислари иштирок этдилар. Семинарни GETTECH компанияси ҳамкори, ЕТТБ халқаро маслаҳатчиси, CRDF Global эксперти Сергей Макаров ҳамда БМТТД Иқлим ўзгариши дастури мутахассиси Раъно Байханова ўтказдилар.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2020 йил давомида Илмий-техник ахборот маркази негизида хорижий экспертларни таклиф этган ҳолда илмий лойиҳаларни молиялаштиришнинг хорижий грант манбаларини излаш бўйича илмий ташкилотлар фаоллигини ошириш мақсадида бир қатор ўқув-семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

Кенг қамровли ўқув дастурини амалга ошириш давомида маҳаллий олимларга шу соҳадаги зарур билимларни олишлари учун платформа яратилади. Ҳар бир илмий ташкилотга хорижий грант манбаларини излаб топиш ва лойиҳа аризаларини тайёрлаш бўйича битта масъул ходим тайинланади. Илмий-техник ахборот маркази мазкур платформанинг модератори сифатида фаолият юритади.

Таълим дастурини амалга оширишда АҚШнинг Gettech LLC консалтинг компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, мазкур компания ҳукуматлар, корпорациялар, стартапларнинг стратегияларини шакллантириш, инновацияларни бошқариш ва технологиялар трансфери бўйича консалтинг ва экспертиза хизматларини кўрсатади. GetTech ҳамкорлари илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳаларини бошқариш, инвестициялар ва инновацияларни бошқариш, битимлар тузиш, венчур жамғармаларини шакллантириш, МДҲ ҳудудларида миллий компаниялар, саноат ва ҳукуматлар ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда 30 йилдан ортиқ тажрибага эга.

Бир йил давомида яратилган платформа негизида доимий асосда муаммоли масалалар жамланади ва ўқув семинарлари (тренинглар)нинг тегишли дастурлари ишлаб чиқилади. Ҳар бир семинар якунида ҳар бир илмий ташкилот учун аниқ ҳаракат режалари ишлаб чиқилади.

— Жаҳон илмий ҳамжамиятига илм-фан тарихи 1000 йилдан ортиқ бўлган мамлакатни интеграция қилмаслик кечирилмас хато бўлади, — дейди Сергей Макаров. — Ҳозирда бундай интеграция учун маҳаллий мутахассисларни грант аризаларни ёзиш бўйича кўникмаларини ривожлантиришнинг ўзи кифоя.

Таъкидлаш жоизки, грантлар бу совға, хайр-эҳсон ёки маош эмас, бу олимлар томонидан жамиятдаги, иқтисодиётдаги айрим муаммоларни ҳал этишга, инсонлар ҳаёти сифатининг ошишига хизмат қилувчи ечимларни берилиши учун тақдим этиладиган беғараз молиявий манба. Грантларни олиш, улардан фойдаланиш юртимиз илм-фанининг глобал миқёсда ўсишига олиб келади. Грантлар, ўз навбатида,маълум масалаларнинг ечимини тақдим этишда олимлар томонидан зудлик билан “лаббай” деб жавоб бериш кўникмасини шакллантирувчи ресурс бўлиб ҳам хизмат қилади.

Семинар эртага ўз ишини давом эттиради.

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати